Қуръон ва суннат шуъласида ҳаж ва умра қилиш (1)

    Муаллиф: Шайх Саид Қаҳтоний
    Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

    Борлиқни яратган ва дунёю охират бахт-саодатига кафил бўлувчи ибодатларни бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, бутун оламга раҳмат қилиб юборган сўнгги пайғамбарига салавоту саломлар бўлсин.

    Аллоҳ таоло шариатида баён қилган ибодатлардан бири ҳаж ва умрадир.

    Ҳаж ва умранинг фазилатлари

    Бу ибодатлар банданинг гуноҳлардан покланиши учун улкан имкониятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бу Уйга (Байтуллоҳга) келиб, ёмон сўзлар сўзламаса ва ахлоқсиз ишлар қилмаса, онасидан янги туғилган кунидаги каби (уйига) қайтади»[1].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга: «Ҳаж ўзидан аввалги гуноҳларни ўчириб юборишини билмайсанми?!» деганлар[2].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Энг афзал амал қайси?» деб сўралди. У зот: «Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш», дедилар. «Кейинчи?» деган саволга: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар. «Кейинчи?» деб сўралганида: «Мабрур (яъни Аллоҳ бекаму-кўст қабул қилган) ҳаж», деб жавоб бердилар[3].

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Умра ва ҳажни кетма-кет (яъни кўп-кўп) қилингиз. Чунки босқон олтин ва кумуш устидаги кирларни кетказганидек ҳаж ила умра фақирлик ва гуноҳларни ўчиради. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир»[4].

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг карвони учтадир: ғозийлар, ҳожилар ва умра қилувчилар», дедилар»[5].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқувчилар, ҳаж ва умра қилувчилар Аллоҳнинг карвонларидир. Аллоҳ уларни чақирди ва улар чақириққа итоат қилиб келдилар. Улар ҳам буни Аллоҳдан сўрадилар ва У зот ҳам уларнинг сўровларини ижобат қилди»[6].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У бандаларга жуда яқин келади, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади»[7].

    Ҳаж аҳкомлари

    Ҳаж Аллоҳ таолонинг китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва умматнинг ижмоси билан фарз бўлган ибодатдир.

    Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деди: «Аллоҳ қодир бўлган кишига ҳаж қилиш учун ушбу Уйга (Байтуллоҳга) келишни фарз қилди» (Оли Имрон, 97).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш асос устига қурилган» дедилар ва жумладан ҳажни ҳам зикр қилдилар[8].

    Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Эй Аллоҳнинг расули, хотин-қизларнинг ҳам жиҳод қилиш мажбуриятлари борми?» деб сўради. Шунда у зот: «Ҳа, уларнинг урушсиз жиҳод қилиш мажбуриятлари бор. У ҳаж ва умрадир», деб жавоб бердилар[9].

    Ислом уммати ҳаж шариат буюрган ибодат эканига ижмо қилган.

    Ҳажнинг шартлари

    Қуйидаги беш шарт ўзларида топилган кишилар ҳаётлари давомида бир марта ҳаж ва умра қилишлари фарздир.

    Биринчи шарт: мусулмонлик.

    Аллоҳ таоло деди: «Мушриклар нажас (нопок)дирлар ва бу йилдан сўнгра Масжиди Ҳаромга яқинлашмасинлар» (Тавба, 28).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни амир қилиб, ҳаж қилиш учун юборган гуруҳ ичида мени бундай дея эълон қилишга буюрдилар: «Бу йилдан сўнгра ҳеч бир мушрик ҳаж қила олмас ва Байтуллоҳни яланғоч одам тавоф эта олмас»[10].

    Иккинчи шарт: ақлли бўлиш.

    Бошқа ибодатларда бўлгани каби ҳажда ҳам банданинг ақлли бўлиши шарт қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қалам уч кишидан кўтарилган (яъни уларга гуноҳ йўқдир): ақлини йўқотган мажнун ўзига келгунича, ухлаган уйғонгунича ва ёш бола балоғат ёшига етгунича»[11].

    Учинчи шарт: балоғат ёшига етиш.

    Балоғат ёшига етмаган болаларга ҳаж қилиш фарз эмас. Аммо ҳаж қилсалар, ота-оналарига савоб ёзилади. Бир аёл қўлидаги боласини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатиб: «Бунинг ҳажи ҳаж бўладими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, савоби сенга бўлади», деб жавоб берганлар[12].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қай бир ёш бола ҳаж қилса, балоғат ёшига етганидан сўнг қайта ҳаж қилиши фарздир. Қай бир қул ҳаж қилса, озодликка (эришиб, ҳур бўлганидан) сўнг қайта ҳаж қилиши фарздир»[13].

    Тўртинчи шарт: ҳурлик.

