Бизга боғланинг
Рамазон суҳбатлари/Усаймин
Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Муҳаммад Исмоил Охун таржимаси
Биринчи суҳбат
Рамазон ойининг фазилатлари
Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
Азиз биродарлар! Дарҳақиқат, бизларга улуғ ой, қимматли фурсат ташриф буюрди. Бу ой чексиз ажр-мукофотлар бериладиган, ҳар бир яхшилик истовчига яхшилик эшиклари очиладиган, хайр-баракот ойидир. «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас сизлардан Ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз (Бақара-185).
Бу ой раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлишдек неъматлар билан ўралган бўлиб, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлишдир. Бу ой фазилати хақида хабарлар машҳур, асарлар мутавотирдир. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойи келганда Жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади». Бу ойда солиҳ амаллар кўп бўлиши ва амал қилувчиларга тарғиб бўлиши учун жаннат эшиклари очилади, аҳли иймон тарафидан гуноҳлар кам содир этилиши боис дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар ҳам занжирбанд қилиниб, бошқа ойларда эга бўлган эркинликларга бу ойда эга бўла олмайдилар.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Менинг умматимга Рамазон ойида аввалги умматларга берилмаган беш хислат берилади:
1) Рўзадор оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида миск (мушки анбар) ҳидидан ҳам хушбўйроқдир;
2) Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар;
3) Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар»;
4) Бу ойда шайтонларнинг катталари занжирбанд қилиниб, бошқа ойлардаги эркинликларига эга бўлолмайдилар;
5) Охирги кечада уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади».
«Эй Росулуллоҳ! У кеча Қадр кечасими?», деб сўралди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, қачон амал қилувчи амалини тугатгач, шунда унинг ажри (иш ҳақи) тўлиқ қилиб берилади».
Азиз биродарлар! Бу беш хислатни Аллоҳ сизлар учун сақлаб, бошқа умматлар орасидан сизларни улар билан хослаб, неъматини сизларга тўлиқ қилиб берди. Аллоҳнинг неъмати ва фазли сизларга нақадар кўп!! «(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалга буюрасиз, исён-гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли Китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир» (Ол-и Имрон: 110).
Биринчи хислат: Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мискдан ҳам хушбўйроқ. Рўзадорнинг ошқозони таомдан холи бўлгани учун, унинг оғзидан келаётган ҳид одамлар наздида кариҳ-ёқимсиз бўлса ҳам, у Аллоҳнинг ҳузурида мискнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ, чунки у Аллоҳ таолога тоат-ибодат натижасида пайдо бўлгандир. Аллоҳга бўлган тоат-ибодат туфайли пайдо бўлган ҳар бир нарса Аллоҳ субҳанаҳуга маҳбубдир ва У бунинг эвазига ундан кўра яхшироқ ва афзалроғини ато этади. Аллоҳнинг калимаси олий бўлишини истаб, Унинг йўлида қатл қилинган шаҳидни кўринг! Қиёмат куни жароҳатидан оқаётган қоннинг ранги қон рангида, ҳиди эса миск ҳидида бўлган ҳолда келади. Ҳажда ҳам Аллоҳ таоло Арафот аҳли билан малоикаларга фахрланиб, айтади: «Ана бу бандаларимга қаранглар, Менинг ҳузуримга сочлари тўзиган, чанг босган ҳолда келдилар» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти). Сочлар тўзиб, чангга беланиш ҳолати бу ўринда Аллоҳ таолога маҳбубдир, чунки бу ҳолат Аллоҳга тоат ва эҳромда ман қилинган нарсалардан сақланиш ҳамда зийнатни тарк қилишдан пайдо бўлган.
Иккинчи хислат: Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар. Малоикалар Аллоҳнинг хузурида хурматли, «Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган» (Таҳрим-6) бандалардир. Аллоҳнинг изни билан уларнинг рўзадорлар ҳаққига қилган дуолари Аллоҳ ҳузурида ижобат қилинишга лойиқдир. Аллоҳ таоло малоикаларга бу уммат рўзадорлари ҳақларига истиғфор айтишга изн бергани, уларнинг шаънларини улуғлаш, номларини кўтариш ва рўзаларининг фазилатини баён қилиш учундир.
Истиғфор – мағфират талаб қилиш. Мағфират эса дунёю охиратда гуноҳларни яшириш ва кечиб юборишдир. Бу энг олий талаб ва мақсаддир, зеро ҳар бир инсон хатокор, ўз жонига зулм қилувчи бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг мағфиратига муҳтождир.
Учинчи хислат: Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб, унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар». Солиҳ бандаларининг жаннатга эришишларига тарғиб ўлароқ, ҳар куни Аллоҳ улар учун жаннатини зийнатлайди ва айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озордан халос бўладилар». Яъни дунёнинг машаққат, озор ва қийинчиликларидан халос бўлиб, дунё ва охират саодати, жаннатга элтувчи бўлмиш солиҳ амалларга киришадилар.
Тўртинчи хислат: Шайтонларнинг катталари занжиру кишанлар билан занжирбанд қилиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандаларини ҳақдан адаштириш ва яхшиликдан тўсишдек мақсадларига етолмайдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз суюкли бандаларига душманларини кишанлаш билан берган ёрдамидир. Шунинг учун ҳам солиҳ кишиларни бу ойда бошқа ойларга қараганда яхшиликка рағбатлари ва ёмонликка нафратлари ортганини кўрасиз.
