Ғалаба синовлар ортидан келади

    الابتلاء طريق النصر
    محمد بن عبد الرحمن العريفي

    Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арийфий
    Ислом Нури таржимаси

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Унинг ўхшаши, тенги ва мисли йўқдир деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, элчиси, халили, халқлари ичидан танлаб олган ва Ўз ваҳийсига ишонган аминидир деб гувоҳлик бераман. Парвардигори у зотни бутун оламга раҳмат ва жамики бандалари устидан ҳужжат қилди, у зот сабабли бандаларини залолатдан ҳидоятга чиқарди, жаҳолатдан қутқарди, тарқоқликларини бирлаштирди, қўрқувларига омонлик берди. У зотга, покиза аҳли оилаларига ва саҳобаларига то қиёмат Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

    Мўмин биродарлар! Инсонлар бу дунё ҳаётида яшарканлар, Аллоҳнинг қазо ва қадарига биноан, ҳар турли ҳолатларга дучор бўлмасдан иложлари йўқ, шодлигу-ғам, фаровонлигу-танглик, бойлигу-камбағаллик ҳолларини истасалар-истамасалар албатта бошдан ўтказадилар:

    «… Бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140).

    Шоир айтганидек:

    Саккиз нарса борки, одамлар устида айланиб юради,

    Инсон борки, уларга дуч келмай иложи йўқ:

    Шодлик ва маҳзунлик, бирикиш ва айрилиш, ғаму ташвиш, дарду офият.

    Роббимиз жалла ва ало Ўзининг улуғ Китобида хабар берганидек, одамлар жону молларида имтиҳон қилинадилар, ким балоларга сабр қилса, унга улкан ажру савоблар бўлади, сабр қилолмаганлар ажри камаяди. Аллоҳ таоло айтади:

    «Албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Тангри таоло мол ва жонларингизга ҳилма-ҳил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар), ва албатта сизлардан илгари Китоб берилган ким­салар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар»(Оли Имрон: 186).

    Бундай мусибатларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш йўлини ҳам Ўзи баён қилиб айтади:

    «На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид: 22).

    Яъни, тийинлаб йиққан мол-мулкингизга етган мусибат бўлсин, ё пишиб-етилишга келиб қолган экин-тикинга тушиб, уни қуритиб-қовжиратиб кетган офат бўлсин, ё уй-жойингиз ё эса тижоратингизга етган мусибат бўлсин, ё жисму жонингизга етган дарду балолар бўлсин, ё аҳли оилангиз ва бола-чақаларингиз бошига тушган кўргуликлар бўлсин, буларнинг ҳаммаси «Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур».

    Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ даставвал қаламни яратиб, унга:»Ёз!», деб буюрди. «Нимани ёзай, эй Роббим?», сўради қалам. «То қиёмат бўладиган барча нарсанинг қисматларини ёз», деди».

    Бошқа бир ҳадисда шундай деганлар: «Аллоҳ халқларнинг тақдирларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган». (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осдан ривоят қилган).

