Хандақдан Ғаззагача

    Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид
    Ислом Нури таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ таоло бу умматни турли мусибат ва ҳодисалар билан тарбиялайди, бошларига келаётган ғам-алам ва мусибатларни уларнинг гуноҳларига каффорат қилади. Дарҳақиқат, мусибатлар, ғам-кулфатлар, синов ва имтиҳонлар Исломнинг дастлабки даврларида ҳам бўлиб ўтган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам яқинларининг ҳамда динда у кишига жуда катта кўмакчи бўлиб турган кишиларнинг вафотлари билан аламланган эдилар, дарага қамал қилингандилар, дин душманлари томонидан бўғилган, урилган, сўкилган, озорланган, туғилган юртларидан чиқариб юборилган эдилар. Сўнг эса душманлари у зотга қарши бир неча бор уруш очишган, Мадина остонасигача бостириб келиб, тажовузкорона уруш алангасини авж олдиришган эди. Бундай воқеалар ислом умматининг келажак авлодларига ибрат ва дарс бўлиши учун Қуръони Карим оятларида нозил бўлган.

    Қуръони Карим ўша давр воқеаларини зикр қилар экан, улардан касалликка ташхис бўладиган, давосини аниқлайдиган, ҳайронликда қолганларга йўл кўрсатадиган, хақ йўлдагиларга йўлбошчи бўладиган ибрат ва насиҳатларни тақдим қилади. Ғалаба сабабларини ва муваффақият омилларини баён қилиб бериш билан бир қаторда мағлубият ва муваффақиятсизлик сабаблари баёнига ҳам тўхталади.

    Бугунги кунда биз бу уммат бошига тушган аламли ҳодисаларни англашда Аллоҳ азза ва жалланинг каломи бўлмиш Азиз Китобнинг оятларидан сабоқ олишга, ундаги ўша панд-насиҳатларни англашга, ўтмишни ҳозирга боғлаб, ундан намуна олишга ва ибратланишга нақадар муҳтожмиз!

    Яҳудлар Уҳуд жангида мушриклар ғалаба қозонди, деб кўришгач, уларнинг пешволари катта аҳамиятга молик бу ишни охирига етказиб қўйиш мақсадида йўлга отландилар. Чунки, етмишта мусулмоннинг ўлими ҳамда мусулмонлар олган катта жароҳатлардан уларнинг хуморлари босилмаган эди. Улар учун ғоят муҳим ҳисобланган бу вазифа Исломнинг бешиги ва пойтахтини бутунлай маҳв этиш эди. Ушбу орзуларини рўёбга чиқариш учун мусулмонларга Уҳудда етган заифлик фурсатидан фойдаланиб қолишга ва Ислом аҳлига ҳал қилувчи зарбани йўналтиришга қарор қилдилар ва бунинг учун амалий ҳаракатларни бошлаб юбордилар.

    Яҳудларнинг пешволаридан Саллом ибн Абил-Хуқайқ ан-Назрий, Ҳуяй ибн Ахтаб ан-Назрий, Кинона ибн Рабиъ ва бошқалар Маккага, Қурайш зодагонлари хузурига бориб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши ҳал қилувчи уруш бошлашга гиж-гижлай ва ундай бошладилар, уларга ўзлари томонидан жуда катта кўмак берилишини ваъда қилдилар, қўлларидан келган барча ёрдамни таклиф қилдилар. Қурайшни кўндиргач, яҳудлар Ғатафонга бориб, уларни ҳам урушга қизиқтиришди, улар ҳам бу таклифни қабул қилишди. Сўнг бошқа араб қабилаларини ҳам айланиб, уларни ҳам Исломга нисбатан ҳал қилувчи зарба ва охирги ҳамлага ундадилар. Талайгина араб қабилалари уларнинг таклифини қабул қилди. Шундай қилиб, яҳудларнинг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга қарши кофир фирқаларни гижгижлаб, қўзғотишга муваффақ бўлишди.

    Бунинг оқибатида Қурайш, Бану Сулайм, Бану Асад, Фазора, Ашжаъ, Бану Мурра каби қабилалардан ташкил топган ўн минг кишилик қўшин Хандақ жангига ҳозир бўлди. Ушбу қабилалар ўз бошлиқлари-ю авбошлари билан биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳобларига қарши жангга яҳудларнинг йўл-йўриғи, гиж-гижлови ва ундови ила жамланган эдилар. Уларга қоп-қоп ваъдалар беришган, ғалабадан умидлантиришган, келсаларингиз, албатта сизлар билан бир сафда урушга кирамиз, деб ишонтиришган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг асҳоблари теварагида куфр, яҳудийлик ва мунофиқлик бозори авжига чиққан эди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманнинг ёпирилиб келаётгани хабари етиб келгач, асҳоблари билан кенгашдилар. Шунда Салмон розияллоҳу анҳу мусулмонларни душмандан тўсиб турувчи хандақ қазиш хақидаги муборак фикрни илгари сурдилар.

