Бизга боғланинг
Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (4): Мен фақат Раббимнинг йўлидан юриш учун яралганман
Мен фақат Раббимнинг йўлидан юриш учун яралганман
Сиз ич-ичингиздан “бундан бошқасини хоҳламайман”, деб айтишингиз, ўз ўзингизни: “Мен Аллоҳнинг йўлидан бошқасига ярамайман” деб ишонтиришингиз керак.
Бир киши қандай ҳидоят топганини бундай ҳикоя қилади: “Бир йигит яхши, солиҳ оилада тарбия топади. Лекин бир гуноҳдан ўзини тиёлмайди. Отаси ҳам, онаси ҳам яхши инсонлар. Ота-онаси яхши тарбия беришларига қарамай ўсмирлик пайтида ўзини қизлардек тутагидан одати бор эди (Яъни ўғил болаларга мойиллиги бор эди). Ўша нотўғри йўлда юрган пайтида: “Мен бу йўлдан юриш учун яратилмаганман. Мен биламан, иншааллоҳ, ҳали тўғри йўлга қайтаман…” дер эди.
Ўтган йили Рамазон ойида умра қилишга бориб, кейин ҳаж мавсумигача муборак ерларда қолишни Аллоҳ таоло унга насиб этди. Рамазонда умра қилиб, кейин ҳаж мавсуми бошлангунча ўша ерда қолди. Кейин ҳаж қилиб, уйига умуман бошқа одам бўлиб қайтди. Ўн тўққиз ёшда бўлиши қарамай уйланиб, ҳаётини ўзгартирди.
Демак, сиз бу дунёга боши берк йўлдан юриш учун келмагансиз. Сизнинг йўлингиз бошқа. Сиз Аллоҳникисиз. Шу ғояни ҳамиша ичингизда такрорлаб юринг. Қанча вақт ўтса ҳам шу ғояни унутманг.
Мана шундай туйғу, мана шундай стимул қандай пайдо бўлади?
У қаттиқ хавотирланиш хамда кучли умид қилишдан келиб чиқади. Чунки сиз ўз сармоянгиз бўлиши шарт эканини тушуниб етасиз.
Одамлар: “Эртага нима бўлишини Аллоҳ билади”, дея бор кучлари билан мол-дунё йиғишга ва фойда келтирадиган ерларга сарфлашга киришишади. Мен эса сиз қўлингиздаги мол-мулкни “ажр-савоб банки”га қўйишингизни истайман. Зеро, энг керакли вақтда у ердан қўйган мол-мулкингизни ортиғи билан ола оласиз. Қуйидаги оятни тадаббур қилинг. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларнинг иймонларингизни (яъни амалларингизни) зое қилмайди” (Бақара, 143).
Роҳат-фароғатда юрган пайтингизда Аллоҳ таолони унутиб қўйманг. Шунда Аллоҳ таоло бошингизга қийинчилик тушган пайтда сизни ҳам унутмайди. Сизнинг ажр-савобдан иборат сармоянгиз бўлиши шарт. Ушбу сармоя сизни турли бало-офатлардан сақлайди. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир” (Муззаммил, 20).
Мана шундай иймоний сармоя Абу Бакр разияллоҳу анҳуни сиддиқлар мартабасига кўтарган эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Аллоҳ йўлида икки нарса (икки дирҳам ё икки динор) садақа қилса, жаннат эшикларининг биридан: “Эй Аллоҳнинг бандаси, (қилган мана ишинг) жуда яхши”, деб нидо қилинади. Ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан чақирилади. Ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилади. Ким рўза аҳлидан бўлса, Райён эшигидан чақирилади. Ким закот ва садақа аҳлидан бўлса, садақа ва закот эшигидан чақирилади”. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Дарҳақиқат, киши жаннатнинг қай эшигидан чақирилса ҳам зиён кўрмайди. Аммо мазкур эшикларнинг барчасидан чақириладиган одам ҳам бўладими?” деб сўради. Пайғамбаримиз: “Ҳа, сиз ўшаларнинг бири бўласиз, деб умид қиламан”, дея жавоб бердилар.
Мана бу жуда гўзал мисол. Мана шу йўлдан юрсангиз, муродингизга етасиз!
Аллоҳга юзланинг, У зот ҳам сиз томон юзланади
Бор вужудингиз билан Раббингиз сари юзланинг. Шунда Аллоҳ азза ва жалла сиз томон юзланади. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай дейди: “Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ[1] яқинлашаман. Агар менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у менга юриб келса, мен унга югуриб бораман”. Бу биринчи қадам. Аллоҳни рози қилишга қатъий киришинг.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким нақд (дунё)ни хоҳласа, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, охиратда) унинг учун мазаммат ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни жой қилиб берурмиз. Ким охиратни хоҳласа ва мўмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, уларнинг саъй-ҳаракатлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур” (Исро, 18-19).