    Яъни, одамларга етадиган неъмату фаровонликлар, улар дучор бўлажак урушу қатоғонлар, балолар, қурғоқчилик, сув босишлар, бошларига келадиган зулму туғёнлар, барча-барчасини Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган экан. Бу дунёда содир бўлган ва бўлажак барча ишлар аввалдан битиб қўйилган, тақдир қилиб қўйилган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, бошига келган мусибатларга сабр қилган киши учун Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсалар яхшидир ва мангудир.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Абу Мувайҳиба розияллоҳу анҳуга (бу саҳобий у зотнинг ходимлари эди) ўзлари билан бирга юришга буюрдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонга кириб бордилар ва қабрларни кўздан кечира бошладилар. Тупроқ остида кўпгина улуғ саҳобалар ётар, уларнинг кўплари умрларини намоз, рўза ва Қуръон ўқиш билан ўтказган ва жиҳодларда шаҳидлик билан якунлаган, ғалаба-ю фатҳларни кўрмасдан, меҳнатларининг роҳатига етишмасдан ўтиб кетган инсонлар эди. Аслида, меҳнатнинг самарасини кўриш улар учун қизиқ ҳам эмасди, зеро амалларининг ажрлари ошкору махфий амалларни билгувчи Зот ҳузурида битиб қўйилгани кифоя эди улар учун. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар оралаб юрарканлар: «Хурсанд бўлинг эй қабрлар аҳли, одамларнинг бошига келган нарса сизларга келмасдан ўтиб кетдингиз, (сизлардан сўнг) фитналар бир-бирини қувалаб келди», дедилар. Сўнгра дедилар: «Эй Абу Мувайҳиба, Аллоҳ бандаларидан бирини (бу билан у зот ўзларини кўзда тутгандилар) бу дунёда абадий яшаб қолиш билан Ўз ҳузуридаги нарса ўртасини танлашга ихтиёрли қилди, шунда у Аллоҳ ҳузуридаги нарсани танлади» (Аҳмад, Доримий ва бошқалар шу мазмунда ҳадис ривоят қилганлар).

    Дунё ва унинг бор зебу зийнатлари, мол-мулк, бола-чақа ва бошқа барча неъматлар Аллоҳ таоло қиёмат куни солиҳ бандалари учун Ўз ҳузурида тайёрлаб қўйган нарсалар олдида нима бўлибди?!

    Бу дунё синовлар ҳовлиси, фитналар диёри, мусибатлар ўлкасидир, бу дунёни Аллоҳ таоло бандалари учун синову имтиҳонлар уйи қилди:

    «Албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Тангри таоло мол ва жонларингизга ҳилма-ҳил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар), ва албатта сизлардан илгари Китоб берилган ким­салар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар» (Оли Имрон: 186).

    Бу синовлардан ҳеч бир банда четда қолмайди, ҳаммага ҳар хил синовлар келади, бироқ қиёмат куни ҳаммаси эсдан чиқиб кетади.

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилган эканми?» деб сўралади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим», дейди…».

    Яъни, бу дунёнинг ҳамма нозу неъматини тотиб кўрган, умри роҳату фароғатда ўтган, дабдабали кошоналарда яшаган, қимматбаҳо автоуловларда юрган, мансаб ва бойлик эгаси бўлган, оиласи ва фарзандларидан, соғлиги ва ҳусни жамолидан шикояти бўлмаган, ҳеч қийинчилик кўрмай яшаб ўтган, бироқ охиратда дўзах аҳлидан бўлиб қолган инсонни жаҳаннамга бир мартагина ботириб олиниб, сўнгра: «Эй одамзот, умрингда бирон яхшилик кўрдингми? Дунёда ноз-неъмат ичида яшадингми?», дейилса, кўрган бир лаҳзалик дўзах азоби олдида бу дунёда кўрган ҳамма роҳат-фароғати буткул унутилиб: «Йўқ, эй Роббим», деб жавоб берар экан. Дўзахнинг бир лаҳзалик азоби унинг дунёда кўрган барча неъматларини унуттириб юборса, энди дўзах чоҳи ичига отилган, ўтдан бўлган кишанлар билан кишанлаб қўйилган, жаҳаннамнинг даҳшатли алангалари ичида ёниб турган ёки ичакларни ёндириб юборадиган қайноқ ва аччиқ сувлари билан суғорилган, азоб фаришталари томонидан аёвсиз азобга солинган инсоннинг аҳволи не кечаркин?! Роҳатда ўтказган кунларини, лаззатларга кўмилиб ўтказган тунларини, ястаниб ўтирган тахтларини, битмас-туганмас деб ўйлаган мол-мулкини, олдида ер ўпиб, қўл қовуштириб, амрига мунтазир турган шотирларини, қўл остида бўлган армиясини, қудратли қурол-аслаҳаларини эсга олармикин жаҳаннамга отилган пайтида?! Йўқ, дўзахнинг бир лаҳзалик азоби буларнинг барчасини унуттириб юборади.