Бешинчи хислат: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бу муборак ойда кундузлари рўза тутиш ва кечалари намозда қоим бўлиш каби мажбуриятларини адо этсалар, эвазига Аллоҳ таоло Ўзининг фазли карами билан бу ойнинг охирги кечаси, амалларининг интиҳосида ажр-мукофотларини тўлиқ қилиб, уларнинг гуноҳларини кечириб юборади. Зеро, мардикор ҳам ҳақини ишни тугатгач олади.
Аллоҳ таоло бандаларини бундай мукофот билан сийлашининг учта сабаби бор:
Биринчи сабаб: Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг гуноҳлари кечирилишига ва даражотлари кўтарилишига сабаб бўладиган солиҳ амалларни фарз қилди. Агар Аллоҳ буни фарз қилмаганида бандалар бу билан Аллоҳга ибодатқила олмасдилар. Ибодат фақатгина Аллоҳнинг пайғамбарларига юборган ваҳийси орқали олинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ваҳийсиз ўзларича шариат қуриб олганларни инкор қилиб, хатто буни ширк эканлигини эълон қилди: «Балки улар учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз аламли азоб бордир» (Шўро-21).
Иккинчи сабаб: Аллоҳ таоло уларни кўпчилик инсонлар тарк қилган солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилди, агар уларга Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи бўлмаганда эди, солиҳ амалларни қоим қила олмасдилар. Бу неъмати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. «Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот-17).
Учинчи сабаб: Аллоҳ таоло улуғ ажрларни ато этди. Бир ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтирилди. Амалга тавфиқ ҳам, унга ажр ҳам Аллоҳнинг фазлидир. Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин.
Азиз биродар, Маъсиятдан тоатга, ғафлатдан зикрга ҳамда Аллоҳ таолога юзланиш каби рамазон хақларини ўтаган ҳолда рамазонга етишлик буюк бир неъматдир!
Эй инсон! Ражаб ойини гуноҳ билан ўтказганинг етмагандек, Шаъбон ойидаҳам гуноҳга ботдинг. Мана энди ҳузуринга рўза ойи келди, уни ҳам гуноҳ ойига айлантирмагин. Бу ойда Қуръон ўқи, кўп-кўп тасбеҳлар айт, зеро бу ой Қуръон ва тасбеҳ ойидир. Ўтган йил сен билан бирга рўза тутган қанча-қанча қариндошларинг, қўшниларинг ҳамда биродарларингни ўлим боқий дунёга олиб кетди, сени эса вақтинча қолдириб турибди, буни ғанимат бил!
Аллоҳим, Ўзинг бизларни ғафлат уйқусидан уйғот, боқий дунёга сафаримиздан олдин бизларни тақво билан озуқалантир, вақтинча берилган вақтни ғанимат билишимизни насиб эт, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматингга ол.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, ҳамда У кишининг оила аҳиллари ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.
Иккинчи суҳбат
Рўзанинг фазилати хақида
Азиз биродар, Рўза тоат-ибодатларнинг энг афзали ва улуғларидан. Унинг фазилати хақида кўплаб оят-хадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло уни ўтган барча умматларга фарз қилгани ҳам рўзанинг фазилатларидан саналади: « Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).
Рамазон рўзасининг фазилатларидан: Рўза гуноҳларга каффорот ва мағфират этилишга сабабдир. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари албатта мағфират қилинади».
Яъни Аллоҳга иймон келтирган ҳолда, рўза унинг зиммасидаги фарз эканини хис қилиб, унинг савоб ва мукофотидан умидвор бўлиб, уни ёмон кўрмасдан, савоб ва мукофотида шубҳаланмасдан тутса, Аллоҳ таоло унинг ўтган гуноҳларини албатта кечиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазонгача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади».
Рўзанинг фазилатларидан: Унинг савоби муайян саноқ билан чекланмаган, балки рўзадорга беҳисоб ажр-мукофотлар берилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман». Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор, бири ифтори олдида, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида» (Муттафақун алайҳ).
Имом Муслим ривоятида: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, (қилинган) ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача (мукофотланади), Аллоҳ таоло айтади: Фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман, шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади».
Бу ҳадиси шариф бир неча жиҳатдан рўзанинг фазилатига далолат қилади:
1) Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги шарафи, унга бўлган муҳаббати ва унда Ўзига банда томонидан бўлган ихлос зоҳир бўлгани учун ҳам бошқа амаллар орасидан рўзани Ўзи учун хослаб олди. Чунки рўза банда билан Парвардигори ўртасидаги сир, уни Аллоҳдан бошқа хеч ким билмайди. Рўзадор рўза сабабли ўзига ман этилган нарсаларни одамлардан холи ўринларда бемалол тановул қилиш имконига эга бўлса-да, ундан тийилади, чунки хилватда ҳам уни кўриб турувчи, унга буни ҳаром қилган Парвардигори борлигини билади ва Унинг азобидан қўрқиб, савобини умид қилганидан буни тарк қилади. Мана шу ихлоснинг мукофоти ўлароқ Аллоҳ таоло рўзани бошқа амаллар орасидан Ўзи учун хослаб олди. Бу хослашнинг фойдаси Қиёмат кунида билинади. Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Қиёмат куни Аллоҳ бандасини ҳисоб-китоб қилади. Агар бандаси зулм ўтказган бўлса, қилган ибодатларининг савобидан зулм қилган кишиларига олиб берилаверади. Ҳатто унинг ўзи учун ҳеч нарса қолмайди. Фақат рўзасининг савоби қолади. Кейин Аллоҳ уни рўзаси сабабли жаннатга киритади».
