Ислом даъватининг ғояси

    5171 марта кўрилган

    الشيخ سفر الحوالي

    غاية الدعوة
    Шайх Сафар ал-Ҳавалий

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканларига гувоҳлик бераман, у зотга, аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

    Аммо баъд…

    Аллоҳга даъват қилиш ҳамда уни тўғри йўналишда олиб бориш жуда муҳим ишлардан ва бирламчи заруратлардандир. Чунки, мусулмонлар бугунга келиб, ғафлат уйқуларидан уйғониб, ўзларини Аллоҳнинг динидан бегоналашиб, илк муборак асрлар аҳли йўлларидан анча узоқлашиб кетишганини, кофирлар уларга ҳукмрон бўлиб, ҳамма томондан улар устига ёпирилиб келишганини, уларни мағлуб қилиб, ҳар тарафлама уларга ўз таъсирларини ўтказишганини кўрмоқдалар. Бу кўргуликлардан қутулишнинг асосий йўли сифатида, умматнинг жон томири, тириклигининг асоси бўлмиш Аллоҳ йўлидаги даъватни қайта тирилтириш экани ҳақиқати ўртага чиқиб келмоқда.

    Бироқ, Аллоҳга даъват қай йўсинда олиб борилмоғи лозим? Даъватнинг Аллоҳ ёқтирадиган ва рози бўладиган йўли, Аллоҳ ҳузурида мақбул бўладиган ва Аллоҳ барака ато этадиган услуби, ушбу умматга дунё халқлари ичидаги ўз муносиб ўрнини ва ер юзига халифалик мақомини қайтариб берадиган шакли-шамоили қандай бўлмоғи лозим?

    Бугун мусулмонлар орасига улардан аввалги умматлар ўртасида тарқалган бир қанча ёмон иллатлар қулоч ёйган. Ушбу иллатлардан бири шуки, улар Аллоҳга ибодатнинг тўғри манҳажидан узоқлашиб кетишган ва бунинг ортидан, табиийки, Аллоҳга даъват қилишда ҳам тўғри манҳаждан четлашиб қолишди. Албатта, бу билан бутун уммат ёппасига тўғри йўлдан четланиб кетган, дейишдан узоқмиз, чунки, Аллоҳ Ўз йўлига ҳақиқий суратда даъват қилишга муваффақ қилиб қўйган кишилар ҳамма замонларда бўлиб келган. Зотан, Аллоҳ таборака ва таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга амр этганидек: «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга ва ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108).

    Ушбу улуғ ва пурмаъно ояти каримада, уни тафаккур ва тадаббур қилган киши учун, Аллоҳ таборака ва таолога тўғри даъват қилиш манҳажи белгилаб берилган.Тавҳидга даъват

    Даъват масалалари, балки, умуман иймон масалалари ичидаги энг биринчи ва асосий масала, шубҳасиз, Аллоҳ таборака ва таоло ушбу оятда зикр қилган масаладир: «Мен Аллоҳга даъват қиламан» (Юсуф: 108).

    Бу сўзлар шунчаки бир ўткинчи сўзлар эмас. Гап орасида шунчаки айтиб ўтиладиган оддий ва аҳамиятсиз бир ибора ҳам эмас. Балки, бу гапнинг ўзагини ва жумланинг асосини ташкил қилувчи иборадир, ушбу буюк ишнинг бошланғич нуқтасидир. Яъни, даъват ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига бўлмоғи зарур. Аллоҳга ҳақиқий даъват қилувчи киши билан Аллоҳга даъват қилиш даъвосини қилгани ҳолда, аслида, Ундан ўзгасига даъват қилувчи киши орасидаги энг асосий фарқли жойи шундадир.

    Аллоҳга даъват қилиш – Аллоҳнинг тавҳидига даъват қилиш демакдир. Аллоҳ Ўз пайғамбарларини шу даъват билан юборган:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина ҳақдирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

    Аллоҳ таолонинг Китобини ўқисак, ўтган пайғамбарларнинг ҳар бири ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59) деганларини топамиз. Бу мудом такрорланиб келувчи энг асосий масала бўлиб, бошқа ҳамма масалалар унинг ортидан келади. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут-шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

    Демак, энг асосий масала шу экан.