    Қул ва чўрига ҳаж қилиш фарз эмас. Ҳаж қилса, ибодати дуруст бўлади, аммо фарз қилинган ибодат ўрнига ўтмайди. Юқоридаги ҳадис бунга далилдир.

    Бешинчи шарт: қодир бўлиш.

    Ҳаж ҳаж ибодатлари адо этиладиган ўринларга боришга имкони етган кишилар учунгина фарздир. Йўллар нотинч бўлса ёки кишининг ҳаж қилишга етарли мол-мулки бўлмаса, унинг зиммасида ҳаж фарз бўлмайди.

    Хотин-қизлар учун қўшимча яна бир шарт бор. У маҳрамлари бўлишидир. Маҳрам деб уларнинг оталари, ака-укалари, тоғалари, амакилари, ўғиллари, эркак набиралари ва эрларига айтилади. Аёллар одамлар билан бир гуруҳ ичида бориб-келишига ва улар орасида хотин-қизлар кўп бўлишига қарамай, мазкур шарт соқит бўлмайди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳеч бир эркак маҳрамсиз аёллар билан сафарга чиқмасин. Аёллар маҳрамлари билангина сафар қилсинлар»[14].

    Шуни ҳам эслатиб ўтишимиз керакки, агар аёллар маҳрамсиз ҳаж қилсалар, ҳажлари фарз ҳаж ўрнига ўтади. Бироқ улар маҳрамсиз ҳаж қилганлари учун гуноҳкор бўладилар.

    Мазкур беш шарт ўзида жамланган ҳар бир одам вақтни бой бермай ҳаж қилишга шошилиши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз бўлган ҳажни кўзда тутиб: «Ҳаж учун шошилинглар! Чунки ҳеч бирингиз бошига нималар келишини билмайди», деганлар[15].

    Умар розияллоҳу анҳудан бундай дегани нақл қилинади: «Шу ўлкаларга баъзи одамларни юборсам-да, улар имкони бўлатуриб ҳаж қилмаётган кимсаларни аниқлаб, уларга жизя (солиқ) тайинласалар! Бундай кимсалар мусулмон эмаслар, улар мусулмон эмаслар»[16].

    Яна бундай дегани нақл қилинган: «Ҳаж қилишга имкони бор, йўллар хавфсиз ва ҳуррияти ўзида бўлатуриб ҳаж қилмаган одам хоҳласа яҳудий, хоҳласа насроний бўлиб ўлсин!»[17].

    Ҳаж қилиш учун ваколат бериш

    Касаллик, ўта қарилик ёки бошқа бирор сабаб билан ҳаж қила олмайдиган одамлар бошқаларга ўзларининг номидан ҳаж қилиш ваколатини беришлари мумкин. Ҳажжатул-вадоъда отаси кексалиги туфайли ҳаж қила олмаганини айтиб, унинг номидан ҳаж қилишни истаган бир аёлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг ўрнига ҳаж қилавер!» деганлар[18].

    Ваколат билан ҳаж қиладиган одам Аллоҳдан қўрқадиган ҳамда ҳаж ва умра аҳкомларини яхши биладиган, илгари ўзи учун фарз ҳажни бажарган бўлиши керак. Бундан ташқари, ўзига ҳаж ваколатини берган одамнинг мажбуриятини адо этаётгани масъулиятини тўла ҳис этиши лозим.

     Ҳаж ва умра қилувчиларга лозим бўлган одоблардан:

    1. Аллоҳ таолодан сафарининг хайрли бўлишини сўраши.
    2. Ҳаж ва умра ибодатини фақат Аллоҳ таоло учунгина қилиши. «Ҳожи» ёки «умра қилиб келган» деган унвонларни олиб, халқ ичида обрў-эътибор қозониш учун қилинган мазкур ибодатлар Аллоҳ ҳузурида қабул бўлмайди.
    3. Ҳаж ва умра аҳкомларини ўрганиши.
    4. Ҳаж ва умрани ҳалол маблағ билан қилиши. Чунки ҳаром луқма еб қилинган дуо Аллоҳ таоло тарафидан қабул қилинмайди, балки «ҳаром еган бадан жаҳаннамга киришга лойиқдир»[19].
    5. Васият ёзиб қолдириши.
    6. Сафарга солиҳ инсонлар ҳамроҳлигида чиқиши.
    7. Уйдан чиқиш, уловга миниш ва сафарга йўл олиш пайтида ўқиладиган дуоларни ўқиши.
    8. Сафар давомида кўп дуолар қилиши.
    9. Барча фарзларни буюрилганидек адо этиши. 
    10. Ҳаж ва умра қилиш асносида гўзал ахлоқли бўлиши.
    11. Ибодатларни адо этиб бўлганидан сўнг имкон қадар тезроқ оиласи бағрига қайтиши ва ҳоказо.