2) Аллоҳ таоло рўза ҳақида: «Унинг мукофотини Мен Ўзим бераман», деб, рўзага бериладиган мукофотни Ўзига нисбатлади. Маълумки, солиҳ амалларнинг савоби ададларга зиёда қилинади, бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача ва ундан ҳам зиёда кўпайтирилади. Аммо рўзага бериладиган мукофотни адад эътиборисиз Аллоҳ таоло Ўзига нисбатлади. Аллоҳ таоло энг Карамли ва энг Сахий Зотдир. Ҳадя ҳам уни берувчисига қараб бўлади. Демак, рўзадорга бериладиган мукофот беҳисоб даражада кўп.
Рўза (1) Аллоҳнинг тоати узра сабр қилиш, (2) Унинг қайтариқларига сабр қилиш, (3) очлик, ташналик ва бадан заифлигидан иборат Аллоҳнинг аламли қадарига сабр қилишдир. Рўзада мазкур сабр турларининг учаласи ҳам жамланганидан рўзадор сабр қилувчилар жумласидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтди: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур». (Зумар: 10)
3) Рўза қалқондир, яъни рўза ўз эгасини лағв ва фаҳш сўзу ишлардан тўсувчи воситадир, шунинг учун ҳам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутган ҳолда бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин», мана шундагина рўзаси уни дўзахдан сақлайди. Шунинг учун ҳам Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза – банда у билан дўзахдан сақланадиган қалқондир». (Имом Аҳмад ривояти).
4) Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳнинг хузурида мушкдан ҳам хушбўйроқ, чунки у рўза туфайли пайдо бўлган бўлиб, Аллоҳнинг хузурида хушбўй ва маҳбубдир. Одамлар орасида кариҳ ва ёқимсиз бўлган ҳид рўзадек тоат-ибодатдан ҳосил бўлгани учун Аллоҳ таолога ёқимли бўлиши рўзанинг Аллоҳ таоло хузуридаги шаънининг буюклигига далолат қилади.
5) Рўзадорга икки хурсандлик бор, бири ифтор вақтида, яна бири Парвардигорига йўлиққанда. Ифтор вақтида хурсанд бўлиши: Аллоҳ таоло унга солиҳ амалларнинг энг афзалларидан бўлмиш рўза ибодатини адо этиш неъматини ато қилганидандир. Чунки қанча-қанча инсонлар рўза тутмай, бу неъматдан маҳрумдирлар. Яна, рўзадорлик вақтида ман қилинган емоқ, ичмоқ ва қўшилмоқ каби неъматларни Аллоҳ таоло унга оғиз очганданкейин мубоҳ қилганидан қувонади.
Парвардигорига йўлиққандаги хурсандлиги эса: савобга муҳтож бўлиб турган дамда, тутган рўзасининг мукофотини Аллоҳ таоло хузурида тўлиқ олиб, «Рўзадорлар қани, улардан ўзгаси кирмайдиган Райён эшикларидан жаннатга кирсинлар» деган нидони эшитганида қувонади.
Бу ҳадиси шарифда рўзадорларга кўрсатмалар бор: Агар рўзадорни бирон кимса сўкса ёки уришса, шунга яраша жавоб қайтармасин, чунки бу уриш-жанжалнинг зўрайишига сабаб бўлади. Лекин шу билан бирга, сукут сақлаш билан унинг олдида ожиздек кўриниб қолмасликучун «мен рўзадорман» деб, огоҳлантириш лозим. Бу «сенинг жоҳиллигингга яраша жавоб қайтармаётганим заифлигимдан эмас, рўзанинг эҳтиромидан» деганга ишора бўлади ва мана шу билан уриш-жанжалнинг олди олинади: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришадилар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» ( Фуссилат: 34-35).
Рўза Қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам айтдилар:
«Рўза ва Қуръон Қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Раббим, мен уни таом ва шаҳватидан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!»,дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).
Азиз биродар! Юқоридаги фазилатларга фақатгина рўзанинг одобларига риоя қилинганда эришилади. Шунинг учун тутаётган рўзангизни асраб-авайланг, ҳудудларини сақланг, ундаги камчиликлар учун Аллоҳ таолога тавба қилинг!
Парвардигоро, рўзаларимизни муҳофаза қилгин, уни бизларга шафоатгўй қилгин, ўзимиз, ота-оналаримиз ва барча мусулмонларни мағфират қилгин!
Пайғамбаримизга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.
Учинчи суҳбат
Рамазон рўзасининг хукмлари
Азиз биродар! Рамазон рўзаси динимиз арконларидан ва унинг устунларидан биридир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз. Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 183-185).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ислом беш нарса устига бино қилинган: Аллоҳдан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Байтуллоҳни Ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» ( Бухорий ва Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси фарз эканига мусулмонлар қатъан ижмоъ қилишган, ким буни инкор қилса кофир бўлиб диндан чиқади, агар тавба қилмай шу ҳолда вафот этса, уни ювиб кафанланмайди, жаноза ҳам ўқилмайди, Аллоҳ раҳмат қилсин дейилмайди, мусулмонларнинг қабристонига кўмилмайди.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз йил рўза тутганлар. Рўзанинг фарзлиги икки босқичдан иборат бўлган. Биринчиси, киши рўза тутиш билан муҳтожларга таом бериш ўртасида ихтиёрли бўлган. Иккинчиси, ихтиёрсиз, рўзанинг фарзлиги тайин қилинган. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Салама ибн Акваъ розияллоҳу айтганлар: «Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир» ояти нозил бўлганда, ким хоҳласа рўза тутмай, унинг ўрнига мискин-бечорани бир кунлик таоми миқдорида эваз тўларди, сўнг кейинги оят нозил бўлиб ихтиёрлик бекор қилинди: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз», шу билан рўза тутиш ихтиёрсиз фарз қилинди».