    Мадинанинг шимолидан бошқа барча тарафи (ҳарра) қирралик тошлоқлар ва тоғлар билан, хурмозор боғлар билан ўралган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай катта қўшин Мадинага фақат шимол томондангина ҳужум қила олиши мумкинлигини билганларидан шу тарафни хандақ билан ўрашга қарор қилдилар ва мусулмонларни хандақ қазишга буюрдилар, барчалари шу ишни амалга оширишга шошилдилар. Мусулмонлар қазиш ишларини тўхтовсиз давом эттиришиб, бир ҳафта деганда хандақ қазиш ишлари кутилган режа бўйича, мушрикларнинг улкан қўшини Мадина ҳудудига етиб келмасидан илгари охирига етказилди. (Хандақнинг узунлиги 4455 метр, эни тақрибан 4,67 метр, чуқурлиги 3,3 метрни ташкил этарди.) Шу қадар улкан кўламдаги ишни шунча вақтда қилиб битириш ғоят ҳайратли иш эди. Шундай қилиб, мусулмонлар душманларидан ер ости туннели қазиш билан ҳимояланишга доир янги бир дарсни олдилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч минг кишилик мусулмонлар қўшини сафининг орқасини Силъ тоғига, олди тарафини хандақ томонга қилишга буюрдилар, бу билан хандақ мусулмонлар билан кофирларнинг ўртасида бўлиб қолди. Душман қўшини Мадина атрофига келиб йиғилганидан сўнг яҳудлар Мадина ичида туриб аҳдларини бузишди, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Бану Қурайза, Бану Назир ва бошқалар билан тинчлик аҳдини тузган эдилар. Яҳудлар мазкур битимни бузиб, мушриклар томонга оғиб кетганларидан сўнг имтиҳон оғирлашди, мусибат кучайди, мунофиқлик урчиди. Мушриклар қаттиқ совуқ ва изғирин шамолли кунларда Мадинани бир ой қамал қилиб туришди. Бу вақт мобайнида мусулмонлар мусибат, қийинчилик, очлик ва машаққатнинг ҳамма турларини бошдан ўтказдилар, ҳатто очлик шиддатини тўсиш учун саҳобалар қоринларига тош боғлаб олишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса қоринларига иккиталаб тош боғлаб олгандилар. Тош очлик ҳароратини совутиб, заифлик, мадорсизлик ва озғинликдан эгилиб қолган белни тутиб туришга ёрдам берарди.

    Мусулмонлар турли туман машаққатларни бошдан кечирганларидан сўнг уларга Аллоҳ таоло томонидан кенглик келди, Аллоҳ таоло кофирларни ноумид ҳолда қайтарди ва Ўз ҳузуридан аскарлар ва фаришталар юбориб, уларнинг қалбларига қўрқув, нафсларига хорликни солди, улар устига Ўзининг лашкаридан бўлмиш шамол балосини юборди. Бу жуда қаттиқ совуқ билан келган бўрон эди. Охир-оқибат, мушриклар уруш майдонидан қочдилар, Аллоҳ уларнинг бирдамлигини тарқоқликка айлантирди ва улар мағлуб ҳолда қайтиб кетишга мажбур бўлдилар. Шунда камчиликни баён қилиб, иллатни даволаб, қалбларга малҳам бўлиб, кўнгилларга ором бўлиб, сафларни соф айлаб, ҳимматларни қўзғаб улуғ бир сура нозил бўлди. Унинг оятлари мўминларнинг азму қарорини янада мустаҳкамлади. Улуғ миннат ва фазл соҳиби бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу воқеани ўз бандаларига эслатиб, шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, сизларга (қарши турли жамоалардан иборат) қўшинлар келган пайтида, Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни фаришталарни) юборганимизни — Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар!» (Аҳзоб: 9).

    Ушбу оятлардаги нидо иймон аҳлига қаратилган. Зеро, куфр, нифоқ ва бузуқ нафс эгалари Аллоҳнинг оятларини эътиборга олмайдилар, Аллоҳ таоло томонидан бўладиган мўъжизаларни, ғойибона қўллаб-қувватлашларни тан олмайдилар. Чунки, улар моддапарастлардир, фақат кўрган-билган ва ҳис қилган нарсаларига ишонадилар, кўп ҳолларда агар динни қувватлаб келса, ҳатто ҳис қилинадиган нарсаларни ҳам ёлғонга чиқарадилар.

    Аллоҳ азза ва жалла ушбу гуруҳларни хеч қандай жангсиз ортга қайтарганини ва мўминларни заиф ва камсон бўлишларига қарамасдан хавфдан омон қилиб қўйганини эслатди, ваҳоланки, барча душманлари улар қаршисига тил бириктирган, Ислом ва унинг аҳлига адоват қилиб, ичларидаги адоватларини ошкор қилиб, пиёда-ю, отлиқлари билан бостириб келган эди: «Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар» (Аҳзоб: 10, 11).

    Бугун ҳам худди шунга ўхшаган ҳолат такрорланмоқда, яҳудлар Ғазза аҳли устидан учоқлар, бўмбалар, ўқлар билан, ердан эса бўлакларга бўлиниб, бориб текканки одамнинг жасадини парчалаб юборадиган портлагичлар билан бостириб келдилар, қаттол қуроллари ёрдамида диёрларни айланиб, бузғунчилик ва вайронагарчилик келтиришмоқда, уйларни ичидаги одамлари билан бирга ер билан яксон қилиб, асир олинган йигитларни жамлаб, уларни таёқлари билан уриб, суякларини уриб синдириб, сўнг уларни совуққонлик билан ўлдириб юборишмоқда. Мактабларни ичидаги одамлари билан қўшиб бўмбабўрон қилишмоқда, ярадорларни ўлимдан қутқариш учун шошилган тиббиёт гуруҳлари ва тез ёрдам машиналарига тўсқинлик қилишмоқда, жароҳат олган Ғаззалик мусулмонлар шу жароҳатлари билан ўлиб кетсинлар деган мақсадда уларнинг касалхонага бўлган йўлларини ҳам тўсиб қўйганлар ва инсонлар уларнинг кўз олдиларида жон беришидан роҳат олиб, жароҳатлардан қонлар оқишидан лаззатланиб кайф қилмоқдалар.