    «…Кейин жаннат аҳлидан бўлган, дунёда турли машаққатларни бошидан ўтказган киши олиб келиниб, уни бир марта жаннатга киргизиб чиқарилади-да сўнгра ундан: «Эй одам боласи (дунёда) бирон бир машаққат кўрганмидинг? Бошингга бирон бир қийинчилик тушганмиди?, деб сўралади. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки эй Роббим, ҳаргиз машаққат кўрмадим ва бошимга бирон қийинчилик ҳам тушмади», дейди» (Имом Муслим ривояти).

    Яъни, бу дунёнинг ҳамма азобу уқубатларини бошидан ўтказган, нима оғирлик бўлса ҳаммасини кўрган, умри фақат қийинчилик, етишмовчилик, касаллик, дарду аламлар ичида ўтган, зўравонларнинг зулми остида яшаб ўтган, охиратда эса жаннат аҳлидан бўлган инсонни бир марта жаннатга киритиб чиқарилиб: «Эй одам боласи, дунёда ҳеч қийинчилик кўрдингми, бошингга бирон мусибат келдими?», деб сўралса, шу бир лаҳзалик жаннат фароғатини кўриши унинг дунёда кўрган барча ранжу аламларини, дарду ҳасратларини, бошига тушган зулму озорларни, қамоқхоналарда кўрган уқубатларини, фақру мискинлик ичида ўтган ҳаётини бутунлай эсидан чиқартириб юборар ва: «Йўқ, эй Роббим, ҳеч қандай қийинчилик кўрмадим», деб жавоб берар экан. Шу бир лаҳзалик жаннат роҳатининг таъсири шунчалик бўлса, энди унинг сутдан оқ ва асалдан ширин анҳорларидан қониб ичган, унинг дуру марваридлардан қилинган қасрларида ўтирган, пайғамбарлар суҳбатига мушарраф қилинган, энг олий неъматга – Аллоҳ жалла жалолуҳунинг жамолини кўриш бахтига эришган инсон албатта бу дунёда кўрган-кечирган қийинчиликларини буткул унутиб юборади, бошига тушган мусибатлар бутунлай эсидан чиқиб кетади.

    Ҳурматли мусулмонлар! Одамлар бошига тушаётган ҳар турли мусибату кўргуликлар, хоҳ золим ҳокимларнинг халқларга қилаётган зулмлари бўлсин, хоҳ ўлим, қувғин, зулм, сургун, қамоқ каби одамларга етаётган кулфатлар бўлсин, ҳар куни кўз олдимизда содир бўлиб турибди, ҳар куни қанча-қанча ғамгин ҳодисаларга гувоҳ бўламиз. Қанча-қанча эрларни аёлларидан, оталарни фарзандларидан жудо қилиб, мазлум ҳолда қамоқларга ташланган… Қанчадан-қанча мол-мулкларни эгаларидан ноҳақ тортиб олинган… Қанчадан-қанча оилалар уйларидан қувиб солиниб, кўзлари олдида уйлари вайрон қилинган… Ёки уйларни ичида одамлари билан бирга ер билан яксон қилинган… Қанча-қанча ерларни эгаларидан тортиб олинган… Не-не бедодликлар, қанчадан-қанча тажовузлар қилинган… Ҳоҳ зулм йўли билан бўлсин, хоҳ қазоу қадар билан, киши ўз суюклиларидан ажралиб қолган.. Аммо, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг у сабабли бандаларининг ажрларини юксалтирадиган синов ва имтиҳонларидир.

    Имом Муслим Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўминнинг иши қизиқ, унинг барча ишлари яхшиликдир. Бу эса мўминдан бошқасига насиб бўлмайди. Агар унга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхшиликдир. Агар бирон кулфат етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир».