Рамазон ойи кирмагунча рамазон рўзаси вожиб бўлмайди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ой кирмасидан аввал ҳам рўза тутилмайди: «Сизлардан биронтангиз Рамазондан бир кун ёки икки кун олдин рўза тутмасин, аммо кимнинг одатий рўза тутадиган куни бўлса, ўша куни тутсин» (Бухорий ривояти).
Қуйидаги икки ишнинг бири билан Рамазон ойининг кирганига ҳукм қилинади. Биринчиси: Ойни кўришлик. Аллоҳ таоло деди: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қачон ойни кўрсангиз рўза тутинглар» (Муттафақун алайҳ). Ойни ҳар бир кишининг ўзи кўриши шарт эмас, балки гувоҳлиги қабул қилинадиган бир кишининг кўриши билан барчага вожиб бўлади. Ойни кўрганлигига гувоҳлик берувчи шоҳид балоғатга етган, оқил, кўзи равшан ва омонатли мусулмон бўлиши шарт. Балоғатга етмаган ёш бола ҳамда мажнуннинг гувоҳлиги билан ойнинг кирганига ҳукм қилинмайди. Ушбу ҳадисга кўра кофирнинг гувоҳлиги билан ҳам Рамазоннинг кирганлигига ҳукм қилинмайди: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига келиб: «Мен Рамазон ойини кўрдим» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик берасанми?» дедилар. У: «Ҳа», деди. «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берасанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. «Эй Билол, одамларга эшиттир, эртадан рўза тутсинлар» дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмаддан бошқа етти имом ривоят қилишган).
Ёлғон билан танилган, шошқалоқ ёки ойни кўришга қодир бўла олмайдиган даражада кўзи ожиз кишиларнинг гувоҳликлари билан ҳам ойнинг кирганига хукм қилинмайди.
Аммо бир кишининг гувоҳлиги билан собит бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: «Одамлар Рамазон ойини кўргани чиқдилар, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ойни кўрганим хақидахабар берган эдим, ўзлари ҳам рўза тутдилар, одамларни ҳам тутишга буюрдилар» (Абу Довуд, Ҳоким ривояти).
Рамазон ойини аниқ кўрган киши бу ҳақда мусулмонларнинг раҳбарларига хабар бермоғи вожибдир, шу каби шаввол ва зул-ҳижжа ойлари ҳам, чунки бу билан рўза, фитр ва ҳаж каби вожиблар келиб чиқади. Вожиб нима билан мукаммал бўлса, у ҳам вожибдир. Агар бирон киши узоқ ерда ёлғиз ўзи рамазон ойини кўрса, аммо бу хақда мусулмонларга хабар етказа олмаса, ўзи рўза тутади ва имкон қадар бунинг хабарини етказишга ҳаракат қилади.
Рамазон ойининг бошлангани ёки тугагани хақидаги хабар ҳукумат тарафидан радио ва шунга ўхшаш воситалар орқали эълон қилинса, шунга кўра амал қилиш вожиб бўлади. Чунки буни ҳукумат тарафидан эълон қилиниши, амал қилиш вожиб бўлган шаръий ҳужжат хисобланади. Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларида рамазон ойининг бошланганлиги тўғрисида хужжат собит бўлгач, Билол розияллоҳу анҳуга рамазон ойининг кирганини эълон қилишни буюрдилар. Ва бу эълонга кўра барча мусулмонлар рўза тутишларини вожиб қилдилар.
Рамазон ойининг кирганлиги шаръий далил билан собит бўлгач, ойнинг манзилига эътибор берилмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам хукмни ойни кўришга тааллуқли қилганлар, унинг манзилига эмас: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)!» (Муттафақун алайҳ). Ва яна айтганлар: «Агар икки мусулмон гувоҳлик берса, рўза тутинглар ва рўзани тугатинглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Иккинчи: Рамазондан аввалги ойни тўлиқ 30 кун қилиш билан ҳам Рамазон ойининг кирганлигига хукм қилинади. Сабаби, қамарий ойлар 30 кундан кўп ва 29 кундан кам бўлмайди. Аксар ҳолларда бир ёки икки ой комил бўлиб, учинчи ой ноқис бўлади. Энди қачон ой ўттиз кун бўлгач, гарчи ойнинг ўзи кўринмаса ҳам, шаръан кейинги ой кирганлигига ҳукм қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг ушбу сўзлари бунга далил бўлади: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)! Агар сизларга булутли бўлса, (ойни) ўттиз кун қилинглар!» (Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорийнинг ривоятида: «Агар ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кун қилиб тўлиқ ўтказинглар».
Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойини бошқа ойларга нисбатан жуда ғанимат билиб ўтказардилар, рамазон ойини кўргач рўза тутардилар, агар булутли бўлиб қолса ўттиз кун қилиб, сўнг рўза тутардилар» (Абу Довуд, Дору Қутний ривояти).
Ушбу ҳадислардан рамазон рўзаси ойни кўрмай тутилмаслиги, агар булутли бўлиб ой кўринмаса, шаъбон ойини ўттиз кун қилиниши маълум бўлади. Шаъбон ойининг ўттизинчи куни кун очиқ ёки булутли бўлишидан қатъий назар, рўза тутилмайди. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтганлар: «Шак куни ким рўза тутса Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлибди». (Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).