    Аллоҳ таоло бизга уларнинг табиатлари ҳақида хабар берди. Улар энг ифлос ва бадбахт инсонлардир, улар малъун ва ғазабга дучор бўлган халқдир. Қай бир инсонда Аллоҳнинг ғазабидан ва лаънатидан улуш бўлар экан, кимга Аллоҳ Ўзининг нафратини туширган экан, ундай кимсаларда қаердан раҳм-шафқат бўлсин?! Улар раҳмдилликдан мосуво бўлган кимсалардир. Улар бузғунчиликдан бошқа нарсани билмайдиган каламушлардир. Улар йиртқич табиатли, тажовузкор, ўлдириш ва қон тўкишдан бошқа нарсани истамайдиган ва бугун айни шу жиноятларга ботиб турган қонхўрлардир.

    Тўртта норасида гўдак ўлиб ётган оналари жасади ёнида тўрт кун қолиб кетганлар. Жуда кўп жасадлар бўмбабўрондан вайрон бўлган жойларда очилиб-сочилиб ётгани кўзга ташланади. Уларни бу ердан олиб кетадиган одамнинг ўзи топилмайди. Яҳудлар тирикларни бўмбалашда, уйларни бирин-кетин вайрон қилишда давом этмоқдалар, чунки улар жасадлар ва вайроналар узра илгарилашни қасд қилмоқдалар. Бу уларнинг қўрқоқликлари туфайли тутаётган йўллари бўлиб, аввал турар жойларни вайрон қилиб, ер билан яксон бўлганидан сўнг уларга кириб келишади. Чунки, улар бу уйлар ичида бўлиши мумкин бўлган ва уларга ҳақиқий эркакларча олишувдан, шижоат ва журъатдан дарс бериб қўядиган шерюрак мусулмонлардан ўлгудек қўрқишади.

    Аллоҳ таоло кўриб-кузатиб турибди, ҳамма ҳам Унинг ҳузурига қайтади. «Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди)» (Муҳаммад: 4). Ғазза аҳли ана шу яҳудлар билан имтиҳон қилинмоқда. Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир яҳудийнинг жисмига бир бактерия юбориб, унинг вужудини ларзага солиб, аъзоларини ишдан чиқариб қўйишга қодир. Лекин, У Зот мўмин бандаларининг ичларида яшириниб ётган дин учун сабр-матонат билан туриш, Унинг Ўзигагина таваккул қилиш, Унинг қадарига розилик, Унга тавба-тазаррулар қилиш, ёлғиз Унинг Ўзига илтижо қилиш каби бандаликнинг турли кўринишлари ташқарига чиқиши учун уларни имтиҳонга солмоқда.

    Улар олдида барча эшиклар ёпилган, Аллоҳдан ўзга бирон мададкор йўқ улар учун. «Унинг учун Аллоҳдан ўзга бирон очувчи йўқдир» (Ван-нажм: 58). Уларга қилинган бу қамал ҳолатида ҳеч ким уларга ёрдамга келолмаслиги воқеъда кўриниб турган иш эди. Бу худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳобларига Мадинада қилинган қамалга ўхшайди. «Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан хам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар» (Аҳзоб: 10, 11). Қурайш ва Ғатафон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларини ҳар тарафдан қамалга олган эдилар. Бугунги кунда ҳам биз Ғаззага душман ҳам қуруқликдан, ҳам денгиздан, ҳам ҳаводан ҳужум уюштираётганини кўрмоқдамиз, гоҳо жанубдан шимолга қараб, гоҳо ўлканинг қоқ ўртасига, гоҳо жанубий томонига бўмба ёғдирмоқда. Ғазза аҳлига айнан Хандақдаги мусулмонларга жамланган машаққатлар жамланди, қаттиқ совуқ, ҳалокатли очлик, тинкани қуритувчи оғир қамал остида қолдилар.

    Бу қаттол урушда яҳудлар масжидларни ҳам нишонга олишмоқда, куни кеча улар бўмбалаган масжидлар сони ўн бештага етди. Ғазза оламдаги энг катта усти очиқ қамоққа айланди. Аллоҳнинг душманлари уни чор тарафдан ўраб олиб, жон томирларини кесиб ташлашга уринмоқда. Бироқ, шунга қарамай, Ғазза аҳли ичида Аллоҳнинг калимасини олий қилиш йўлида, ғоят шижоат ва баҳодирлик билан жанг қилувчи Аллоҳнинг лашкарлари жанг олиб боришда давом этмоқдалар, улар уйларда, катта ва кичик кўчаларда туриб яҳудий душманлар билан урушмоқдалар, камсонли бўлишларига қарамай, қўлларидаги қуроллари душман қўлидаги анвои хил қуролларга нисбатан ҳеч нарсага арзимаса-да, қўрқмасдан улар билан тўқнашувга чиқмоқдалар.

    Ҳа, бугунги кундаги яҳудларнинг диллари кечаги аждодларининг дилларидан қаттиқроқдир. Аввалги яҳудлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушларида ўзларининг шанба кунлари ҳурматини ўрнига қўйишарди. Бугунги яҳудлар бирин-кетин бир неча шанбаларни динларида муқаддас саналган анъаналарини поймол қилиш билан ўтказишмоқда, ўзлари уни барпо этиш даъвосини қилаётган динларини ҳам ҳурмат қилмаяптилар.

    «Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган эди» (Аҳзоб: 10). Бу қаттиқ қўрқув, оғир машаққат ва танглик кўринишининг ифодаси эди.

    Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Хандақ жанги куни: «Ё Расулуллоҳ, юраклар бўғизларга тиқилиш даражасига етди, бирон сўз (яъни, зикр ё дуо) борми, шуни айтсак?», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «اللهم استًرْ عَوْراتنا وآمِنْ رَوْعاتنا»«Ҳа, эй Аллоҳим, авратларимизни яширгин ва қўрқувларимиздан омонлик бергин», денглар!» (Имом Аҳмад ривояти). Бу сўзлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан бугун Ғазза аҳли учун ва мана шундай оғир аҳволга тушиб қолган ҳар бир киши учун жуда катта таълим ва йўл-йўриқдир. Улар бугун мана шундай таълим ва йўл-йўриққа нақадар муҳтожлар! Анурий мактаблари ва бошқа ўқув муассасаларидаги Ғаззалик болаларнинг мана шундай қаттиқ совуқда яланг оёқ ҳолда юришгани суратлари ахборот воситаларида берилмоқда. Ҳолбуки, улар ҳали гўдак болалар, совуқ катталардан кўра уларга қаттиқроқ таъсир қилади!

