Бизга боғланинг
Ҳажнинг фазилати ва унга тайёргарлик кўриш ҳақидаги боб
Ҳажнинг кўп фазилатлари ва улкан ажру-савоблари бор.
Имом Термизий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилиб, саҳиҳ санаган ҳадисда айтилади: «Умра ва ҳажни бирин-кетин қилингиз! Чунки ҳаж билан умра фақирлик ва гуноҳларни худди босқон темир, олтин ва кумуш устидаги кирларни кетказганидек йўқотиб ташлайди. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Термизий (810) ва Насоий (2631) ривоятлари).
«Саҳиҳ»да келади: Оиша розияллоҳу анҳо: «Жиҳод амалларнинг энг афзали эканини кўрмоқдамиз, биз ҳам жиҳод қилсак бўлмайдими?», деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лекин, энг яхши ва энг гўзал жиҳод – мабрур ҳаждир», деб жавоб бердилар (Бухорий (1861) ривояти).
Мабрур ҳаж – ҳеч қандай гуноҳ аралашмаган, барча аҳкомлари мукаммал адо этилган ҳаждир, уни мақбул бўлган ҳаж маъносида ҳам айтилган.
Мўмин киши ҳаж қилишга азму қарор қилган бўлса:
Барча гуноҳларидан тавба қилсин ва бировларнинг ҳақларини ноҳақ ўзлаштирган бўлса, эга-эгаларига қайтариб берсин.
Бировларга тегишли бўлган ўзидаги омонат ва қарзлардан қутулиб олсин, васиятини ёзиб қўйсин.
Зиммасида бўлган ҳақ-ҳуқуқларни адо этолмаган бўлса, бирон кишини уларни адо этишга вакил қилсин.
Бола-чақаси ва қарамоғидаги кишиларга то ўзи қайтиб келгунича етадиган нафақа қолдираётганига ишонч ҳосил қилсин.
Нафақаси ҳалолдан бўлишига қаттиқ ҳаракат қилсин, ўзига етарли бўлган йўл озуқаси ва нафақани жамғариб олсин, токи йўлда бошқаларга муҳтож бўлиб қолмасин, озуқаси ҳалол-пок бўлсин. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Бақара: 267).
Сафари ва ибодатларни адо этиши мобайнида ўзига кўмакчи бўладиган, адашса йўлга соладиган, унутганини эслатадиган солиҳ ҳамроҳ топишга ҳаракат қилсин.
Ниятини тўғрилаши, ҳажи билан холис Аллоҳ розилигини қасд қилиши ва хулқ-атворини чиройли қилиши лозим.
Йўлларда одамлар билан жанжаллашишдан, уларни туртиб-суртиб кетишдан
сақлансин, сўкиниш, ғийбат ва Аллоҳу расули ёмон кўрадиган барча гап-сўзлардан
тилини асрасин.