    Зеро, мўмин киши агар фарзанд, мол-мулк, омонлик ва ҳоказо неъматга етишса, бунинг учун неъмат соҳибига шукроналик бажо келтиради, ўзига берилган неъматларни халқларга зулм ўтказишга, холиқининг маъсиятларига ишлатмайди. Аксинча, уларни тоат йўлига ишлатади, уларни берган Зотга шукр қилиб, қўлларини дуога кўтаради. Бу нарса фақат мўмин кишида бўлади, дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Яъни, бало келганда сабр қилиш, фаровонликда шукр қилиш фақат қалбларда иймон бўлгандагина ҳосил бўлади.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар бошига келадиган турли мусибатларни баён қилиб, айтганлар:

     «Аллоҳ таоло айтади: Агар бандамни бир жуфт ҳабибаси билан имтиҳон қилсам (яъни, кўзларининг нурини олиб қўйсам), у шунга сабр қилолса, Мен иккиси ўрнига унга жаннатни эваз қилиб бераман» (Имом Бухорий ривояти).

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ фаришталарига айтади: «Бандамнинг фарзандини қабз этдингиз». Улар: «Ҳа, шундай», дейишади. «Унинг юракпорасини қабз этдингиз», дейди. Улар: «Ҳа, шундай», дейишади. «Хўш, бандам нима деди?», дейди. Улар: «У Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди», дейишади. (Яъни, «алҳамду лиллаҳ ала кулли ҳаал» (ҳамма ҳолатда ҳам Аллоҳга ҳамд бўлсин)  деди, сўнгра «иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун» (албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унинг ҳузурига қайтамиз) деди). Шунда Аллоҳ айтади: «Бандамга жаннатда бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб атанглар» (Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да ҳасан санаган).

    Мусулмон биродарлар! Бандалар бошига тушадиган ва бугун бировга келса, эртага бошқа бировга кўчиб ўтадиган бундай мусибат ва синов-имтиҳонлар остида Аллоҳ таоло ирода қилган бир қанча ҳикматлар бордир.

    Ушбу ҳикматлар ичидаги энг катта ҳикматлардан бири шуки, мусибатлар сабаб қалблар Парвардигор жалла ва алога иқбол қилади, Унга юзланиб, Ундангина мадад сўрайди. Зотан, банда ўзига ва ўзининг куч-қувватига қаттиқ суяниб қолса, ҳар қанча қудратли бўлмасин, барибир кучи қирқилиб, мағлубиятга юз тутади. Ҳунайн жангида мусулмон лашкарининг сони 12.000га етган эди. Бунгача ҳеч бир жангда бунча кўп сонли лашкар билан жангга тушмаган эдилар. Тўғри, Табук жангига 30.000 аскар билан борилган, бироқ унда урушсиз ортга қайтилганди. Шу пайтгача бўлиб ўтган урушларда мусулмонлар 300 киши 1000 кишига қарши, 600 киши 3000 кишига қарши, ёки 3000 киши 100.000 кишига қарши (Румда) майдонга тушган ҳоллар бўлганди. Аммо, бу ерда, Ҳунайнда улар жуда катта сонли лашкар билан майдонга тушаётган эдилар. Шу боис аксарларининг қалбида бундан аввалги урушларда бўлганидек, Аллоҳга қаттиқ илтижо қилиш, фақат Аллоҳнинг куч-қудратига суяниш ва Унга ялиниб-ёлвориш каби ҳолатлар бўлмай қолди. Ҳатто, айримлар бир-бирларига: «Бугун асло камлик ва кучсизлик жиҳатидан мағлуб бўлмаймиз», дейишди. Бироқ, Аллоҳ таоло улар устига Ўзининг синовини туширди, душманнинг қўли баланд кела бошлади, душман пистирмасига дуч келиб, мусулмонлар қирила бошлади, кўплар дуч келган тарафга қоча бошлади. Ўн икки минг аскардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида бор-йўғи тўққиз киши қолди! Аллоҳ таоло айтганидек:

    «Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор ҳилди. Кофирларнинг жазоси шудир». (Тавба: 25, 26).

    «Ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир». (Тавба: 40).

