Бизга боғланинг
Товус ибн Кайсон/Тўғри йўлга йўлловчи воиз
Тўғри йўлга йўлловчи воиз
“Эй Абу Абдурраҳмон, сизни тушимда кўрдим. Сиз Каъбанинг ичида намоз ўқиётган экансиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба эшиги олдида туриб: “Ниқобингни очиб, қироатингни равон қил, эй Товус”, — деб айтаётган эканлар”. (Мужоҳид)
Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик Маккага етиб келиб, Масжидул Ҳаром атрофидаги жойлардан бирига ўрнашмай, Каъбаи муаззамага бўлган завқ-шавқини қондирмай туриб , дарбонига : “Бизга динимизни тушунтирадиган, шундай улуғ кунларда бизларга эслатма ўлароқ панд-насиҳат қиладиган бир олимни суриштириб топгин” деб, амр қилди. Дарбон одамлар оралаб, халифанинг истагини қондира оладиган киши ҳақида сўраб-суриштирди. Одамлар унга: “Сен Товус ибн Кайсонга бор. У замонамиз фуқаҳоларининг саййиди, Аллоҳ таоло йўлига даъват қилишда энг сўзи ўткир олимлардан, сен уни маҳкам тут” деб, маслаҳат бердилар. Дарбон Товус ибн Кайсоннинг ҳузурига келиб, унга халифанинг чорловини етказди. Товус ибн Кайсон пайсалга солмай, халифанинг чақириғини дарҳол қабул қилдилар. Чунки у зот Аллоҳ таоло йўлидаги даъватчилар ҳар қандай фурсатдан фойдаланиб қолиши, кечиктирмай унга шошилиши лозим деб билар ва энг афзал сўз ҳокимларнинг хатоларини тўғрилаш, уларни жабр-зулмдан қайтариш ва Аллоҳ таолога уларни яқинлатиш учун айтилган ҳақ сўз эканига амин эдилар.
Товус дарбон билан бирга кетдилар ва халифанинг ҳузурига кириб бориб, салом бердилар. Халифа саломга гўзал жавоб қайтариб, олимни илиқ кутиб олди ва ўзига яқин ерга ўтқазди. Сўнг ўзига тушунарсиз бўлган ҳаж масалалари ҳақида сўрай бошлади. Олимнинг жавобларини эҳтиром ила диққат билан тинглар эди.
Товус ибн Кайсон айтадилар: “Халифанинг мақсади ҳосил бўлиб, сўрайдиган нарсаси қолмаганини билгач, , ичимда ўзимга хитобан: “ Эй Товус! Бу шундай йиғинки, Аллоҳ таоло сени бу ҳақда шубҳасиз сўроқ-савол қилади”, дедим, сўнг халифага юзланиб: “Эй мўминлар амири, жаҳаннам қаъридаги қудуқнинг лабидаги бир тош ана шу қудуқнинг ичига қулаганида етмиш йилдан сўнг унинг тубига етиб борган. Уни Аллоҳ таоло кимлар учун тайёрлаб қўйганини биласизми?”— дедим. Халифа ўйлаб турмасдан: “Йўқ” — деб жавоб берди. Бироқ дарҳол ўзини ўнглаб, ҳолингизга вой бўлсин!: “Ким учун тайёрлаб қўйган?” деб сўради.. Мен: “Аллоҳ таоло у қудуқни ҳукмронликда Ўзига шерик қилган, яъни, одамлар устидан ҳукмрон қилиб қўйган бандаси агар жавр қилса, ана шундай ҳокимлар учун тайёрлаб қўйгандир” — дедим. Бу гапни эшитган Сулаймонни титроқ ушлади. Унинг ҳолатини кўриб, ҳозир жон таслим қилса керак, деб ўйлаб қолдим. У юракларни эзадиган мунгли товушда пиқиллаб йиғлай бошлади. . Мен ўрнимдан туриб чиқиб кетарканман, ортимдан: “Аллоҳ ажрингизни берсин”, — деб, такрор-такрор айтиб қолди.
