Бизга боғланинг
Қуръон ва суннат шуъласида ҳаж ва умра қилиш (2)
Ҳаж ва умра турлари
- Фақат умра:
Мийқотда эҳром боғланар экан, «Лаббайкаллоҳумма умратан» деб, умрага ният қилинади. Умра адо этилганидан сўнг эҳромлар ечилади. Умрани Таматтуъ ҳажи асносида ҳам қилиш мумкин. Ҳажнинг бу турида аввал умра қилинади ва эҳромдан чиқилади, сўнг ҳаж учун алоҳида эҳром боғланади.
- Қирон – ҳаж ва умрани бир эҳром билан қилиш:
Эҳром боғлаш асносида: «Лаббайка умратан ва ҳажжан» дея ният қилинади ва умра қилинганидан сўнг ҳаж ибодати адо этилгунига қадар эҳромдан чиқилмайди.
- Ифрод – фақат ҳаж қилиш:
Ифрод ниятидаги одам мийқотда «Лаббайкаллоҳумма ҳажжатан» дея фақат ҳаж учун ният қилади ва эҳром кияди.
Эҳром кийилганидан сўнг ҳаром бўладиган ишлар:
- Сочни ёки бадандаги бирор тукни сабабсиз олиш. Тук ва сочлар ўзлари тўкилса, зарари йўқ.
- Тирноқларни олиш. Тирноқлар синса ёки ўзи тушса, зарари йўқ.
- Эркаклар бошлари ва юзларини бирон нарса билан ўрашлари. Салла ва бош кийим кийиш ҳам шу ҳукмдадир. Соябондан фойдаланиш тақиқланмаган.
- Эркаклар шим, кўйлак, қўлқоп ва пайпоқ каби баданга мослаб тикилган, шунингдек, хушбўйлантирилган кийимларни кийишлари.
- Эҳромга киргандан кейин қасддан хушбўй моддалар аралаштирилган нарсаларни еб-ичиш ёки хушбўй нарсаларни баданга суртиш. (Атир совун ишлатиш ҳам шу жумладандир. Муҳаррир изоҳи).
- Ов ҳайвонларини тутиш ва ўлдириш.
- Никоҳланиш.
- Жинсий алоқа қилиш.
- Хотинини қучоқлаш, ўпиш ва жимоъдан ташқари яқинлик қилиш.
Мазкур ҳаром ишларни қасддан ва билган ҳолда қилган кишилар фидя беришлари вожиб бўлади.
Эҳром кийган одамга мубоҳ (рухсатли) бўлган ишлар
Эҳром боғлаган одам қуйидаги ишларни қилиши мумкин:
- Оёқ тўпиқларидан паст бўлган пойабзал кийиш.
- Салқинлаш мақсадида ғусл қилиш.
- Эҳроми кир бўлса ювиш ёки бошқа эҳромга алмаштириш.
- Кўзойнак тақиш.
- Қўл соати тақиш.
- Қон олдириш.
- Соябон, дарахт, бино ёки машина сояларидан фойдаланиш.
- Белига камар, белбоғ ёки ҳамён боғлаш.
- Зарарли бўлган ҳашаротлар, қутурган ит ва қушларни ўлдириш.
- Хотин-қизлар шариатда изн берилган шаклдаги ҳар қандай кийимни кийишлари.
Ҳажнинг рукнлари
Тўғрироқ фикрга кўра, ҳажнинг рукнлари тўрттадир:
- Эҳром.
Эҳром ибодатни бошлашга ният қилиш демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар ниятларга кўра эътиборга олинади», деганлар[1].
- Арафот майдонида туриш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж Арафотдир», дедилар[2].
- Ифоза тавофи.
Аллоҳ таоло: «Сўнгра Байтул-Атиқ (Каъба)ни тавоф қилсинлар», деди (Ҳаж, 22).
- Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш (юриш).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саъй қилингиз. Чунки Аллоҳ сизларга саъйни фарз қилди», дедилар[3].
Ойша разияллоху анҳо деди: «Аллоҳга қасамки, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмаган одамнинг ҳажини Аллоҳ комил ҳаж ўлароқ қабул қилмайди»[4].
Ҳажнинг вожиблари
- Мийқотда эҳром боғлаш.
- Арафотда қуёш ботгунига қадар туриш. Арафотда пешин намози вақтидан то Қуёш ботгунига қадар ибодат ва дуолар билан машғул бўлиш мақсадга мувофиқдир.
- Тунни Муздалифа водийсида ўтказиш.
- Ташриқ кунлари Минода тунаш.
- Тошларни жамаротга (тош отиладиган ўринларга) тартиб билан отиш.
- Сочларни кисқартириш ёки устарада олдириш.
- Видолашув тавофи.
Умранинг рукнлари
- Эҳром.
- Тавоф.
- Саъй.
Умранинг вожиблари
- Масжиди Ҳаром ҳудудларидан ташқарида эҳром боғлаш.
- Сочларни қисқартириш ёки устара билан қириш.
Байтуллоҳни тавоф қилиш
- Умра ёки ҳаж ибодатини адо этиш учун Байтуллоҳга келган одам тавофга киришишдан аввал талбия айтишни тўхтатади ва имкони борича одамларга озор бермасликка ҳаракат қилади. «Ҳажарул-асвад» (қора тош)ни қўли ё ҳассаси билан силайди ёки қўлини Ҳажарул-асвад томонга кўтариб: «Аллоҳу акбар», дейди.