    Аллоҳ таоло баён қилдики, бало мўминларни собитқадамликка қайтариш учунгина тушди, нусрат фақат Унинг ўзи тарафидан келади. Мусулмонлар ғалабага эришиш учун БМТ, НАТО, Араб давлатлари Лигаси ёки бошқа бир гуруҳларнинг ёрдамига кўз тикишлари лойиқ бўлмайди. Балки, Аллоҳ таоло ғалабани уларга фақат Унинг ўзига сиғинишлари ва ғалаба мазкур уюшмалар томонидан эмас, фақат Унинг ўзи томонидан келишига қаттиқ ишонч ҳосил қилишлари учун кечиктириб турган бўлса ажабмас.«Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур» (Оли Имрон: 126).

     Аҳзоб жангида кофирлар мусулмонларни таг-томири билан қуритиб, янчиб ташлаш учун йиғилиб келишганди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан хам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар» (Аҳзоб: 10, 11).

    Аллоҳ таоло айтади: «Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни фаришталарни) юборганимизни — Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар!»  (Аҳзоб: 9).

    Аллоҳ таоло бандаларига синовни ғалаба фақат Унинг Ўзидан келишини билсинлар деб, кўзларини Аллоҳдан бошқасига тикмасинлар, Аллоҳдан бошқа ёрдамчи истаб, ўнгу сўлга жавдираб боқмасинлар, қалбларини ҳар хил ташкилоту уюшмаларга боғламасинлар, диллари фақат Аллоҳга боғлансин деб туширади. Аллоҳ таоло бандаларини улар ичидан шаҳидлар олиш учун имтиҳонга солади. Уҳуд жангидаги саҳобаларни эсланг. Жангга 950 нафар аскар чиқиб борган эди. Жанг майдонига етиб боришганидан сўнг Роббимиз азза ва жалла ушбу мўминлар қўшинини унга адашиб кириб қолган аралашмалардан – мунофиқлардан тозалашни истади. Тўсатдан Абдуллоҳ ибн Убай жангда қатнашишдан айниб қолди ва: «Урушга бизнинг розилигимизсиз чиқилди, биз жангни Мадинада бўлишини истаган эдик, бу ерда эмас», деб, майдонни ташлаб, ортга қайтиб кетди, унга қўшилиб 300та мунофиқ ҳам қайтиб кетди. Майдонда Аллоҳга аҳд берган, жонларини икки кафтларида кўтариб, Аллоҳ йўлида қурбонликка олиб келган содиқ мўминларгина қолди, улар учун жонларини Аллоҳ йўлида фидо қилиш тирик қолишдан кўра суюмлироқ эди. Жанг тамом бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини кўздан кечирдилар. Улардан етмишталари шаҳид бўлгани маълум бўлди. Улар орасида у зотнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. У зот Ҳамзанинг ёнига бордилар, унинг қорни ёрилган, қулоқ-бурни кесилган, жасади мусла қилинган эди. Нима деб ўйлайсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Аллоҳ ва Расулининг шери», «шаҳидлар саййиди» деб атаган Ҳамза розияллоҳу анҳудек зотни Аллоҳ таоло ёмон кўрганидан ёки жазо бериш учун шундай ўлимга маҳкум қилдими, ё эса Ислом душманларини яхши кўргани учун ва Қурайшнинг қалбига сурур солиш шундай қилдими?! Йўқ, асло! Балки, иш Аллоҳ айтганидекки: «У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди)» (Муҳаммад: 4),«Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140).

    Аллоҳ таоло фаришталар ичидан элчилар қилганидек, инсонлар ичидан ҳам элчилар қилди. Шунга ўхшаш, Аллоҳ таоло ҳар бир диёр аҳли ичидан энг яхши ва солиҳ кишиларини шаҳидлик мақомига юксалтиради. Аллоҳнинг қазосини рад қилувчи, Унинг ҳукмини текширувчи йўқдир. Аллоҳ жалла ва ало осмонлару ерни яратишидан олдин ҳам фалончи фалон ерда фалон сабаб билан, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлади, деб билган ва ёзиб қўйгандир. Тўғри, ўлим ҳам бир оғир мусибат ва синов, бироқ Аллоҳ таоло бу билан уларнинг даражаларини юксалтиради, ажрларини кўпайтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидлар ҳақида сўзлаб, улардан бирининг бир томчи қони тўкилиши билан Аллоҳ таоло унинг гуноҳини кечиришини, шаҳид қиёмат куни жароҳатидан қон оқизиб келишини, ранги қон, ҳиди мушк ҳиди бўлишини, у ўз хонадони аҳлидан етмиш кишини шафоат қилишини хабар берганлар. «Ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун…». Демак, Аллоҳ таоло томонидан бандаларга синовлар берилиши остидаги сирлардан бири шу экан.