Ихлос билан ҳидоят йўлига юзланинг. Шунда Аллоҳнинг ҳузуридаги ноз-неъматларга эришасиз. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ(нинг ҳузуридаги ноз-неъматлар) яхшироқ ва битмасдир” (Тоҳа, 73). “Раббингнинг ризқи яхшироқ ва мангудир” (Тоҳа, 131). “Охират(да бериладиган ноз-немаътлар) яхшироқ ва чексиздир” (Аъло, 17).
Ихлос
Махфий яхши амалларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилинг. Одамлар билан беҳуда борди-келди қилишни камайтиринг.
Аллоҳ таоло сизга сўз ва амалда ростгўйлик ва ихлос насиб этишини туну кун дуо қилиб сўранг. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисда шуни бизга баён қилиб, бундай деганлар: “Бу уммат орасидаги ширк чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”.
Келинг, мен сизга бир дуони ўргатаман. У сизни ширкнинг каттаю кичик туридан поклайди: “Аллоҳим, мен Сенга ўзим билган ҳолда ширк келтиришдан сақлашингни, билмай ширк келтириб қўйган бўлсам кечиришингни сўрайман”.
Яна бир гап: ихлос ўн сония бўлади. Ўн сония нима деганини биласизми?!
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло жаннатга мени киритадиган яхши сўзни менга насиб қилармикан?!
Ниятингизни тўғриланг
Салафи солиҳларимиздан бирига: “Юринг, жанозага борамиз”, дейилганида, “Ҳозир, бир лаҳза”, дейди, кейин: “Қани, кетдик”, деган экан.
У мазкур бир лаҳзани қалбига назар солиб, ниятини тўғрилаш учун сўраган эди. Чунки жаноза намозига қатнашиб, кейин қабристонгача маййит ортидан борадиган бўлсак, бизга охиратда икки қийрот савоб берилади.
Айтингчи, биз жанозага мана шу мартабага эришиш мақсадида борамизми ё бундай савоб берилишидан умуман хабаримиз йўқми? Бинобарин, ўзингизга: “Нима учун боряпсан?” деган саволни беринг. Оламдан ўтган одам бир вақтлар сизга яхшилик қилгани учун унинг жанозасига боряпсизми ё бошқа мақсаддами?
Масалан, жанозага бормоқчи бўлиб турган бир инсонга фалон-писмадон сабабларга кўра бугун шу жанозага бормай қўяқолинг, десангиз, “Ундай қилолмайман. Оламдан ўтган киши менга яхшилик қилган эди”, деб жавоб берса, билингки, бу ерда жанозага боришдан кўзланган мақсад марҳумнинг қилган яхшилигини қайтариш экан, Аллоҳнинг розилиги эмас.
Эй доно биродарим, ўзингизни алдаманг, ростгўй бўлинг. Зеро, ростгўйлик яхшликка етиш калитидир.
Аллоҳ таоло айтади: “Энди қачон иш муқаррар бўлганда улар Аллоҳга содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди” (Муҳаммад, 21).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир саҳобага жангдан тушган ўлжадан улуш берадилар. Шунда у: “Мен сизга бу нарса учун байъат қилмаганман. Мен – томоғига ишора қилиб – мана бу еримга ўқ тегиб, шаҳид бўлиб, жаннатга кириш учун сизга байъат қилганман”, дейди. Сиз бу қиссани эшитганмисиз? Пайғамбаримиз унга: “Агар рост айтаётган бўлсанг, Аллоҳ таоло мақсадингга етказади”, дедилар. Кўп ўтмай душманга қарши жанг бошланади. Бироздан кейин ҳалиги саҳобанинг жуссасини Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига олиб келишади. Субҳаналлоҳ, у қўли билан кўрсатган ерга камон ўқи тегиб шаҳид бўлган экан. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳалиги кишими, ўшами?”, дедилар. “Ҳа”, дейишди. “Айтган сўзи рост экан.Шу сабабли Аллоҳ таоло уни муродига етказди”, дедилар.
Агар амалингиз чиндан Аллоҳ учун бўлса, Аллоҳга қасамки, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, одамнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган ноз-неъматларга эришасиз. Ҳолатингиз хаёлингизга ҳам келмаган кўринишда ўзгаради. Агар ниятингиз рост бўлса, Аллоҳ таоло бир кечада ҳолатингизни ўнглаб қўяди.
[1] Метрик система қабул қилинганга қадар ишлатилган, 0.71 метрга тенг узунлик ўлчов бирлиги; аршин.