    Уйларидан чиқарилган ва қувғинга учраган кишиларнинг аҳволи ҳам бундан кам эмас! Яҳудлар: «Ўн дақиқадан кейин бўмбабўрон қиламиз», «ўн беш дақиқадан кейин бўмбабўрон қиламиз», ёки «фалон мавзеъни бўмбабўрон қиламиз, тезда чиқиб кетинглар!» деб огоҳлантиришади. Хўш, ўзи ва бола-чақасининг жонини қутқариб қолишни истаган қайси одам совуқдан сақланиш учун зарур бўладиган иссиқ кийим-кечак ё буюмларни олишга улгуради-ю, ўлими кўзига кўриниб турган бундай вақтда бу нарса қаердан унинг хаёлига келади?!

    Хандақ жангида ҳам мусулмонлар айни шунга ўхшаган муаммога дуч келгандилар, совуқ, очлик ва юпунлик, қўрқув ва хавф-хатар уларни ўраб келган эди. Ана шундай ҳолат учун энг муносиб дуо: «Эй Аллоҳим, авратларимизни яширгин ва қўрқувларимиздан омонлик бергин» дуосидир. Ярим тонна ва бир тонна оғирликдаги бўмбалар самодан уйлар ва кўчаларга, улардаги одамлар ва барча тирик жон устига ёғилиб турган пайтда пайдо бўладиган қўрқувдан ҳам оғир қўрқув бўладими?! Шунинг учун ҳам қўрқувдан омонлик тилаш, кўнгил хотаржамлигини сўраш бундай машаққатли соатларда мусулмонлар учун энг зарурий дуолардан бўлади. Аслида, қўл телефонларига мана шундай дуолар ёзилган рисолалар (СМСлар) тарқатилиши тўғрироқ бўлади, на Қуръон, на Суннатда келган муайян ададдаги қироат ва дуолар ўқиш ҳақидаги сўровларни эмас!

    Авратларни яшириш масаласи жуда муҳим масала! Чунки, кўп ҳолларда бўмбабўронда қолган кишиларнинг авратлари очилиб қолади, тўсатдан кўчаларга қочиб чиқишга мажбур бўлган аёллар ҳар доим ҳам эгниларига ҳижобларини кийишга улгуравермайдилар. Шунинг учун Аллоҳ таолодан: «авратларимизни яширгин», деб сўраш жуда муҳимдир.

    Воқеа жойидан лавҳалар узатаётган фазовий телеканаллар камерачилари, нафақат улар, балки эфирга узатиш маркази ходимлари буларнинг барчалари шаръий қонун-қоидаларга риоя қилишлари зарур! Чунки, матбуот ва телевидения агар шаръий қоидаларга риоя қилмаса, бунинг оқибати жуда катта бало бўлади.

    Бундай ҳолларда қандай шаръий қоидаларга амал қилиниши керак?

    Аввало, ҳижобсиз ҳолда қочиб бораётган ёки тиббий муолажа кўрсатилаётган пайт ҳижоблари тушиб қолган аёлларни тасвирга олиш мумкин эмас.

    Шунингдек, шифохоналар каравотларида ёки ўликхоналарда очилиб ётган ғализ ва енгил авратларни тасвирга олиш мумкин эмас.

    Мурдаларнинг сочилиб ётган бўлакларини тасвирга олиш ва уларни олиб кетиш жоиз бўлмайди. Чунки, уларни ўликка қўшиб ўралиши лозим. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу шаҳид қилинганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг жисмини ўрашга буюрдилар. Шунда биттагина матодан бошқа нарса топилмади, у билан бошини ўрасалар, оёқлари очилиб қолар, оёқларини ўралса, боши очилиб қоларди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бош томонини ўрашга буюрдилар ва оёқларини изхир билан ўраттирдилар. Демак, Исломда маййитни эҳтиром қилиш ва унинг бирон аврат аъзоси очиқ ҳолида тасвирга олмаслик лозим бўлади.

    Душманнинг ваҳшийлигини кўрсатиш мақсадида узатилаётган жуда кўп сурат ва лавҳаларда на ўликларнинг, на тирикларнинг ҳурматларига риоя қилинмоқда.

    Қолаверса, берилаётган ушбу тасвирларни кўришга айрим кишиларнинг асаблари дош беролмай, мазалари қочиб қолиши, жазавага тушиб қолишлари ёки ўзларидан кетиб қолишлари хавфини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Бу сўзимизга далил шуки, Софийя (бинт Абдулмуттолиб) розияллоҳу анҳо Уҳудда ваҳшиёна ўлдирилган шаҳидларнинг жасадлари томон бораётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўриб қолиб: «Аёлни, аёлни (қайтаринглар)», дедилар. Шунда ўғли унинг ортидан бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини етказди ва уни ортига қайтарди. Демак, Уҳудда кофирлар жасадларни тилкалаб ташлашган эди, улардан бир аёл Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жигарини чайнаб ташлаган эди, жасадларнинг қоринларини ёриб, ичак-чавоқларини чиқариб ташлашган эди, қулоқ-бурунларини кесиб, жуда ваҳшиёна муомалада бўлишган эди. Бугун Ғазза аҳли устига ёғаётган бўмбалар уларнинг жасадларини аввалгиларга қиёс қилиб бўлмас даражада тилкаламоқда.