Умар ибн Абдулазиз халифалик мансабига ўтирганида, Товус ибн Кайсонга: «Эй Абу Абдурраҳмон менга насиҳат қилинг», — дебмактуб йўллайди. Улуғ тобеин бир қаторлик насиҳат мактубини ёзиб юборадилар: “Амалингизнинг ҳаммаси яхши бўлишини хоҳласангиз, волийликка фақат яхшиларнигина тайинланг, (вассалом)”. Умар ибн Абдулазиз мактубни ўқиб: “Етарли ваъз бўлибди… Етарли ваъз бўлибди”, — деди.
Халифалик Ҳишом ибн Абдулмаликка ўтгач Товус ибн Кайсон билан халифа орасида бўлиб ўтган кўпгина машҳур воқеалар ҳақида ривоятлар келган. Шулардан бири: “Ҳишом ибн Абдулмалик ҳаж ниятида Маккага келади. Ҳарами шарифга киргач, Макка аҳлидан бўлган аъёнларига: “Излаб кўринглар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирон киши бормикин? ” — деди. Улар:
— “Эй Мўминлар амири, саҳобаларнинг биронталари ҳам қолмай барчалари бирин кетин Раббиларининг ҳузурига кетибдилар”.
— “Унда тобеинлардан топинглар”.
Тобеинлардан Товус ибн Кайсонни олиб келдилар. Товус ибн Кайсон халифанинг ҳузурига кирганида оёқ кийимини гиламнинг бир четига ечиб, халифага “Мўминлар амири”ни қўшмасдан салом берди. Куняси билан эмас, исми билан мурожат қилди ва изн бўлмасдан аввал ўтириб олди. Бундан Ҳишом ғазаб ўтида ёнди, ғазаб аломати унинг кўзларида ҳам кўриниб турарди. Сабаби, бу ҳолни у ўзига қарши журъат ҳамда ён-атрофдагилар ва хизматчилар кўз ўнгида ҳайбатини кетказиш деб баҳолади. Лекин, шу билан бирга у Ҳарамда эканини эсга олиб, дарҳол ўзини босиб олди ва оғирлик билан Товус ибн Кайсондан: “Нима сабабдан бундай иш қилдинг?” — деб, сўради. Товус ибн Кайсон:
— “Нима иш қилибман?”. Халифанинг ғазаби қайта қўзғаб:
— “Кавушингни гиламнинг четига ечиб қўйдинг, “Мўминлар амири” демай салом бердинг, куням билан эмас, исмим билан чақирдинг, изн бермасимдан аввал ўтириб олдинг”. Товус ибн Кайсон вазминлик билан:
— “Кавушимни гиламингиз четига ечганимдан бошласак, мен ҳар куни Раббул изза ҳузурида кавушимни беш маротаба ечиб қўяман… У мени койимайди, менга ғазаб ҳам қилмайди. “Мўминлар амири”ни қўшмай салом берганимга келсак, барча мусулмонлар ҳам сизнинг халифалигингизга рози эмаслар, шунинг учун “эй Мўминлар амири” — деб айтсам, ёлғончилардан бўлиб қолишдан қўрқдим. “Куням билан эмас, исмим билан чақирдинг” деб, маломат қилишингизга жавобим: “Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини исмлари билан чақирган: “Эй Довуд… Эй Яҳё… Эй Ийсо… деб, душманларини эса кунялари билан чақирган: “Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай — ҳалок бўлгай! (Аниқ-ки) у қуриди — ҳалок бўлди!”. Изн бўлмай ўтириб олганим эса… Мен мўминлар амири Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан: “Дўзах аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлсанг, ўзи ўтирган ҳузуридаги одамлар тик турган кишига қарагин” — деб айтганларини эшитганман, шунинг учун дўзах аҳлидан деб саналган киши бўлиб қолишингизни хоҳламадим” — деб жавоб берди. Ҳишом ибн Абдулмалик хижолатдан ерга қараб қолди, сўнг бошини кўтариб: “Менга насиҳат қилинг, эй Абу Абдурраҳмон” — деди. Товус ибн Кайсон деди: “Мен Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг бундай деганларини эшитганман: “Жаҳаннамда йўғон, узун устунлар мисол илонлар, хачирлардек чаёнлар бор. Улар раияти орасида адолат қилмаган раҳбарларни чақадилар”. Сўнгра Товус ибн Кайсон ўрнидан туриб чиқиб кетдилар.