Парвардигор! Ҳидоятга эргашишни бизларга насиб эт, бахтсизлик ва ҳалокат сабабларидан бизларни узоқ қил, Рамазон ойини бизларгаяхшилик ва баракот ойи қилиб, бу ойда Ўзинга итоатда бўлишимизга бизларга ёрдам бер, гуноҳ йўллардан Ўзинг сақла, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират эт, эй Раҳмли ва Меҳрибон Зот!
Пайғамбаримизга, у зотнинг оилалари, асҳоблари ва уларга эргашганларга салавот ва саломлар бўлсин.
Тўртинчи суҳбат
Таровеҳ намозининг ҳукми
Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло бандаларига турли ибодатларни буюрди, бу ибодатлар ичида бажармаслик ёки камайтириш жоиз бўлмаган фарз ибодатлар бор, Аллоҳ таолога яқинликни ҳосил қиладиган нафллари бор. Бандалар буларнинг ҳар биридан ўз улушларини олишлари, бирини бажариб бошқасини ташлашлари мумкин эмас.
Намоз мана шулар жумласидан бўлиб, Аллоҳ таоло бандаларига бир кеча ва кундузда беш вақт намоз ўқишни фарз қилди. Амалда беш вақт бўлса ҳам, тарозуда эллик вақт бўлиб эътибор қилинишини ваъда қилди. Бу фарз намозларни комил бўлиши ҳамда Ўзига яқинликни янада зиёда бўлиши учун нафл намозларни жорий қилди. Булардан беш вақт намознинг суннатлари: бомдодда икки ракъат, пешин намозидан аввал тўрт, кейин икки ракъат, шом намозидан кейин икки ракъат ва хуфтондан кейинги икки ракъат суннат намозлардир. Булардан ташқари қиёмул-лайл, таҳажжуд деб номланган тунда ўқиладиган намозлар бўлиб, Аллоҳ таоло буларни қоим қилувчиларни Ўз Китобида мақтаб ёд этган:
«Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир» (Фурқон:64).
«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда:16-17).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фарз намозларидан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир» (Муслим ривояти).
Яна айтганлар: «Эй инсонлар! Саломни ёйинглар, таом едиринглар, қариндошлар билан борди-келди қилинглар ва тунда одамлар ухлаётган пайт намоз ўқинглар, жаннатга саломат кирасизлар». (Термизий ривояти).
Витр намози ҳам тунги намозлар жумласидан бўлиб, ози бир ракъат, кўпи ўн бир ракъатдан иборатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ёлғиз бир ракъат қилиб ўқиса ҳам, уч ракъат ўқиса ҳам бўлади: «Ким витрни бир ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин», «Ким витрни уч ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин».(Абу Довуд, Насоий ривояти).
Уч ракъатни бир ташаҳҳуд ва бир салом билан ўқишни истаса, бу ҳам жоиз. Таҳовий Умар ибн Хаттобни бир салом билан уч ракъат ўқиганларини ривоят қилган. Хоҳласа икки ракъатдан сўнг салом бериб, сўнг учинчи ракъатни алоҳида ўқийди. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икки ракъат билан бир ракъат орасида салом берардилар, ҳатто баъзи хожатларига буюрардилар ҳам. Беш ракъатни бирин-кетин ўқиб охирида ташаҳҳудга ўтириш сўнгра салом билан тугатиш ҳам мумкин. Ушбу ҳадислар бунга далил бўлади: «Ким витрни беш ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин» (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам тунда ўн уч ракъат намоз ўқирдилар, булардан беш ракъатинивитр қилиб, охирги ракъатдан бошқа ракъатларда (ташаҳҳудга) ўтирмасдан ўқирдилар» (Муттафақун алайҳ).
Етти ракъатни ҳам худди беш ракъат каби ўқиш мумкин. Умми Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам етти ва беш ракъат витр ўқирдилар ва буларнинг орасини на салом ва на калом билан бўлмасдилар» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривояти).
Тўққиз ракъат қилиб ўқиса ҳам бўлади. Саккиз ракъатни ташаҳҳудга ўтирмасдан ўқиб, саккизинчи ракъатда ўтириб ташаҳҳудни ўқийди ва дуо қилади, сўнг салом бермасдан туриб тўққизинчи ракъатни ўқийди ва ташаҳҳуд, дуо ва салом билан тугатади. Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрлари хақида шундай деганлар: «Тўққиз ракъат ўқирдилар, саккизинчи ракъатдан бошқасида ўтирмасдилар, Аллоҳни ёд этиб, Унга ҳамд айтиб, дуо қилардилар, сўнг туриб салом бермасдан тўққизинчи ракъатни ўқиб, сўнг ўтирардилар ва Аллоҳни ёд этиб, Унга ҳамд айтиб, дуо қилардилар, сўнг салом берганларини биз ҳам эшитардик»(Аҳмад, Муслим ривоятлари).
Ўн бир ракъат ўқиса ҳам бўлади. Хоҳласа ҳар икки ракъатда салом бериб, бир ракъат билан витр қилади. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозидан фориғ бўлгач бомдод намозигача бўлган оралиқда ўн бир ракъат намоз ўқирдилар, ҳар икки ракъатда салом бериб, бир ракъат билан витр қилардилар».(Термизийдан бошқа барча имомлар ривоят қилган).
Агар хохласа тўрт ракъат, сўнг тўрт ракъат, сўнг уч ракъат қилиб ўқийди. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам тунги намозни 11 ракъатдан оширмас эдилар. Аввал 4 ракъат ўқир эдилар. Сиз унинг гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг яна 4 ракъат ўқир эдилар. Сиз буларнинг ҳам гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг 3 ракъат ўқир эдилар» (Муттафақун алайҳ).