    «Ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар» (Аҳзоб: 10, 11). Улар бу фитнадан ва юзага келган безовталик, очлик ва қамалдан қаттиқ беқарорликка тушишганди. Исломий қўшиндан уч карра кўп бўлган ўн минг кишилик душман қўшинининг маҳобатли кўриниши уларни ларзага солганди. Лекин, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ислом аҳлига сабот ато этди.

    Мусибатлар ҳақида нозил бўлган оятларни бугун бир карра ёдимизга олишимиз жуда зарур: «Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир» (Бақара: 214).

    Бугун ҳам баъзи мусулмонлар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади? Нима учун Аллоҳ яҳудларга азобини туширмаяпти? Нега улар устига Ўзининг лашкарини юбормаяпти?», деган саволлар оғушида қолган бўлсалар ажаб эмас. Аллоҳ истаса, албатта қилади. У ҳамма нарсага қодир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони на ердаги, на осмондаги ҳеч бир нарса ожиз қилолмайди. На яҳудлар, на бошқалар Унга бас келолмайди!

    Учоқлари қаерларга етиб бормасин, ракеталари ҳар қанча узоқа кетмасин, бўмбалари ҳар қанча кучли бўлмасин, ҳаммаси шу осмон остида, шундай эмасми?! Аллоҳ азза ва жалла эса арш устида, арш сув устида, сув осмон устида, осмон эса душманлар устида. Шундоқ экан, Аллоҳ азза ва жалла ҳаммадан юқорида ва ҳаммадан устун! У чексиз қудрат соҳиби, У буюк, У олий, У ғолиб ва қудратли, ҳеч ким Унинг қадарини даф қилишга, Унга қарши туришга, Унга бас келишга қодир эмас. У ҳамма нарсага қодир, Ўзи истаганини қилади, истаганидек ҳукм қилади, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло етук ҳикмат эгасидир. «Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди)» (Муҳаммад: 4). Демак, Аллоҳ таоло мусулмонларни имтиҳон қилади, шу билан бир қаторда улар орасига суқулиб кириб олган мунофиқларни ҳам имтиҳон қилади, умуман, барча турдаги кишилар Унинг имтиҳонига дучор бўладилар.

    «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар» (Аҳзоб: 12)

    Уларнинг одати шу – Аллоҳнинг ваъдасини шубҳа остига олиш ва ёлғон санаш! «Муҳаммад бизга Форсу Румнинг фатҳ қилинишини ваъда қилади, ҳолбуки, ўзимиз бугун қамалга олиниб, қазои ҳожатимиз учун чиқишга қўрқиб ўтирибмиз. Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дейишди улар. Кимнинг кимлиги ана шундай воқеалар асносида фош бўлади. Оғир ҳолатлар қалб тубида яшириниб ётган сирларни очиб ташлайди. Аллоҳ ва Расулини дўст тутувчи ва Аллоҳнинг ваъдаси эртами кеч албатта келишига ишониб, динида сабот билан турувчи иймон эгалари маълум бўлади, мўминлар бошига кўргуликлар тушишини пойлаб ўтирган мунофиқлар ҳам ошкор бўлиб қолади, ғарбга оғзининг суви келадиган, ғарбдагиларнинг кўзига термилиб турадиган, улар билан апоқ-чапоқ бўлишни истайдиган ғарбпарастлар ҳам маълум бўлади. Дилларининг нопоклигини тиллари ва қаламлари ошкор қилиб қўяди, дилларидаги яширин нафратлари ошкор бўлади. Мусулмонларни ўзлари учун диндош биродарлар деб эътироф қилмайдилар, у бечора мусулмонлар, у жаллодлар тиғига дуч келган заиф инсонлар учун дилларида на ачиниш ҳисси, на ҳурмат туйғуси уйғонади, аксинча, у бечора қурбонларнинг ўзини айбдор қилишади, тажовузкорларнинг жиноятини олқишлайдилар.

    Ундайлар мусулмонларнинг яҳудлар билан тўқнашишларини ақлсизлик деб санашади. Ундайлар мусулмонларнинг жанг майдонида олиб бораётган курашларини бемаънилик деб ҳисоблашади.

    Кошки, улар ҳисоб-китобларини ва танқидларини урушдан кейинга қолдириб туришса эди! Яҳудларнинг ақлли кишилари ана ундай қилишади. Улар уруш маҳалида ўзларини бир тану бир жон қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Уруш якунлангач, бир-бирини танқид қилишга, бир-бирини сўкиш ва ҳақоратлашга, бир-бирини маломат қилишга тушишади, кимларнидир ишдан бўшатишади, кимларидир истеъфо беришади.

    Лекин, мунофиқлар бу масалада яҳудлардан ҳам нопокроқ бўлишади, улар уруш асносида фитна ва бўлинишга сабаб бўладиган гап-сўзларни кўпайтиришади: «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар» (Аҳзоб: 12). Ҳа, ҳали уруш давом этиб турган пайт жанг майдонидаги мусулмонларни саросимага солиш мақсадида шу гапларни айтишди! «Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар» (Аҳзоб: 13). Ҳа, улар айнан: «Эй Ясриб аҳли!», дейишди, «Эй Мадина аҳли ёки Тойба аҳли» деган иборани ишлатишмади, Ясриб Мадинанинг Исломдан олдинги номи эди, улар бу билан исломий босқични истамасликларини, шариат ҳукмини хоҳламасликларини изҳор қилишди, шу туфайли унинг Исломдан олдинги номини тилга олишди! «Эй Ясриб аҳли, сизлар учун бу қадар кўп сонли ёвга қарши туриш имкони йўқдир, бас ўз уйларингизга қайтиб кетинглар!» дейишди. Бу билан сафлар орасида беқарорлик қўзғашни ва қўрқув ҳиссини ёйишни қасд қилишганди, мусулмонларнинг жанг майдонини ташлаб қочишларини исташганди. Ҳамма даврдаги мунофиқлар ана шундай арзимас узрлар билан жангдан қочиб қолишади, ҳаммасининг даъво ва баҳоналари бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш бўлади. «Сизлар учун бу қадар кўп сонли ёвга қарши туриш имкони йўқ» – чекинишга даъват – «бас ўз уйларингизга қайтиб кетинглар» – мағлубиятга чорлов – «урушни тўхтатинглар, Хандақни тарк қилинглар, Мадинага қайтинглар, мағлубиятни тан олинглар».