Товус ибн Кайсон айрим ҳокимларга панд насиҳат қилиш ва тўғри йўлга йўллаш учун иқбол қилса, бошқаларидан уларга таъзир бўлсин учун юз ўгирар эди.
Товус ибн Кайсоннинг ўғли ҳикоя қилади: “Бир йили отам билан Ямандан ҳаж ниятида сафарга чиқдик. Йўлда истироҳат учун шаҳарлардан бирига тушдик. Шаҳар ҳокими ҳокимларнинг энг ёмонларидан, ҳаққа қарши чиқишга ўта журъатли ва ботилга муккасидан кетган Ибни Нажиҳ исмли киши эди. Фарз намозини адо этиш учун масжидга кирдик. Ҳоким отамнинг келганларини эшитиб, масжидга келди. Отамнинг қаршиларига ўтириб салом берди. Отам саломига алик ҳам олмай, тескари қараб ўтириб олдилар. Ҳоким ўнг тарафларидан келиб гапирди. Отам юз ўгирдилар. Чап тарафларидан келиб гапирди. Отам яна юз ўгирдилар. Бу ҳолатни кўргач, мен ҳокимнинг олдига бориб салом бердим ва кўришиш учун қўл узатиб: “Отам сизни танимадилар” — дедим. Ҳоким: “Отангиз мени яхши танийдилар. Мени яхши билганлари учун ҳам мана шундай қиляптилар” — деди ва бошқа гапирмай жимгина ўрнидан туриб чиқиб кетди. Манзилимизга қайтгач отам менга: “Ҳой аҳмоқ! Бундайин ҳокимларнинг орқасидан қаттиқ мазаммат қилардинг, ўзларини кўрганингда мулойимлик қилдингми?! Ахир бу мунофиқлик эмасми?!”— деб, койиб бердилар.
Товус ибн Кайсон даъват-у насиҳатларини халифа ва ҳокимларгагина чекламаган эдилар, балки насиҳат талаб бўлган ҳар бир кишига панд-насиҳатларини аямас эдилар. Ато ибн Аби Рабоҳ ҳикоя қилади: “Товус ибн Кайсон мени ўзлари ёқтирмаган ўринда кўриб: “Эй Ато, сенинг юзингга эшигини ёпиб, эшигига соқчи қўйиб қўйган кишига эҳтиёжларингни айтмагин. Балки сенга эшикларини ланг очиб қўйган, Унга дуо қилсанг ижобат қилиш ваъдасини берган Зотдан хожатларингни талаб қил” — деб, насиҳат қилдилар.
Товус ибн Кайсон ўз ўғилларига қилган насиҳатларида: “Эй фарзанд, оқил инсонларга ҳамсуҳбатбўл, шунда гарчи улардан бўлмасанг ҳам, уларга мансуб деб ҳисобланасан. Жоҳилларга қўшилма, зеро, улар билан бирга бўлсанг, гарчи жоҳиллардан бўлмасанг ҳам, уларга мансуб деб ҳисобланасан. Шуни билки, ҳар бир нарсани олий мақсади бўлади. Кишининг олий мақсади дини ва хулқининг комил бўлишидир”.
Бу насиҳатларнинг самараси ўлароқ Товус ибн Кайсоннинг ўғли Абдуллоҳ отасидан олган тарбия асосида ўсиб улғайди. Отасидаги барча яхши сифатларни ўзида жамлаб, отасига монанд фарзанд бўлиб етишди. Бунинг мисоли, Аббосий халифалардан Абу Жаъфар Мансур бир куни Товус ибн Кайсоннинг ўғли Абдуллоҳ билан Молик ибн Анасни (Моликия мазҳабининг асосчиси) ҳузурига таклиф қилди. Икковлари халифанинг қабулига кириб, ўзларига муносиб жойга ўтиришгач, халифа Абдуллоҳ ибн Товусга юзланиб: “Отангиз айтиб берган ҳадислардан менга ҳам айтиб беринг” — деди. Абдуллоҳ ибн Товус: “Отам менга ушбу ҳадисни айтиб берган эдилар: “Қиёмат куни одамларнинг энг қаттиқ азобланадигани, Аллоҳ уни Ўз салтанатида шерик қилган-унга ҳокимликни насиб қилган, у эса жавр билан ҳукм юритган кимсадир.» Имом Молик дедилар: “Мен Абдуллоҳ ибн Товусдан бу сўзни эшитгач, унинг қони сачраб кийимларимга тегишидан қўрқиб, кийимимни йиғиштириб олдим… Бироқ, Абу Жаъфар Мансур узоқ жим бўлиб қолди. Сўнгра биз билан хайрлашиб чиқишимизга изн берди”.
