Тавҳид китоби (2)

    Куфр: таърифи, турлари
    а) Куфрнинг таърифи:

    Куфрнинг луғавий маъноси «ўраш» ва «яшириш»дир, шаръий истилоҳда эса иймоннинг зиддини англатади. Зеро, куфр – у билан бирга ёлғон санаш, шак-шубҳа ё бош тортиш ё ҳасад ё кибр ё рисолатга эргашишдан тўсувчи айрим хоҳиш-истакларга эргашиш бўлсин ёки бўлмасин – Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирмасликдир. Гарчи рисолатни ёлғон сановчининг куфри каттароқ бўлса ҳам, пайғамбарларнинг ҳақлигига ишончи бўла туриб ҳасад билан инкор қилувчи ва ёлғон сановчи ҳам куфрда ундан кам эмас.

    б) Турлари: Куфр икки хил:

    Биринчи: Диндан чиқарадиган катта куфр. У беш қисмдир:

    1-қисм: Ёлғон санаш куфри.

    Бунга далил – Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ – Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Бундай кофир кимсаларнинг жойи Жаҳаннамдадир!» (Анкабут: 68).

    2-қисм: Тасдиқлаш билан бирга бўйин товлаш ва кибрланиш куфри. Бунга далил: «Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз фариш­таларга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди» (Бақара: 34).

    3-қисм: Шак-шубҳа куфри – у гумон куфридир. Унинг далили: «(Кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ — менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб гумон қиламан. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат – бахтни топурман». Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа — бир томчи сувдан яратиб, сўнгра (уни) инсон қилиб ростлаган зот – Аллоҳга кофир бўлдингми?! Мен эса: «У – Аллоҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман».

    4-қисм: Юз ўгириш куфри. Бунга далил: «Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар» (Аҳқоф: 3).

    5-қисм: Нифоқ куфри. Унинг далили: «Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!» (Мунофиқун: 3).

    Иккинчи: Диндан чиқармайдиган кичик куфр. У амалий куфр бўлиб Китобу Суннатда куфр деб номланган гуноҳларни ўз ичига олади. Улар катта куфр даражасига етмайди. Аллоҳ таолонинг қуйида зикр қилинадиган сўзларидаги “куфр” куфрони неъмат маъносидадир: «Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди» (Наҳл: 112).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мусулмонни сўкиш фисқ, у билан жанг қилиш куфрдир», «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофир бўлиб кетманглар» деган ҳадисларида ишлатилган “куфр” ва “кофир” сўзлари Исломдан чиқармайдиган кичик куфрдир.

    Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса кофир ёки мушрик бўлибди» деган сўзларидаги Аллоҳдан бошқа билан қасам ичган одамнинг куфри ҳам кичик куфр.

    Аллоҳ таоло гуноҳи кабира соҳибини мўмин деб атади: «Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), қотилни иймонлилар сафидан чиқариб ташламади, уни қасос эгаси учун биродар деб атади: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178).

    Аллоҳ таоло деди: «Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 9, 10).

    Катта куфр билан кичик куфр ўртасидаги фарқлар хулосаси:

    1) Катта куфр диндан чиқаради ва қилинган яхши амалларни бекорга чиқаради. Кичик куфр диндан чиқармайди ва қилинган яхши амалларни бекорга чиқармайди, бироқ даражасига қараб уларни нуқсонли қилади ва соҳибини азобга дучор этиши мумкин.

    2) Катта куфр эгаси дўзахда абадий қолади. Кичик куфр эгаси дўзахга кирса, унда абадий қолмайди, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиши ва умуман дўзахга киритмаслиги ҳам мумкин.

    3) Катта куфр қон ва молни ҳалол қилади. Кичик куфр қон ва молни ҳалол қилмайди.

    4) Мўминлар катта куфрдаги одамни ўзларининг ашаддий душманлари деб билишлари лозим. Уни яхши кўриш, у билан дўстлашиш – энг яқин қариндошлари бўлса ҳам – мўминлар учун дуруст эмас. Кичик куфр дўстликни мутлақо ман қилмайди, унинг эгасини иймони миқдорига қараб яхши кўрилади, маъсияти миқдорига қараб ёмон кўрилади.