    Умра ва ҳажнинг мийқотлари

    Мийқот ҳаж ва умра учун махсус кийим – эҳром боғлаш керак бўлган ўрин бўлиб, ундан эҳромсиз ҳолатда ўтиб кетган ҳожи ва умрачилар гуноҳкор бўладилар. Бу мийқотлар қуйидагилардир:

    1. Зулҳулайфа:

    Зулҳулайфа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадина шаҳридаги масжидларидан 13 км, Маккадан эса 420 км узоқликдаги жойдир. Мадиналиклар ва Мадина орқали ҳаж қилувчилар шу ердан эҳром боғлайдилар.

    1. Жуҳфа:

    Жуҳфа – Шом (Сурия) тарафдан келганлар эҳром боғлайдиган жой бўлиб, Макка шаҳридан 208 км узоқликда жойлашган.

    1. Қарнул манозил:

    Бу мийқот Макка шаҳридан 78 км олисда бўлиб, Нажд, Эрон, Ироқ ва Кўрфаз аҳолиси хамда у ердан ўтаётган одамлар эҳром боғлайдиган жойдир.

    1. Яламлам:

    Яламлам яманликлар эҳром боғлайдиган ва Макка шаҳридан 120 км олисда бўлган жойдир.

    1. Зотул-ирқ:

    Зотул-ирқ Макка шарқида жойлашган ва ундан 100 км узоқликда бўлган жойдир.

    Мазкур мийқотлардан ҳаж ва умра ниятида ўтаётган барча бу ерларда эҳром боғлаши фарздир.

    Мийқотдан эҳром киймай ўтиб кетган киши ортига қайтиши ва мийқотда эҳром боғлаши керак. Мийқотга қайтмаса, бунинг жаримасига бир қўй сўйиб, қурбонлик қилиши вожиб бўлади.

    Эҳром

    Ҳаж ёки умра қиладиган одам киядиган махсус кийим эҳром дейилади. У икки бўлак матодан иборатдир. Улардан бири бел остига тиззаларни ёпадиган ҳолатда боғланади, иккинчиси эса елкага ташланади. Эҳром боғланганидан сўнг талбия айтиш бошланади. Талбия қуйидагича айтилади: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк! Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк! Иннал-ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, лаа шарийка лак». Маъноси: Илоҳим, Сенинг амрларингга мунтазирман ва Сенинг шеригинг йўқдир. Дарҳақиқат, ҳамду сано, неъмат ва мулк Сенгагина хосдир. Сенинг шеригинг йўқдир.

    [1] Имом Муслим (2/983) ва Имом Термизий (1/245) ривояти.
    [2] Имом Муслим ривояти, 1/112.
    [3] Ибн Ҳажар, «Фатҳул Борий», 3/381.
    [4] Насоий, Термизий, Ибн Можа, Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти. Аллома Албоний «Саҳиҳи Ибн Можа» китобида (2/553) ҳадиснинг саҳиҳ (дуруст, ишончли) эканини баён қилган.
    [5] Албоний «Саҳиҳи Насоий» (2/557) ва «Саҳиҳул жомеъ» (6/108) асарларида ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм қилган.
    [6] Ибн Ҳиббон, Ибн Можа ва бошқалар ривояти. Албоний «Саҳиҳи Ибн Можа» (2/149) ва «Силсила саҳиҳа»да (4/433) ҳадисни саҳиҳ деган.
    [7] Имом Муслим ривояти, 2/983.
    [8] Имом Бухорий («Фатҳул Борий», 1/49) ва Имом Муслим (1/45) ривояти.
    [9] Ибн Можа ва Имом Аҳмад («Муснад», 6/156) ривояти. Албоний «Саҳиҳи Ибн Можа» китобида (2/151) келтирган.
    [10] «Фатҳул Борий», 3/483; Имом Муслим ривояти, 2/982; «Шарҳун Нававий ала Муслим», 9/115.
    [11] «Сунан» эгалари ва Имом Аҳмад ривояти. Албоний «Ирвоул ғалил» китобида (3/3-7) ҳадис саҳиҳ эканини баён қилган.
    [12] «Фатҳул Борий», 4/71; «Саҳиҳи Муслим», 2/974.
    [13] «Фатҳул Борий», 4/71; «Ирвоул ғалил», 4/156.
    [14] «Фатҳул Борий», 6/143; Имом Муслим ривояти, 3/978.
    [15] Имом Аҳмад ривояти, 1/14; Албоний, «Ирвоул ғалил», 4/168; «Саҳиҳи Абу Довуд», 1/325; «Саҳиҳи Ибн Можа», 2/147.
    [16] Ибн Ҳажар, «Талхисул ҳабир», 2/223.
    [17] Байҳақий, «Сунанул кубро», 4/334; Ибн Ҳажар, «Талхисул ҳабир», 2/223.
    [18] Имом Муслим ривояти, 2/974.
    [19] Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (4/172) келтирган.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963