Ота насиҳати

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Аллоҳ таолога ҳамду санолар ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

    Эй ўғилчам, мен сенга оталик насиҳатларимнинг баъзисини қоғозга туширишни лозим топдим.

    Эй ўғилчам, энг аввало сени яратган, сенга беҳисоб ноз-неъматлар берган, едириб, ичдириб, юргизиб қўйган Роббинг Аллоҳдан қўрққин, Уни доимо ёдингда тутган ҳолда ҳаёт кечиргин. Аллоҳнинг буюрган буйруқларини бажариб, қайтарган қайтариқларидан сақланиб юр. Аллоҳ нимани ҳалол деган бўлса, сен ҳам ҳалол де, нимани ҳаром қилган бўлса, сен ҳам ҳаром деб, ундан узоқ бўл. Аллоҳни доим зикр қилиб юр, чунки сен Аллоҳни фаровонлик яъни енгиллик, ҳурсандчилик ҳолларда эсласанг, Аллоҳ сени қийинчиликда эслайди. Сен учун энг меҳрибон зот Аллоҳ эканини унутма. Кунлар ўтиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласан, шунда уялтириб қўядиган ишлардан ўзингни тий. Сени Аллоҳ таоло доимо Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақласин!

    Эй ўғилчам, сени яна бир меҳрибон кишинг бор. Ул Зот пайғамбаримиз ва муъаллимимиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдир. Сенга энг аввал Аллоҳ таолони, сўнг Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмоғинг фарздир. Чунки Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси ўлароқ, бизларни залолатдан-ҳидоятга, зулматдан-ёруғликга, жаҳолатдан-маърифатга, бахтсизликдан-саодатга олиб чиқдилар. Бу йўлда молларини ҳам, жонларини ҳам аямадилар, ўзларини ўйламадилар, ўтирсалар ҳам турсалар ҳам, ётсалар ҳам юрсалар ҳам фақат биз бевафо умматнинг ғамида бўлдилар. Хатто муборак жонларини таслим қилаётганларида ҳам умматим-умматим деб ўтдилар. Шуни сен билиб қадрла!

    Аллоҳ таоло тарафидан нимани олиб келган бўлсалар шуни маҳкам тут, нимадан қайтарган бўлсалар ундан тийил, Ул зотга кўп-кўп салавотлар айтгин. Суннатларига амал қил, бидъатлардан узоқ бўл. Ҳадисларини ёдлашга тиришгин, ҳаётлари, сифатлари, хулқлари ва йўлларини ўрган ва уларга эргашгин. Ул зот яхши кўрган нарсаларни сен ҳам яхши кўр, ёмон кўрган нарсаларни сен ҳам ёмон кўр. Шафоатларига умидвор бўл. Ул зот билан жаннатда бирга бўлишни Аллоҳдан доим сўра. Ул зотнинг саҳобаларини яхши кўр, уларни доим яхшилик билан эсла. Саҳобалар хақида ёмон фикрда бўлма, улар хақида ёзилган саҳиҳ китобларни кўп ўқи. Юриш-туришингда, гап-сўзингда уларга эргаш. Аллоҳ таоло сену бизни жаннатда пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга қилсин.

    Эй ўғилчам, ота-онангни ҳам доим ёдингда тут. Мусофирчилик, ота-онадан узоқда юриш, уларга бўлган меҳрни ҳам узоқлаштирмасин. Аксинча, уларга бўлган меҳр-муҳаббатингни зиёдалаштирсин. Ота-онангнинг хақларига доим дуода бўл. Шуни билки, биз сени яхши кўрамиз, сен бизнинг қалбимиздасан. Асло ўйламагин-ки, биз сени ёмон кўрганимиздан узоқ юртга олиб бориб қўймадик, балки сени яхши кўрганимиздан, келажагинг обод бўлишини, халқига хизмат қилувчи олими фозил бўлишингни ҳамда икки дунё саодатига эришишингни хоҳлаганимиздан шундай қилдик. Сени узоқ муддат кўрмай юриш бизларга ҳам осон эмас, шунинг учун Қуръонни ёдлашга бел боғлагин, Аллоҳнинг Каломи-Қуръонни қўлингдан қўйма. Қуръонга муҳббатли бўл, уни сидқидилдан яхши кўр, тез ва соз ҳолда уни ёд олишингни Аллоҳдан кўп-кўп сўра. Шуни билгинки, қанча тез ёдласанг, уйга, бағримизга ҳам шунча тез қайтасан. Биз — бобонг, бувинг, онанг, синглинг, укаларинг ва мен ҳар доим намозларимизда сен учун дуо қилиб турамиз. Каломини қалбингга жойлашини Аллоҳдан тинмай илтижо қилиб сўраймиз. Ўз навбатида сен ҳам ялқовлик қилмасдан, ўйинга кўп берилмасдан Қуръонни ёдлашга астойдил кириш. Сени ўқиб илмли бўлишингга сабаб бўлаётганларнинг ҳақларига дуолар қилиб тур. Бизларнинг юзимизни ерга қаратма, уялтириб қўйма. Номимизни оқлайдиган солиҳ фарзанд бўл.

    Эй ўғилчам, ушбу насиҳатларимни қайта-қайта ўқиб тур, унга бепарво бўлма. Мен отамнинг насиҳатларига амал қилиб кам бўлмадим, алҳамду лиллаҳ, ўзинг буни яхши биласан. Сен ҳам менинг насиҳатларимга амал қилсанг иншааллоҳ кам бўлмайсан.

    Дуогўйинг – Отажонинг

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963