    Нифоқ: таърифи, турлари

    а) Нифоқнинг таърифи:

    Нифоқ ёки мунофиқлик луғатда «нофиқо» сўзидан олинган бўлиб, қўшоёқнинг инидан чиқувчи тешикларидан бири деган маънони англатади. Қўшоёқни ушламоқчи бўлинса, уларнинг биридан кириб бошқасидан чиқиб кетади. Ёки «нафақ» сўзидан олинган бўлиб, яшириниб олиш мумкин бўлган лаҳм, ертўла маъносини англатади.

    Шаръий истилоҳда унинг маъноси – зоҳирда мусулмон бўлиб кўриниб, ботинда куфр ва ёмонликни яширишдир. Мунофиқ деб аталишининг сабаби – шариатнинг бир эшигидан кириб, бошқа эшигидан чиқиб кетгани учундир. Аллоҳ таоло шу маънога диққат қаратиб: «Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқдирлар» (Тавба: 67) – яъни, шариатдан чиқувчидирлар, дейди. Аллоҳ таоло мунофиқларни кофирлардан ҳам ёмонроқ деб ҳисоблади:

    «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» (Нисо: 145).

    «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.— Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир» (Нисо: 142).

    «Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» (Бақара: 9-10).

    б) Нифоқнинг турлари:

    Нифоқ икки хил:

    Биринчи: Эътиқодий нифоқ. У – эгаси тилида исломни изҳор қилиб, дилида куфрни яширган катта нифоқдир. Нифоқнинг бу тури кишини буткул диндан чиқаради ва бундай кимса дўзахда абадий қолади. Аллоҳ таоло бу нифоқ аҳлини куфр, иймонсизлик, динни ва диндорларни масхара қилиш, дин душманларига уларнинг Исломга бўлган адоватларида шерик бўлиш каби барча ёмон сифатлар билан сифатлади. Мунофиқлар ҳар бир замонда мавжудлар. Хусусан, Исломнинг куч-қудрати кўриниб, унга ошкора қарши чиқишга қодир бўлмаган пайтларида мусулмонларга ичкаридан фириб бериш учун ва мусулмонлар орасида яшаб, молу жонларини асраб қолиш учун ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишади. Мунофиқ зоҳирда Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига иймон келтирган бўлиб кўринади, бироқ аслида буларнинг ҳаммасини ёлғон деб эътиқод қилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мунофиқларнинг сир-асрорларини очиб, ниқобларини йиртиб ташлади. Бандалари нифоқ ва мунофиқлардан эҳтиёт бўлишлари учун уларнинг қилмишларини ёритиб берди. Бақара сурасининг аввалида оламдаги учта тоифани – мўминлар, кофирлар ва мунофиқларни баён қилиб, мўминларни тўрт оятда, кофирларни икки оятда зикр қилиб ўтди, мунофиқларни эса кўпликлари, ислом ва мусулмонларга нисбатан фитналари қаттиқ бўлгани боис ўн уч оятда баён қилди. Зотан, исломнинг улар билан мусибатланиши ғоят қаттиқдир. Чунки улар исломга, унга ёрдам бериш ва у билан дўстликка мансублар, ҳақиқатда эса унинг ашаддий душманидирлар.

    Бу нифоқ олти турга бўлинади:

    1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи санаш;

    2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг баъзисини рад қилиш;

    3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўриш;

    4) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларнинг баъзисини ёмон кўриш;

    5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диннинг кучсизланиши билан шодланиш;

    6) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динлари кучайишни ёмон кўриш.