    Демак, биз энг биринчи навбатда даъват қилишимиз ва Аллоҳга у билан ибодат қилишимиз лозим бўлган нарса Аллоҳ азза ва жалланинг тавҳиди бўлмоғи зарур экан.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида нима деб насиҳат қилганларини эсланг: «Сиз аҳли китоблардан бўлган бир қавмга бормоқдасиз. Етиб боргач, уларни энг аввал «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришга чақиринг…» Бир ривоятда: «Аллоҳнинг ибодатига», яна бир ривоятда: «Аллоҳни ягона маъбуд деб билишга» дейилган, ҳаммаси саҳиҳ ривоятлар бўлиб, маъноси саҳиҳ ва тўғридир. Яъни, Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришдир, бу эса Аллоҳни ягона ҳақ илоҳ деб билишнинг айни ўзидир.Тавҳиднинг моҳияти

    Даъват соҳиби даставвал Аллоҳнинг тавҳидига чорламоғи лозим, деб айтдик. Эътироз бўлиши мумкинки, тавҳид ҳозирда ўзи бор ва мавжуд нарса-ку, яна нега тавҳидга чорлаш керак?! Бундай сўзни айтувчи киши Аллоҳнинг тавҳидини ҳақиқий маънода англамаган, уни фақат «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришдангина иборат, деб билган бўлиб чиқади. Чунки, агар Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбораркан, уларга одамларни «Ла илаҳа иллаллоҳ»га, унинг моҳияти, маъноси ва шартларига аҳамият қилмаган, уни вайрон қилувчи нарсалардан сақланмаган ҳолда фақат тил билангина гувоҳлик бериб қўйишга чақириш вазифасини юклаган бўлганида ва пайғамбарлар шунга чақирганларида, у ҳолда ҳамма одамлар ҳеч иккиланмай «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган бўлардилар, ушбу калимага мухолиф бўлганлар билан уни айтувчилар ўртасида бу қадар узоқ ва давомли урушлар келиб чиқмаган бўларди, Аллоҳнинг Китобида айтилганидек, бу калимага мухолиф бўлувчиларга ҳалокат ва вайронагарчилик, унга эътиқод қилган ва пайғамбарларга эргашган кишиларга эса ғалаба ва нажот ваъда қилинмаган бўларди.

    Бу жуда катта масаладир. Агар иш фақат тил билан айтиб қўйиш билангина битганида, бу қадар улкан ҳаракатлар қилинмаган, шунчалар кўп ва узоқ жангу-жадаллар олиб борилмаган, бунчалар кўп қурбонлар берилмаган бўларди. Зотан, шунча кўп ҳаракатлар фақат Аллоҳнинг тавҳидини рўёбга чиқариш, ибодат Унинг ёлғиз Ўзига бўлиши ва Ундан ўзга ҳақ маъбуд йўқлигига ҳақиқий гувоҳлик бериш учун амалга оширилди. Яъни, бошқача айтганда, буларнинг барчасидан асосий ғоя-мақсад Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига итоат қилиш, У белгилаб берган ҳад-ҳудудлар ичида қолиш, Унинг амрларига бўйсуниш, қайтариқларидан тийилиш, банда ўзи қиладиган барча амаллари билан фақат Унинг розилигини топишга уриниши, жумладан, ростгўйлик, тавба, умид, қўрқув, паноҳ сўраш ва мадад тилаш каби қалбга тааллуқли амалларини ҳам фақат Унинг ўзига йўналтириши, Унинг ҳақ Пайғамбаридан ўзгасига эргашмаслик, Унинг шариатидан ўзгаси билан ҳукм қилмаслик, бидъат ва хурофотларга берилмаслик, ота-боболардан қолган одат-у тақлидларга ёпишиб олмаслик, фақат Аллоҳ таборака ва таоло нозил қилган ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шариат қилиб берган ҳукмлар асосида ҳаёт кечириш эди.