Беш, етти, тўққиз ракъатни бўлмасдан бир салом билан ўқиш, ўзи якка холда ўқиганда ёки шуни ихтиёр қилган хос жамоатда мумкин. Аммо умумий масжидларда кўпчиликка машаққат бўлмаслиги учун имом ҳар икки ракъатда салом бермоғи афзал, чунки жамоатга мана шу енгилроқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганлар: «Қайси бирингиз одамларга имомликка ўтса, намозни енгил ўқисин, чунки унинг орқасида кексалар, заифлар ва хожатмандлар бўлиши мумкин». Бошқа бир лафзда: «Ўзи ёлғиз ўқиса хоҳлаганича ўқийверсин». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан юқоридаги кайфиятларда витрни ўқиганликлари ривоят қилинмаган, ўзлари ёлғиз шундай ўқиганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан Рамазондаги тунги намозни бошқа ойдагиларга қараганда имтиёзи ва фазилати борлиги билинади: «Рамазон (кечаларида) иймон билан ва савоб умидида бедор бўлиб намоз ўқиган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ). «Иймон билан» сўзининг маъноси – Аллоҳга ҳамда Ул Зот рамазон кечаларида қоим бўлганларга хозирлаб қўйган савобга иймон келтириб, демакдир. «Савоб умидида» сўзинингмаъноси эса – риё, сумъа ёки мол-дунё ва обрў умидида эмас, балки ёлғиз Аллоҳ таолонинг савобини умид қилиб деганидир. Рамазон кечаларида қоим туриш деганда, кечанинг бошидаги намозлар ҳам, охиридаги намозлар ҳам эътибор қилинади. Мана шунга биноан таровеҳ намози ҳам Рамазоннинг тунги ибодати бўлгани учун Аллоҳдан ажр-савоб умид қилиб, бу ибодатга ҳарис бўлиш ва эътибор бериш лозим. Ақлли мўмин киши жуда оз муддатда ўтиб кетадиган бу саноқли кечаларни қўлдан бой бермай ҳаракат қилади албатта!
Таровеҳ деб номланишига сабаб – одамлар уни узун қилиб ўқишар ва ҳар тўрт ракъатдан кейин бир оз ором олиб ўтиришар эди, шунинг учун ҳам таровеҳ-ором олишлар деб номланган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар, кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб бу ишни тарк этганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча намозни масжидда ўқидилар, одамлар ҳам У зотга эргашиб ўқидилар, сўнг кейинги кечада ҳам ўқидилар, одамлар кўпайиб кетди, сўнг учинчи ёки тўртинчи кечада ҳам йиғилдилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига чиқмадилар. Тонг отгач: «Кечаси йиғилганингизни кўрдим, сизларга фарз бўлиб қолиши кейин эса тоқат қила олмаслигингиздан қўрққанлигим олдингизга чиқишдан мени тўсди», дедилар. Бу Рамазонда бўлганди (Саҳиҳайнда келган).
Абу Зар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам билан бирга рўза тутдик, Рамазондан етти кун қолгунича биз билан (тунда) намоз ўқимадилар. Кейин (етти кун қолганда) биз билан кечанинг учдан бири қолгунча намоз ўқидилар. Олти кун қолганда биз билан ўқимадилар. Сўнг беш кун қолганда биз билан кечанинг ярми кетгунча намоз ўқидилар. Биз: «Эй Расулуллоҳ, бу кечамизнинг қолганида ҳам бизларга ўқиб берсангиз», деган эдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки (Рамазонда) имоми тугатгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганнинг савоби ёзилади» дедилар.(Сунан соҳиблари ривоят қилган).
Салафи солиҳлар таровеҳ намозини витр билан бирга неча ракъат эканлиги ҳақида турли хил фикр билдиришган. Баъзилар 11 ракъат, баъзилар 13 ракъат, баъзилар 19 ракъат, баъзилар 21 ракъат, баъзилар 23 ракъат, баъзилар 29 ракъат, баъзилар 39 ракъат, баъзилар эса бундан бошқа фикрларни ҳам билдиришган. Буларнинг ичидаги рожиҳроқ фикр 11 ёки 13 ракъат эканидир. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича, Оиша розияллоҳу анҳо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазондаги намозлари ҳақидасўралганларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатдан зиёда ўқимаганлар», деб жавоб берганлар (Муттафақун алайҳ).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозлари ўн уч ракъат эди» (Бухорий ривояти).
Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу дедилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорийни одамларга 11 ракъат намоз ўқиб беришга буюрдилар» («Муватто»да келган).
Салафи солиҳлар таровеҳ намозини жуда узун ўқирдилар. Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу айтадилар: «Имом юз оятлаб ўқир эди, қиёмнинг узунлигидан асоларимизга суяниб қолардик». Бу ҳозирги кундаги аксар мусулмонларнинг таровеҳ намозини шошиб, ҳар бир рукнни тўла бажармай ўқишларига зиддир. Хусусан, намозни ўқиб бераётганлар ўзларининг тез ўқишлари билан орқаларида турган заифлар, касаллар ва кексаларни қийнаб, ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам гуноҳга қўйишмоқда. Уламолар: «Имом унга эргашганларга бирон суннат амални бажаришларига имкон бермайдиган даражада намозни шошиб ўқиши макруҳдир», дейишган, шундай экан, энди вожиб амални бажаришларига имкон бермасликка нима дейсиз? Аллоҳ бундан асрасин.