    Иккинчи: Амалий нифоқ. У – дилда иймон сақланиб қолгани ҳолда мунофиқларнинг амалларидан баъзисини қилишдир. Нифоқнинг бу тури кишини диндан чиқармайди, бироқ шунга олиб боради. Бу нифоқ эгасида иймон ҳам, нифоқ ҳам бўлади. Нифоқи кўпайса, шу сабабли ҳақиқий мунофиққа айланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари бунга далилдир: «Кимда тўртта сифат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни тарк қилгунича унда нифоқдан бир сифат бор бўлади: Унга омонат берилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, аҳд берса вафо қилмайди, хусуматлашса фожирлик қилади (ҳақдан оғиб кетади)

    Кимда мазкур тўрт сифат жамланса, унда ёмонлик бари жамланибди ва у ҳақиқий мунофиқларнинг сифатларига эга бўлибди. Кимда бу сифатлардан биттаси бўлса, мунофиқликнинг битта сифатига эга бўлибди. Гоҳо бандада яхшилик ва ёмонлик сифатлари, иймон ва куфру нифоқ сифатлари жамланиб қолади. Мазкур сифатлар тақозоси билан қилган амалларига кўра савоб ва иқобга лойиқ бўлади. Мисол учун, намозни масжидда жамоат билан адо қилишдан эриниш ҳам мунофиқлар сифатларидан. Мунофиқлик ғоят ёмон ва хатарлидир, саҳобалар унга тушиб қолишдан қаттиқ қўрқишар эди. Ибн Аби Мулайка айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўттизтаси билан кўришганман, ҳаммалари мунофиқликдан қаттиқ қўрқардилар».

    Катта нифоқ билан кичик нифоқ ўртасидаги фарқлар:

    1) Катта нифоқ диндан чиқаради, кичик нифоқ диндан чиқармайди.

    2) Катта нифоқ – эътиқодда ич ва ташнинг фарқли бўлишидир, кичик нифоқ эса эътиқодда эмас, амалда ич ва ташнинг фарқли бўлишидир.

    3) Катта нифоқ мўминдан содир бўлмайди, кичик нифоқ гоҳо мўминдан ҳам содир бўлади.

    4) Катта нифоқ эгаси кўпинча тавба қилмайди. Тавба қилганида ҳам унинг тавбаси қабул бўлиши ҳақида ихтилофлар бор. Кичик нифоқ ундай эмас, унинг эгаси тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Кўпинча мўмин кишига нифоқ хислатларидан бир хислат кўндаланг бўлади-да, сўнгра Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Баъзан нифоққа олиб борадиган баъзи нарсалар унинг дилига келиб қолади Аллоҳ эса уни даф қилади. Мўмин шайтон васвасалари ва куфр васвасаларига мубтало бўлади ва бундан юраги сиқилади. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, бизлардан биримиз дилида шундай нарсани топадики, осмондан ерга ташлаб юборилиши уни айтишдан кўра яхшироқ» деганларида у зот: «Ана шу (яъни, ҳиссиётингиз) соф иймондир», дедилар. Бир ривоятда: «Буни айтиш жуда оғир» дейишганида: «Унинг найрангини васвасага чеклаб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дедилар.

    Аммо катта нифоқ аҳлига келсак, Аллоҳ таоло улар ҳақида: «(Улар) кар, соқов, кўрдирлар, демак (ботил йўлларидан исломга) қайтмайдилар» (Бақара: 18) дейди. Яна улар ҳақларида: «Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога – фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар» (Тавба: 126) дейди.

    Шайхулислом Ибн Таймия айтади: Уламолар уларнинг тавбаси зоҳирда қабул бўлиши ҳақида ихтилоф қилганлар, чунки улар доим мусулмонлик даъвосида бўлишганидан тавбалари ҳам маълум бўлмайди.

    Ибн Таймия: «Мажмуъул фатово» (12 – 335).

    Бухорий ва Муслим ривоятлари.

    Бухорий ва Муслим ривоятлари.

    Термизий ривояти.

    Таҳовия шарҳидан қисқартириб олинди.

    Ибн Асир: «Ан-Ниҳоя» (5/98).

    Ибнул Қоййимнинг мунофиқларнинг сифатлари ҳақидаги рисоласидан.

    Муттафақун алайҳ.

    Аҳмад ва Муслим ривоятлари.

    Китобул иймон: 238-с.

    Мажмуъул фатово (28/434, 435).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963