    Улар Аллоҳга ибодат ўлароқ қиладиган ҳар бир ишлари ҳақида: бу тўғрида Аллоҳ таоло нима деган, бу ҳақда қандай оят ёки ҳадис келган, деб сўрашарди.Ишнинг боши ҳам, охири ҳам тавҳиддир

    Аллоҳга ва Аллоҳнинг ибодатига даъват қилишдаги энг биринчи иш – Аллоҳ таборака ва таолонинг тавҳиди бўлмоғи зарур. Эй мусулмон биродар, ишнинг боши ҳам, охири ҳам шаҳодат эканини унутманг. Масалан, ўлим тўшагида ётган кишига жон таслим қилиш онларида шаҳодат калимасини талқин қиламиз. Бундан мурод шу калималарнинг лафзими, холос?! Йўқ, ундай эмас. Мақсад – шу инсон Аллоҳ таборака ва таолонинг тавҳидини билган ва шунга эътиқод қилган ҳолда дунёдан ўтишидир. Бандани Исломга киритадиган илк калима ҳам шаҳодат, яъни, «ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериши бўлганидек, унинг ҳаётдаги охирги сўзи ҳам айни шу шаҳодат калимаси бўлади.

    Демак, ҳаётдаги энг муҳим нарса тавҳиддир, ишнинг боши ҳам, охири ҳам тавҳиддир.Тавҳид туфайли жиҳод олиб бориш

    Биз мусулмон миллати ўлароқ, нима учун жиҳодга кирамиз? Тавҳидни рўёбга чиқариш учун жиҳод қиламиз: «То (дунёда) бирон фитна (ширк) қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!» Анфол: 39). Демак, жиҳоддан мақсад фитнага барҳам бериш экан. Фитна нима? Саҳиҳ ҳадисда зикр қилинганидек: «Фитна – ширкдир». Бинобарин, кофирларга қарши жиҳодга киришдан мақсад – ширкка барҳам бериш, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлиши, яъни, фақат Аллоҳга ибодат қилиниши, Унинг шариатига эргашилиши, ёлғиз Унинг амрларига итоат қилиниши ёки У итоатига буюрган кишиларга – одамларга Аллоҳнинг шариатини таълим берадиган ва ўша билан ҳукм қиладиган пайғамбарлар, амирлар ва олимларга итоат қилинишидир.

    Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорлари томонидан «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга ва ишончга эгамиз» (Юсуф: 108) деб айтишга буюрилганларида ўзларининг ҳолатларини сифатлаб ва мазкур амри илоҳийнинг таржимаси ўлароқ: «Қиёмат олдидан қилич билан юборилдим» деб айтганлар (Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилич ва жиҳод билан юборилганлар, бизнинг динимиз жиҳодга қурилган, у жиҳоднинг барча турлари ва барча даражалари орқали рўёбга чиқади. Мўмин киши ўз нафси ва ҳавосига қарши, ўзининг шайтони ва душманларига қарши давомий жиҳоддадир. Ҳадисдаги «қилич» лафзи жиҳоднинг дин усиз барпо бўлмайдиган энг олий даражасига ишора учун келган. Бироқ, жиҳод, қилич, амри маъруф ва наҳий мункар, Аллоҳ йўлига даъват, буларнинг ҳаммаси нима учун? Жавобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитинг: «Шериксиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиниши учун қиёмат олдидан қилич билан юборилдим». Ягона мақсад шу, яъни, шериксиз ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиниши. Ҳадис давомида айтдилар: «Ризқим найзам сояси остида қилинди». Барча пайғамбарларнинг ўз тирикчилик йўллари ва касб-ҳунарлари бўлган, баъзи пайғамбарлар дурадгор, баъзилари темирчи бўлганлар, кўплари қўй боқишган.

    Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз фазли ва етук ҳикмати билан пайғамбарларни инсонлар ичидан юборди. «Айтинг: Агар Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта Биз, (яъни, Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик» (Исро: 95). Биз башар авлодимиз, шу боис Аллоҳ таоло бизга башар авлодидан бўлган, худди ўзимиз каби еб-ичадиган, бозорларда юрадиган, меҳнат қилиб чарчайдиган, ухлаб роҳатланадиган кишини пайғамбар қилиб юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тирикчилик ва даромадлари меҳнат ва ҳаракат ортидан бўлди. У зотнинг ризқлари энг улуғ ва энг шарафли касб ортидан келарди: «Ризқим найзам сояси остида қилинди». Агар ислом уммати Аллоҳга ҳақиқий кўринишда иймон келтирганда эди, унинг ризқи албатта найзаси соясида қилинган бўларди. Форс ва Рум икки минг йиллик маданиятга эга эди, анҳорлар оқизишган, дарахтзор боғлар барпо қилишган, қасрлар бино қилишган, Европадан Миср ва Араб жазирасига қадар узанган йўллар барпо қилишган эди. Хўш, кейин нима бўлди?! Кейин буларнинг ҳаммаси мусулмонларга ғанимат ва ўлжага айланди. Чин дилдан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тавҳидига эътиқод қилган зотларга ғаниматга айланди. Улар жазирадан чиққан, аксарияти ялангоёқ, камбағал ва оч-яланғоч кишилар эди, Аллоҳ таборака ва таоло мазкур ҳазоратларнинг ҳаммасини улар оёғи остига ташлади, ўша қасрлару, боғу-роғлар улар тасарруфига ўтди.

    Бизда ҳам ҳозирда барча маданият, илм-фан, тараққиёт, технология ғарб оламининг қўлида бўлиб турибди. Агар биз ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тавҳидини ҳақиқий суратда амалга келтирсак, Аллоҳнинг йўлида ҳақиқий суратда юрсак, Аллоҳга ҳақиқий суратда даъват қилсак, бутун ғам-ташвишимиз шундангина иборат бўлса, тинмай шу ҳақда бош қотирсак, Аллоҳ таоло айтганидек бўлса: «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан» (Юсуф: 108), яъни, менинг ишим шудир, менинг бор ташвишим фақат шудир, менинг юриш-туришим шудир, мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога даъват қиламан. Қачон шу айтилгандек бўлсак, шунда ўзимизнинг фақир ва муҳтож ҳолимизга қарамасдан – биз эса фан-техника ва технология оламида қолоқ бўлиб қолишни истамаймиз, фақр-муҳтожликда қолишни истамаймиз – шундагина улар устидан ғолиб бўламиз ва Аллоҳ таборака ва таоло ушбу маданиятларнинг ҳаммасини бизнинг қўлимизга олиб беради. Улардан баъзилари ўз маданиятлари билан биргаликда Исломни қабул қилади, бошқа баъзиларига қарши биз жиҳодга кирамиз ва Аллоҳ уларнинг мулклари ва ҳазоратларини бизнинг қўлимизга ғанимат қилиб беради. Нима эвазига?! Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тавҳидини рўёбга чиқаришимиз эвазига! Агар биз тавҳидни ҳақиқий суратда рўёбга чиқарсак, уларга ўз уйларида ғолиб бўламиз, бугун бўлиб турганидек, улар бизга ўз уйимизда ғолиб бўлишга асло имкон топмайдилар.

    Демак, ҳадис давомида айтилганидек: «Ризқим найзам сояси остида қилинди ва менинг амримга хилоф қилган кишиларга хорлик ва заифлик битилди».

    Бу эса бугунги мусулмонларнинг аҳволидир. Аллоҳга тоат ва Аллоҳ йўлига даъват азизлигини қўлда тутиб турганлари бундан мустасно, қолган ҳаммаси – гарчи мол-дунёлари битмас-туганмас бўлса ҳам, юқори мансаб курсиларини эгаллаб турган бўлсалар ҳам – бугун хорликка гирифтор бўлди, куфр аҳлига нисбатан хорлик мақомига тушиб қолди. Нега шундай бўлди? Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига хилоф қилдилар. Биз Аллоҳ Ислом билан азиз қилган қавммиз. Қачон иззатни Исломдан бошқасидан истасак, Аллоҳ бизни хор қилади. Қачонки, динимизни маҳкам тутиб, дунё сабабларини ҳам ушласак, шунда Аллоҳ таоло бизга муваффақият ато этади ва ҳар қандай душман устидан ғолиб қилади. Аммо, қачонки динимизни тарк қилсак, иззат ва куч-қудратни ўзимиз сотиб олаётган асбоб-ускуналар ва четдан келтираётганимиз технологиялардан истасак, ҳеч қачон бунга эриша олмаймиз. Биз учун иззат фақат Аллоҳнинг динидадир.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962