Ҳар бир киши таровеҳнинг савобидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун уни масжидда ўқишдан қолмасин. Агар таровеҳни имом билан бошлаган бўлса, то имом витрни ўқиб тугатмагунича кетиб колмасин. Чунки, имоми билан таровеҳнинг охиригача бирга бўлган киши кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик ажрига эга бўлади.
Аёллар фитнадан омон бўлишса, таровеҳ намозини ўқиш учун масжидларга келишлари жоиздир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг аёл бандаларини Аллоҳнинг масжидларидан тўсманглар».Чунки бу салафи солиҳ розияллоҳу анҳумнинг амалларидандир. Лекин аёллар ҳижобда,авратларини бекитиб, хушбўйланмаган, товушларини кўтармаган ва зийнатларини кўрсатмаган холда келишлари шарт.
Аллоҳ таоло деди: «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).
Яъни рўмол ва ёпинчиқ каби яшириб бўлмайдиган, кўриниб турадиган либослари мустасно, чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни ҳайит намозига чиқишга буюрганларида Умму Атийя: «Эй Росулуллоҳ, баъзиларимизда ёпинчиқ йўқ», деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга опа-сингиллари ўз ёпинчиқларидан кийдирсинлар», деганлар (Муттафақун алайҳ).
Аёллар эркаклардан орқада, улардан узоқ бўлиб, эркакларнинг аксича, сафни энг орқадан бошлайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганлар: «Эркаклар сафларининг яхшиси аввали ва ёмони уларнинг охиридир. Аёллар сафларининг яхшиси охири ва ёмони уларнинг аввалидир» (Муслим ривояти).
Имом салом бериши билан аёллар кечикмасдан дарҳол масжиддан чиқиб кетадилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом беришлари билан аёллар туриб кетардилар ва У Зот турмасдан бир оз жойларида қолардилар». Умму Салама айтдилар: «Валлоҳу аълам, билишимизча бу — аёллар эркакларга тўқнаш келмасдан аввал тарқаб кетишлари учун бўлса керак»(Бухорий ривояти).
Парвардигор! Салафи солиҳларга ато этган яхшиликларга бизларни ҳам муваффақ эт. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг ила мағфират қил.
Пайғамбаримизга, оилаларига ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.
Бешинчи суҳбат
Қуръон ўқишнинг фазилати
Азиз биродар, Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-соттидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)» (Фотир: 29-30).
Қуръон тиловати икки турлидир:
Биринчи тури: Ҳукмий тиловат бўлиб, Қуръон хабарларини тасдиқлаш, буйруқларини қилиш ва қайтариқларидан сақланиш билан ҳукмларини бажаришга айтилади. Қуйироқда бу хақда сўз юритамиз, иншааллоҳ.
Иккинчи тури: Лафзий тиловат бўлиб, бу Қуръонни ўқишдир. Қуръон ўқишнинг фазилати хақида Қуръоннинг сура ва оятларида кўплаб нусуслар (далиллар) келган. «Саҳиҳ Бухорий»да Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир».
«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонга моҳир киши улуғ фаришталар билан бирга бўлур. Қуръонни ҳижжалаб, қийналиб ўқиётган кишига эса икки ажр бўлур». Яъни, бири Қуръон ўқиётганига бўлса, иккинчиси уни ўқишдаги машаққатигадир.
Яна «Саҳиҳайн»да Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Қуръон ўқийдиган мўминнинг мисоли утружжа (цитрус меваларидан бири)га ўхшайди, ҳиди хушбўй, мазаси ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўминнинг мисоли хурмога ўхшайди, хиди йўқ, мазаси эса ширин».
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Умома розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар: «Қуръонни ўқинглар, чунки у Қиёмат Куни Қуръон ўқувчига шафоатчи бўлади».
Яна «Саҳиҳ Муслим»да Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан биронтангиз масжидга бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан икки оят ўрганиши ёки икки оят ўқиши икки туядан яхшидир. Учтаси учтасидан, тўрттаси тўрттасидан ва қанча оят бўлса шунча адад туялардан яхшидир».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланишиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилиб ўрганишса, улар устига Аллоҳ томонидан сокинлик туширилади ва уларни раҳмат ўраб олади ҳамда фаришталар уларни қуршаб оладилар ва Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги зотларга уларни зикр қилади» (Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: «Қуръонни қайтариб туринглар, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Қуръоннинг ёддан чиқиши туя арқонидан чиқиб кетишидан кўра тезроқдир» (Муттафақун алайҳ).
«Бирорталарингиз Қуръоннинг фалон ва фалон оятларини унутдим демасин, балки у унуттирилгандир» (Муслим ривояти). Чунки унинг унутдим деган сўзи Қуръондан ёдлаганларини то унутиб юборгунича қайтармаганлигини билдириб қўяди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана бўлади. Бу бир ҳасана ўзига ўхшаган ўнта ҳасана билан бирга бўлади. Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Термизий ривояти).
Яна Ибн Масъуд айтади: Мана бу Қуръон Аллоҳнинг зиёфати, Унинг зиёфатини иложи борича қабул қилинглар. Бу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони, Ёрқин нур ва фойда берувчи шифодир. Уни ушлаган кишига саломатлик, унга эргашган кишига нажотдир. Унинг ажойиботлари туганмас, кўп такрорлаш билан эскирмас. Уни ўқинглар Аллоҳ сизларга унинг ҳар бир ҳарфига ўнтадан ҳасанот беради. Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир (Ҳоким ривояти).