Товус ибн Кайсон юз ёшдан ошиқ, баракотли ва узун ҳаёт кечирган бўлсаларда, , қарилик у зотнинг ўткир зеҳнлари, хотиралари ва ҳозиржавобликларига асло путур етказмаган эди. Абдуллоҳ Шомий шундай айтади: “Товус ибн Кайсоннинг панд-насиҳатларидан эшитиш мақсадида уйларига келдим, аммо ўзларини танимас эдим. Эшикни тақиллатдим. Ёши улуғ бир қария чиқди. Салом бериб дедим:
— “Сиз Товус ибн Кайсонмисиз?”
— “Йўқ, мен унинг ўғлиман.”
— “Сиз ўғли бўлсангиз, унда ўзлари қариб-қартайиб, эс-ҳушлари кирди-чиқди бўлиб қолган бўлса керак, мен илмларидан фойдалайин деб узоқдан келган эдим”.
— Ҳолингга вой бўлсин! Шуни билки, Қуръонни кўтарганларнинг эслари кирди-чиқди бўлмайди… Киравер.” Товус ибн Кайсоннинг ҳузурларига кириб салом бердим ва дедим:
— “Илмингиздан фойдаланиш, панд насиҳатларингизни тинглаш мақсадида келган эдим.”
— “Сўрайвер, фақат қисқа қил, чўзиб юборма.”
— “Имкони борича қисқа қиламан иншааллоҳ.”
— ….
— “Хоҳласанг Таврот, Забур, Инжил ва Қуръонда келган нарсаларнинг хулосасини жамлаб айтиб бераман.”
— “Ҳа албатта, айтиб беринг.”
— “Аллоҳ таолодан шундай қўрққинки, Ундан ўзга бирон нарса сен учун ундан кўра қўрқинчлироқ бўлмасин. Аллоҳдан умид қилишинг эса, Ундан қўрқишингдан-да зиёда бўлсин. Ўзингга нимани яхши кўрсанг, бошқаларга ҳам шуни раво кўр.”
106- ҳижрий сана Зул Ҳижжа ойининг ўнинчига ўтар кечаси, улуғ ёшли шайх Товус ибн Кайсон қирқинчи бор ҳаж қилиб, ҳожилар билан бирга Арафотдан Муздалифага тушдилар. Муздалифанинг пок ерларига тушиб, шом билан хуфтон намозларини жамлаб ўқигач ором олиш учун ёнбошлаганларида, оиласии ва ватанидан узоқ, аммо Аллоҳга яқин ҳолида, эҳромда, талбия айтаёган, Аллоҳнинг ажру савобини умид қилган, Аллоҳнинг фазли марҳамати билан онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок ҳолда жонларини таслим қилдилар.
Тонг отиб, муборак жасадларини дафн қилмоқчи бўлганларида, одамлар ўта тиқилинч бўлиб кетганидан тобутни олиб чиқиб, дафн қилишнинг имкони бўлмай қолди. Шунда Макканинг амири бир қанча аскарлар юборди. Улар одамларни четлатиб, дафн қилишга имкон қилиб бердилар. Товус ибн Кайсоннинг жанозаларига саноғи ёлғиз Аллоҳга аён жуда кўп инсонлар ҳозир бўлдилар. Жаноза ўқиган мусулмонлар ичида уларнинг халифаси Ҳишом ибн Абдулмалик ҳам бор эди.