Садақа Шайх Абдулазиз Тарифий

    Шайх Абдулазиз Тарийфий
    Абу Довуд Юсуф таржимаси

    1. Садақа энг афзал ва энг фойдали амал бўлгани боис вафот этган мўмин, қанийди дунёга қайтарилсам-у, садақалар қилсам, деб орзу қилади.

    ‎رَبِّ لَوْلَا أَخَّرْتَنِي إِلَىٰ أَجَلٍ قَرِيبٍ فَأَصَّدَّقَ وَأَكُن مِّنَ الصَّالِحِينَ

    «Раббим, мени озгина муддатга ҳаётда қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ бандалардан бўлсам». (Мунофиқун: 10)

    2. Мол-дунёси энг баракали одам энг кўп садақа қилувчи одамдир. Ҳадисда: «Садақа мол-дунёни камайтирмайди», дейилган. Ҳадиси қудсийда эса: «Эй Одам боласи, инфоқ қил, Мен ҳам сенга инфоқ қиламан», дейилган.

    3. Мамнуният билан қилинган садақа — мўминлик аломати, оғриниш билан қилинган садақа эса мунофиқлик аломатидир. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида:

    ‎وَلَا يُنفِقُونَ إِلَّا وَهُمْ كَارِهُونَ

    «Улар фақат ўзлари ёқтирмаган ҳолларида инфоқ-эҳсон қиладилар» (Тавба: 54), деган.

    4. Золимнинг зулми садақа билан бартараф бўлади. Саҳиҳ ривоятда Иброҳим Нахаий деди: «(Олдингилар): » Агар мазлум одам бирон нарса садақа қилса, ундан зулм арийди», деб ҳисоблашарди». Бу Қуръон далолат қилган омил бўлсада, кўпинча одамлар унга бепарво қолишади.

    5. Садақа золимга қарши мазлумга ёрдам беради, золимнинг шиддатини қайтаради ва зулмининг таъсирини камайтиради.

    ‎وَمَا أَنفَقْتُم مِّن نَّفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُم مِّن نَّذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ ۗ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنصَارٍ

    «Инфоқ қилган ҳар бир нафақангиз ва назр қилган ҳар бир назрингизни шубҳасиз Аллоҳ билади. Ва (инфоқ-эҳсон қилмайдиган) золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир». (Бақара: 270)

    6. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирорта қийналиб қолган кишини билиб қолсалар юзлари қизариб кетар ва садақага тарғиб қилар эдилар. Саҳиҳ ривоятда келишича, бир гуруҳ одамлар ялангоёқ, яланғоч ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. Буни кўргач у зотнинг юзлари ўзгарди, бир уйларига кириб, бир чиқдилар, кейин минбарга кўтарилдилар-да, одамларни садақага тарғиб қилдилар.

    7.

    وَأَنفِقُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ۛ

    «Аллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг!» (Бақара: 195)

    Оятнинг мазмунига кўра муҳтожлик зоҳир бўлиб турган пайтда инфоқни тарк қилиш жамиятларга илоҳий уқубат ва ҳалокат етишининг сабабларидан ҳисобланади.

    8. Аллоҳ шукр қилувчидан неъматни тортиб олмайди. Зотан, энг катта шукр инфоқ-эҳсон қилиш, очарчилик кунларида таом бериш эса энг улуғ амаллардан бири.

    ‎أَوْ إِطْعَامٌ فِي يَوْمٍ ذِي مَسْغَبَةٍ يَتِيمًا ذَا مَقْرَبَةٍ أَوْ مِسْكِينًا ذَا مَتْرَبَةٍ

    «Ёки очарчилик кунида бирон қариндош етимга ё муҳтож бечора-мискинга таом бермоқдир». (Балад: 14-16)

    9. Киши ўрнини топиб садақа қиламан деб ҳаракат қилса-ю, бироқ садақаси ўзи кўзламаган одамнинг қўлига тушиб қолган тақдирда ҳам, тўлиқ савобга эга бўлади. Зеро, саҳиҳ ҳадисда билмасдан бойга, ўғрига ва зинокор аёлга садақа қилиб қўйган кишининг тўлиқ ажр олгани айтилган.

    10. Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган, «Касалларингизни садақа билан даволангиз!» – деган ҳадис одамлар орасида машҳур, ҳолбуки, у саҳиҳ эмас. Гарчи унинг маъноси тўғри бўлса-да, ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилиши тўғри эмас.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962