Азиз биродар! Бу айтилганлар Қуръон ўқишнинг фазилатлари ва Аллоҳдан ажру розилик истаб ўқиган кишига бериладиган савоблардир. Оз ишга кўпдан-кўп ажрлар! Бунда сусткашлик қилган одам ютқазувчи, фойдани қўлдан бой берган киши зиёнкордир! Ушбу фазилатлар Қуръоннинг барчасини ўз ичига олади. Муайян сураларнинг фазилатлари ҳақида ҳам ҳадислар келган. Мазкур суралардан бири «Фотиҳа» сурасидир.
«Саҳиҳ Бухорий»да Абу Саид ибн Муалло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар: «Мен сизга Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатаман: «Алҳамду» сураси, «الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ» у такрорланувчи еттилик ва менга берилган Қуръони азиймдир».
Фазилати улуғлигидан уни қироат қилиш намознинг рукнларидан бири қилинди, усиз намоз саҳиҳ бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фотиҳатул Китоб»ни ўқимаган кишининг намози намоз эмасдир» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким сураи Фотиҳа ўқимасдан намоз ўқиса, у намоз нуқсонлидир» деб уч марта такрорладилар (Муслим ривояти).
«Бақара» ва «Оли Имрон» суралари ҳам мазкур суралардандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки нур сочувчини – «Бақара» ва ««Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки, у иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди», дедилар (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сураи Бақара» ўқиладиган уйга шайтон кирмайди» (Муслим ривояти). Чунки, унинг ичида «Оятал-курсий» бор бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда уни кечасида ўқиган одамга Аллоҳ томонидан бир асровчи бўлиши ва то тонггача унга шайтон яқинлаша олмаслиги айтилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Жибрил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида туриб дедилар: «Осмондан бир эшик очилдики, илгари ҳеч очилмаган эди. Ундан бир фаришта тушиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва: «Сизга берилган, сиздан аввал бирон пайғамбарга берилмаган иккита нур билан хурсанд бўлинг – Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охирги оятлари, улардан бир ҳарф ўқисангиз ҳам (у далолат қилган маънодаги тилагингиз) албатта берилади», деди» (Муслим ривояти).
Мазкур фазилатли суралардан яна бири – «قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ» (Ихлос) сурасидир. «Саҳиҳ Бухорий»да Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сура ҳақида айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенгдир». Фазилатда тенг бўлиши унинг ўрнига ўтади дегани эмас. Шунинг учун ҳам бу сурани намозда уч марта ўқилса ҳам Фотиҳанинг ўрнига ўтмайди. Бир нарсанинг бошқасига фазилатда тенг бўлиши унинг ўрнига ўтишини лозим тутмайди. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодир” деса, Исмоил фарзандларидан тўрттасини қулликдан озод қилган кишининг ажридек савобга эришади» дедилар. Демак бир кишининг зиммасида тўртта қулни озод қилиш каффороти бор бўлиб ушбу зикрни айтса, унинг зиммасидаги каффорот соқит бўлмайди, гарчи у фазилатда унга тенг бўлса ҳам.
«Муъаввизатони» – «Ал-Фалақ» ва «Ан-Нос» суралари ҳам мазкур фазилатли суралардан. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу кеча менга уларга ўхшаши ҳеч кўрилмаган оятлар нозил қилинди: «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَق» ва «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ»» (Муслим ривояти).
Насоий ривоятида: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уқбани ушбу икки сурани ўқишга буюриб, сўнгра дедилар: «Бирон бир сўровчи бу иккисига ўхшагани билан сўраган эмас, бирон паноҳланувчи бу иккисига ўхшагани билан паноҳланмаган».
Азиз биродарим! Шундай экан, муборак Қуръони карим тиловатига, хусусан у нозил қилинган ушбу муборак ойда кўпроқ жидду-жаҳд қилинг. Зеро, ушбу ойда Қуръон ўқишнинг айрича хусусиятлари бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Қуръонни тўлиқ ҳолда Жаброил алайҳис-салом назарларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Аллоҳнинг китобини бу улуғ фаришта назоратларидан икки марта ўтказиб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини маҳкам ушлаган салаф уламолар Рамазонда намозларда ва намоздан ташқарида кўп Қуръон ўқир эдилар. Улардан айримлари хатмни ҳар беш кунда тугатсалар, айримлари ҳар уч кунда хатм қилардилар
Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кирса: «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир»- деб айтардилар.
Ибн Абдулҳакам айтади: «Имом Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм аҳли давраларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эдилар».
Қатода раҳимаҳуллоҳ ҳар доим етти кунда, Рамазонда эса уч кунда хатм қилардилар. Охирги ўн кунлигидаҳар кеча хатм қилардилар.
Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Рамазонда ҳар уч кечада, охирги ўн кунликда эса ҳар икки кечада хатм қилардилар.
Асвад раҳимаҳуллоҳ ҳар доим Қуръонни икки кечада ўқиб чиқардилар.
Сиз ҳам ана шу зотларга эргашинг, уларнинг йўлларига йўлланинг, солиҳлар даврасига қўшиласиз. Туну кунларингиздан Азиз ва Ғаффор зотга яқинлаштирадиган ишлар билан фойдаланиб қолинг. Зеро, умрлар шошқин сойдек ортга қайтмас бўлиб ўтиб бормоқда.
Парвардигор! Ўз Китобингни Ўзинг рози бўладиган кўринишда тиловат қилишимизга муваффақ айла. Бизларни Қуръон воситасида тўғри йўлга йўлла.У билан зулматлардан нурга чиқар. Уни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қил. У сабабли даражаларимизни юксалтир. У сабабли бизларни ҳалокат чоҳларидан қутқар. Ўз раҳматинг билан бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират айла.
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва ва асҳобига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.