    Мунофиқлар бугун ҳам Ғазза аҳлига хитобан айни чақириқлар билан чиқишмоқда, нифоқ ўзини ана шундай суратда кўрсатмоқда!

    «Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди),» деб пайғамбардан изн сўрардилар» (Аҳзоб: 13). Сохта баҳоналар! Хўш, бошқаларнинг уйлари ундай эмасмиди?! Жаннат хушхабари берилган ўнта саҳобанинг уйлари қайси аҳволда эди?! «Ҳолбуки (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар» (Аҳзоб: 13). «Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан (бостириб) кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар» (Аҳзоб: 14). Ҳа, агар душман Мадинага бостириб кириб, уларнинг уйларига кириб келиб, фитнада шерик бўлишларини, куфрга қайтишларини сўраса, улар жон-диллари билан бунга рози бўлган бўлишарди! Зотан улар ғадр, хиёнат, тажовуз ва куфр аҳли эдилар. Бугунги мунофиқлар ҳам айни йўлдан боришмоқда. Ишни яна аввалги ҳолатига қайтишини, тоғут ва золимлар ҳукми остига киришни исташмоқда, шариат ҳукм суришини, унинг ҳукми остига киришни истамайдилар!

    «Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга ахду паймон берган, Аллоҳга берилган аҳду паймон эса (қиёмат кунида) сўралувчи эди. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, демак сизлар жуда оз (яъни ажалларингиз етгунча) фойдаланурсизлар, холос». (Аҳзоб: 15, 16).

    Эй Аллоҳим, Ўз динингга нусрат бергин, Китобингга ва пайғамбаринг суннатларига нусрат ато этгин! Эй Аллоҳим, Ғаззадаги мусулмон биродарларимизнинг авратларини яширгин, уларнинг қўрқувларига омонлик бергин эй оламлар парвардигори! Ўзинг уларга ёр бўлгин, уларни Ўзингдан айирмагин, уларга ёрдам бергин! Уларга нусрат бергин, душманларига нусрат бермагин! Сен ҳамма нарсага қодир ва ижобатга лойиқ Зотсан.

    Эй Аллоҳнинг бандалари! Албатта ўлим хақ ва шубҳасиз у ҳар биримизга етиб келгувсидир: «Айтинг: «Сиз¬лар қочаётган бу ўлим албатта сизларга йўлиққувчидир» (Жумъа: 8). Қиличдан ўлмаган бошқаси билан ўлади, ҳар бир жон ўлим шаробини тотувчидир. Бу ҳукмга бўлган иймон қалбларни саботли, иродани кучли, кўнгилни хотиржам қилади. Муҳими қай ҳолатда ўлим топмоқликдир. Ўлим барчага баробар экан, муҳими қай ҳолатда ўлим топмоқлик, ўлаётган лаҳзаларда кўнгилдан нималар ўтмоқлигидир!!!

    Воажаб! Яҳудларнинг бўмбабўронидан сўнг масжидга кетаётган Ғаззалик кишидан шундай таҳликали ҳолатда нега масжидга кетаётгани хақида сўралганда жавоб берибди: «Уйда қолишим мени ўлим ва бомбадан сақлаб қола оладими, улар уйларни ҳам, масжидларни ҳам бирдек бўмбалашмоқдаку?!» Дарҳақиқат, бу кишининг масжидга бормаслигига рухсат ҳам бор, аслида. Бундай ҳолатда жумъа ва жамоат намози соқит бўлади, балки бугун Ғазза аҳлига икки намозни бир қилиб, пешин ва асрни, шом ва хуфтонни жам қилиб ўқиш жоиз бўлади.

    Яҳудлар бостириб кириши кутиладиган йўлларда қўриқчилик қилаётган посбонлар ҳам хозирги кунда хавф намозини ўқишлари жоиз бўлади, бунинг энг кам жамоати 3 киши бўлиб, бири имом бўлади, бошқа бири қўриқлаб туради, яна бири имом билан 2 ракъатни ўқиб бўлгандан кейин четга ўтади-да, иккинчиси келиб, 2 ракъат ўқийди, шундай қилиб 4 ракъатни ўқиб оладилар, ҳалиги 2 ракъат ўқиб четга ўтган келиб яна 2 ракъат ўқийди, чунки булар қаср ўқимайдилар, сафарда эмаслар.

    Бундай кўринишда ўқиш ҳам хавфли бўлса, яъни: тўқнашув ва олишув кетаётган ҳолатда имо-ишора билан ўқиш мумкин, бунда душманни қувиб бораётган ва қувилаётган кишининг намозидек, ҳар ким ўз ҳолича, қибла, рукуъ, сужудларсиз, имо-ишора билан ўқийди. Дарҳақиқат, жанг чўзилмоқда, намозни эса кечиктириш мумкин эмас, вақти чиқиб кетади, ҳатто жамлаб ўқишнинг вақти ҳам ўтиб кетиб қолиши мумкин, бундай ҳолатда имо-ишора билан намоз ўқилади. Шаратимизда енгилликлар қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

    «Айтинг: «Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса сизларни ундан асрай олур, ёки У зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким уни тўса олур)?!» Улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст, бирон ёрдамчи топа олмаслар» (Аҳзоб: 17).