    Синовларга дучор бўлиш остидаги сирлардан яна бири – Аллоҳ таоло бу билан банданинг қадрини баланд қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, Аллоҳ таоло бир бандасига жаннатдаги олий бир даражани ирода қилади. Банда ҳарчанд амал қилмасин, ўша даражага амали билан етиша олмайди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло унга турли мусибатлар бериб, шулар орқали ўша даражага лойиқ қилади.

    Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек, офият эгалари (яъни, дунёда мусибатларга йўлиқмай, соғ-саломатлик ичида яшаб ўтганлар) қиёмат куни Аллоҳ таоло дунёда синовларга дучор бўлган кишиларга берган савоб ва даражаларни кўриб, кошки, дунёдалик чоғимизда бизнинг териларимиз тилгичлар билан тилиб ташланган бўлса эди, деб қолишар, офият ва неъматлар ичида яшаб ўтмаган ва Аллоҳнинг бало ва мусибатларига дучор бўлиб ўтиб, шу сабабли охиратда ўшалар эришган ажрларга эришган бўлишларини орзу қилиб қолишар экан.

    Дўстларим! Турли диёрларда мусулмон биродарларимиз устига ёғилаётган мусибатларни, улар дучор бўлаётган қатл ва қувғинларни, уларга тушаётган зулму истибдодларни кўра туриб, бутун дунё сукут қилиб туришини кўрганимизда, золимларнинг бегуноҳ инсонларнинг қонларини истаганча оқизишларини, ҳеч ким уларни тўхтатиб қолмаётганини кўрганимизда билайликки, Аллоҳ таоло ўзининг заиф мискин мўмин бандаларига биздан кўра раҳмлироқдир, У уларга ёрдам беришга биздан кўра қудратлироқдир, У уларнинг дуоларини биздан кўра яхшироқ эшитувчидир, У уларнинг ҳолини биздан кўра яхшироқ кўриб турувчидир. Билайликки, Аллоҳ таоло бандаларига бирон ишни қазо ва қадар қилган бўлса, у улар учун албатта яхшиликдир. Охир-оқибат ғалаба албатта мўминларникидир. Зулмга қарши курашиб, йиқилаётганларни шаҳидлар деб умид қиламиз, касалларнинг ҳар бир оҳини, гўдакларнинг ҳар бир фарёдини қиёмат куни Роббимиз ҳузуридаги тарозида ўз вазни бордир. Бу бизнинг Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатларидан ўқиб билган қатъий ақийдамиздир.

    Демак, шундай бало ва мусибатларга дучор бўлаётган кишиларни кўрганимизда, ўлганлар, жароҳатланганлар, тул ва етим қолганларни кўрганимизда Роббимизнинг уларга ёрдам бериши ҳақида дилимизда заррача шак-шубҳа туғилмаслиги лозим. Аллоҳнинг дини мансурдир, Раҳмон таолонинг суннати-қонунияти шу, бироқ сиз билан биз бандалик қилиб шошилиб кетамиз.

     Аллоҳ таолодан Ўзининг динига нусрат беришини сўрайман. Аллоҳ таолодан барчамизнинг ажру савобларимизни улуғ қилишини сўрайман. Аллоҳ таолодан ошкору махфий фитналардан саломат қилишини сўрайман.

    Ушбу сўзларни айтарканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳга истиғфорлар айтаман. Сизлар ҳам истиғфор айтингиз ва Унга тавба қилингиз. У кечирувчи ва раҳмли Зотдир.

    14/06/2012

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962