- Тавоф асносида Байтуллоҳ кишининг чап тарафида қолади. Тавоф бошлар экан, бундай дейди: «Эй Аллоҳ, Сенга иймон келтирган, Китобингни тасдиқлаган, аҳдингга вафо қилган ва пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашган ҳолда(тавофимни бошлайман)»[5].
- Эркаклар тавофнинг аввалги уч шавти (айланиши)да енгил югурган ҳолда тавоф қиладилар.
- Эркаклар тавофда ўнг елкаси очилган ва чап елкаси ўралган ҳолатда тавоф қилади.
- Рукнул-ямонийнинг рўпарасига келган пайти уни қўли билан силайди. Рукнул-ямоний билан Ҳажарул-асвад ўртасида: «Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил-ахироти ҳасанатан ва қина азабан-нар» (Раббимиз, бизларга дунёда ҳам, охиратда хам яхшиликлар бер ва бизларни дўзах оловидан асра) деб дуо қилади.
- Ҳажарул-асвад олдига келганида уни силайди ёки ўпади. Бундай қилишнинг имкони бўлмаса, Ҳажарул-асвад қаршисига келганида унга ўнг қўли билан ишора қилиб, бир марта такбир айтади (яъни «Аллоҳу акбар» дейди).
- Тавофнинг еттинчи шавти тугаганидан сўнг эҳромлар тузатилиб, елкалар тўлиқ ёпилиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомига борилади ва унинг ортида икки ракаат намоз ўқилади. Агар у ерда намоз ўқишнинг имкони бўлмаса, масжиднинг қаерида ўқиса хам бўлаверади. Намознинг биринчи ракаатига «Кофирун», иккинчи ракаатига «Ихлос» сураларини зам сура қилиш мустаҳабдир.
- Замзам қудуғига бориб, сув ичилади ва бошдан сув қуйилади. Бундай қилиш мустаҳаб (суннат)дир.
- Имкон бўлса, такрор Ҳажарул-асвад олдига бориб, уни силаш ёки ўпиш мустаҳабдир.
Сафо ва Марва орасида саъй қилиш
- Ҳожи ёки умра қилаётган одам Байтуллоҳни тавоф қилганидан сўнг Сафо тепалиги томон юради. Сафога яқинлашган пайти ушбу оятни ўқийди:
(إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَنْ يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ) (البقرة:158)
«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳнинг диндаги зоҳир белгиларидандир. Ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ким тоат-ибодатларни ўзи хоҳлаб, Аллоҳга ихлос билан адо этса, шубҳасиз Аллоҳ таоло Шокир, яъни оз амалга кўп ажр-савоб берувчи, шунингдек, бандаларининг амалларини яхши билувчи зотдир» (Бақара, 158). Кейин: «Аллоҳ бошлаган нарса билан бошлайман», дейди.
- Байтуллоҳ кўриниб турадиган даражада Сафо устига чиқади ва бундай дейди: «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху ла шарика лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду, юҳйий ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодир. Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, анжаза ваъдаҳу ва насоро абдаҳу ва ҳазамал-аҳзоба ваҳдаҳ» (Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Ёлғиз шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Мулк ва мақтовлар Унгагина хосдир. У ўлдиради ва тирилтиради. У барча нарсага қодирдир. Ягона шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У ваъдасига вафо қилди, бандасига ёрдам берди ва ўзи душман гуруҳларини мағлуб этди). Кейин қўлларини кўтариб, қодир бўлганича дуо қилади.
- Сўнг Сафодан тушиб, Марва томон юра бошлайди. Яшил чироқлар қўйилган ерга келганида имкони борича тезроқ югуради. Аммо югуриш асносида бошқаларга зарар бермайди. Яшил чироқлар қўйилган ердан ўтганидан сўнг одатдагидек юради ва Марва тепалигига чиқади. Сафода нима қилган бўлса, Марвада ҳам айни ишларни такрорлайди.
- Марвадан Сафога қайтар экан, саъй асносида ўзи хоҳлаган зикр ва дуоларни қилиши мумкин. Яшил чироқлар қўйилган ерда тезроқ югуради. Сафонинг устига чиқиб, яна дуо ва зикрлар қилади.
Саъйни таҳоратсиз қилса ҳам бўлаверади. Сафодан Марвага бориш бир, Марвадан Сафога қайтиш икки дея саналади.
- Сафодан бошланган саъйнинг еттинчи шавти Марвада тугайди. Кейин сочлар қисқартирилади ёки устара билан қирилади. Аёллар сочларини жамлаб, унинг учидан бир бармоқ бўғини миқдорида кесишлари етарлидир.
Мазкур амалларни умра ниятида адо этган киши эҳромини ечади ва шу билан умраси тугайди. Қирон ҳажи ниятидаги одам эса қурбонлиги бўғизланганини билганидан сўнггина эҳромини ечади ва эҳром асносида ҳаром бўлган барча ишлар унга ҳалол бўлади.
[1] «Фатҳул Борий», 1/9; «Саҳиҳи Муслим», 3/1515.
[2] Албоний, «Ирвоул ғалил», 4/256.
[3] Албоний, «Ирвоул ғалил», 4/269; Имом Аҳмад, «Муснад», 6/421.
[4] «Фатҳул Борий», 3/497; «Саҳиҳи Муслим», 2/928.
[5] Байҳақий, 5/79; Абдурраззоқ, «Мусаннаф», 5/33; Ибн Таймийя, Фатово», 27/120.