    Ким ҳам сизлар билан Аллоҳнинг ўртасида тўсқинлик қила оларди, ким ҳам сизларга тушган ҳукмни сизлардан тўса оларди?!

    Шунинг учун ўлганлар оилаларига энг яхши таъзия (юпанч бериш) шуки: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийроқдир, болаларингиз учун ҳам сизларнинг олдингизда бўлганидан кўра Аллоҳнинг ҳузури яхшироқ, болаларингиз сизларни олдингизда бўлса нима ҳам қила олардилар, ваҳоланки сизлар хозир хавф, очлик, совук, қамал ва бомба ёмғири остида турибсиз. Иймон аҳлининг болаларига Ғаззадагилар ҳузурида турмоқликдан Аллоҳнинг ҳузурида туришлари яхшироқдир. Дарҳақиқат, Иброҳим ва Сора алайҳимас-салом мўминларнинг балоғатга етмай дунёдан ўтган фарзандларини ўз кафолатларига оладилар ва қиёмат куни уларни ота-оналарига топширадилар. Қай бир кишининг фарзанди балоғатга етишдан олдин вафот қилган бўлса ва у чиройли сабр қилса, хурсанд бўлсинки, фарзанди то қиёматгача Иброҳим ва Сора алайҳимас-саломнинг кафолатидадир».

    Ўлганларнинг аҳлига айтиладиган энг яхши таъзия сўзлари мана шудир. Мусибат жуда улкан, нобуд бўлган ёш болаларнинг суратларига кўзингиз тушган бўлса, қаттол портлагичнинг майда бўлаклари уларнинг баданларини тешиб, кўкракларини ёриб ўтганини кўрган бўлсангиз керак, албатта.

    Яҳудларнинг мазкур аламли манзаралардан ирода қилган нарсаси мана шу, аслида. Бу манзаралардаги узилган аъзолар, ўликлар қалбларни ларзага келтириб, аламдан юракларни эзиб юбормоқда. Баъзи муслим ва муслималар бу кўрган ҳолатлари таъсиридан кечалари ухлай олмаяптилар. Биз айтамиз: Жасад эгаси аллақачон Аллоҳ ҳузурига етди. Араб мақолида айтилганидек, сўйилган қўйга терисининг шилиниши зиён етказмайди. Шунинг учун муҳими, инсоннинг Парвардигори ҳузурига ширк, бидъат, куфр, нифоқ билан эмас, балки соғлом ақида билан, тавҳид билан, суннат билан, дин билан бормоғидир. Муҳими, қалби саломат ҳолда Аллоҳга бормоқлигидир. Қиёматда нажот берадиган ягона омил ҳам мана шудир. Аллоҳим, бизларни Сенинг ҳузурингга қалби салим ҳолатда боришга Ўзинг муваффақ айлагин.

    Эй Аллоҳнинг бандалари! Хандақ (Аҳзоб) сурасидаги мана бу оятларда Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва ўз дўстларига «Биз томонга ўтинглар» дейдиган кимсаларни аниқ билур» (Аҳзоб: 18).

    Оятдаги «тўсқинлик қиладиган кимсалар» деган лафзга эътибор беринг, улар ёлғон-яшиқ сўзлар билан воқеликни бўяб кўрсатиш билан тўсқинлик қиладилар, иймон аҳлига ҳужум қилиш билан тўсқинлик қиладилар, ёрдамсиз қўядилар, қўрқитадилар, «Тинчлик яхши эмасми сизлар учун?!», дейдилар. Кимнинг тинчлиги?! Яҳудларнингми?!..

    Яҳудлар Фаластин ерининг бирон қисми бутун Фаластинни озодликка олиб чиқувчи ҳаракатнинг бошланғич нуқтаси бўлишига ҳеч қачон рози бўлмайдилар.

    Яҳудларнинг бугунги жиноятлари жуда улкан жиноят, лекин ёмон макр ўз аҳлини ўраб олади, уларга макрлари албатта қайтади, албатта. Улар ўз қилмишлари билан Ғаззадаги, Фаластиндаги ва умуман ислом оламидаги бугунги авлоддан ўзлари учун қасоскор душман яратмоқдалар. Ғазза авлоди ва умуман мусулмон авлоди интиқом ҳисси билан тарбияланмоқда, ҳатто ойнаи жаҳон орқали хабарларга гувоҳ бўлаётганлар Аллоҳ ва Расули учун интиқом захираси йиғилаётганини кузатяптилар, эшитяптилар, гувоҳ бўляптилар. Бу интиқом захираси анави тўнғиз ва маймунларнинг иниси бўлмиш ғазабга дучор бўлган миллатга қаратилгандир.

    Дарҳақиқат, яҳудлар эртанги бир кун учун ўзлари замин тайёрлаб қўймоқдалар. У кунда мусулмонларнинг ғазабидан қаттиқроқ ғазаб, мусулмонлар интиқомидан қаттиқроқ интиқом бўлмайди. Бу эса Аллоҳнинг уларга қиладиган «макри»дир. Улар билан бўладиган жанглар ҳали олдинда, бу ҳозиргиси ўша жангларнинг бир қисми ва ҳали ҳал қилувчи кескин жанг етиб келмади. Яҳудлар бу қилмишлари билан Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш фикрини тирилтирдилар, бутун оламдаги мусулмон умматининг жуда кўп қисмида шаҳидлик тушунчаси уйғонди. Яҳудлар ҳатто ер юзидаги мусулмон бўлмаган халқларнинг ҳам ғазабини қўзғадилар! Уларга қарши айбловлар тўхтовсиз янграмоқда, мақолалар эълон қилинмоқда, айрим давлатлар уларнинг элчиларини ҳайдаб чиқармоқда. Яҳудлар ҳақиқатни ҳар қанча бузиб кўрсатишга уринмасинлар, воқеа-ҳодисаларни бошқача талқин қилишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилмасинлар, бу билан улар дунё халқини ишонтиришга қодир бўлмаяптилар. Интернет тармоғида дунёдаги энг машҳур сайтларда мусулмонлар билан яҳудлар ўртасида аёвсиз жанглар бормоқда. Ишлар шу тарзда кетса, яҳудларнинг қилмишлари ўзларига ҳасрат олиб келишига шуҳа йўқ! Аллоҳ таоло тез кунларда яҳудлар қаршисига улар ҳаётга қанчалик ҳарис бўлсалар, ўлимга шунчалик ҳарис бўлган кишиларни чиқаради. Бу Ғазза ҳодисаларидан келиб чиқувчи аниқ хулоса ва натижадир.

    Яҳудлар Аллоҳ таоло таърифлагани кабидир: «Уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўз кишилар эканини кўрасиз» (Бақара: 96), «Улар (мунофиқ ва яҳудийлар) бирлашган ҳолларида сизлар би¬лан фақат қалъа-қўрғонли қишлоқлар ичида (беркиниб) ёки деворлар ортидагина жанг қила олурлар, (яъни ҳеч қачон сизларга қарши очиқ жангта чиқа олмаслар). Уларнинг ўрталаридаги адоватлари кучлидир» (Ҳашр: 14).

    Ўн минглаб яҳудийлар мусулмонларнинг ракеталари келиб тушаётган Асқалон ва бошқа босиб олинган шаҳар-қишлоқлардан қочиб кетмоқдалар.. Исроилнинг шимолида таълим муассасаларида машғулотлар тўхтатиб қўйилган.. Бу бор-йўғи тўртттагина қўлбола ракетанинг таъсири, холос.

    Бошқа шаҳарларида ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Ҳатто, пойтахтларида ерости бошпаналаридан фойдаланиш машғулотлари олиб борилмоқда..

    Аллоҳ таоло хабар берганидек, улар ўз ўрталарида кучли-қувватлидирлар. Улар ҳар қанча яширишга уринмасинлар, бу нарса бор ҳақиқатдир.

    Шу боис биз Аллоҳ таоло сифатлаганидек бўлмоғимиз лозим бўлади:

    «Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: “Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир”, дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос (Аҳзоб: 22). Бу Аллоҳ ва Расули бизларга ваъда қилган имтиҳон ва синовдирки, унинг ортидан албатта нусрат ва ғалаба келади.

    «Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб: 23).

    «Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хохласа (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш, ёки тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир» (Аҳзоб: 24). Биз қачон бўлмасин, Аллоҳнинг ваъдаси амалга ошишини кутиб қоламиз.

    Унинг қуйидаги сўзлари биз учун хушхабар бўлиб қолажак: «Аллоҳ кофирларни (яъни фирқаларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирон яхшилик фойдага эришмадилар» (Аҳзоб: 25).

    Эй Аллоҳим, яҳудларни мағлуб қилиб ортларига қайтаргин, уларни бошқалар учун ибрат қилиб қўйгин.

    Аллоҳим, уларнинг бирдамлигини парчалаб ташлагин, уларнинг режаларини барбод қилгин, дилларига қўрқув солиб қўйгин, қалбларини бир-бирига тескари қилиб қўйгин.

    Аллоҳим, уларга ўйламаган томонларидан жазоингни туширгин, оёқлари остидаги ерни ларзага келтиргин, устиларидан азобингни ёғдиргин.

    Аллоҳим, уларга азобингни қаттиқ қилгин ва уни Юсуф алайҳиссалом давридагидек узоқ йиллик қилгин.

    Аллоҳим, Сендан улар устига Ўз интиқомингни туширишингни, уларни Ўз азобингга гирифтор этишингни сураймиз.

    Эй Китобни туширган, булутларни юргизган, гуруҳларни тор-мор қилган зот, сендан сўраймиз, яҳудларни тор-мор қил, улар устидан мусулмонларга нусрат ато эт.

    Аллоҳим, уларнинг дилларига қўрқув солиб қўй.

    Аллоҳим, уларни мусулмонлар қўлида қатл ва асирликка дучор айла, ерларини, диёрларини, мол-мулк ва қурол-аслаҳаларини мусулмонларга ғанимат қилиб бергин.

    Аллоҳим, Масжидул Ақсони ва Фаластин ерини мусулмонларга қайтариб бер эй оламлар Парвардигори.

    Аллоҳим, яҳудларга ёрдам бераётган ва уларни қўллаб-қувватлаётган аҳли китобларнинг қалбларига қўрқув солиб қўйгин.

    Аллоҳим, Сендан Ўз динингни азиз қилишингни, Китобингга нусрат туширишингни, ҳақ байроғини олий қилишингни, ислом аҳлига Ўзинг ёр бўлишингни сўраймиз эй оламлар Парвардигори.

    Аллоҳим, айбларимизни яширгин, гуноҳларимизни кечиргин.

    Аллоҳим, беморларимизга шифо бергин, ўтганларимизни ўз раҳматингга олгин.

    Аллоҳим, Ғаззадаги ва бошқа жойлардаги мусулмонларнинг жароҳатларини тузатгин эй оламлар Парвардигори.

    Аллоҳим, уларнинг авратларини яширгин, қўрқувларидан омонлик бергин, уларга ўз қўллаб-қувватлашинг билан ёр бўлгин ва ўз нусратинг билан мададлагин.

    Аллоҳим, уларнинг азму-қарорларини кучайтиргин, сафларини ҳақ ва тавҳид узра бирлаштиргин, яҳудларга уларнинг қўли билан азоб бергин, уларни душманлари ва Сенинг душманларинг устига ғолиб қилгин эй оламлар Парвардигори.

    Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай!. Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир.

    16/01/2009

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962