Бизга боғланинг
Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (3): Раббингизни қандай рози қиласиз?
Раббингизни қандай рози қиласиз?
Сизда куч-қувватингизни ошириб-тошириб юборадиган, яъни қўрқув ва умидни ўз ичига олган иштиёқ ҳисси бўлиши керак. Рамазондаги тоат-ибодат лаззати, унинг ҳузур-ҳаловати ўта ёқимли бўлиши ҳақида тафаккур қилишингиз лозим. Ўтган йилги Рамазон ойини эсалнг! Таровеҳ ва таҳажжуд намозида имомнинг ортида турганингизда қалбингиз жумбушга келиб, Аллоҳдан қўрқиб, кўзингизга ёш келган эди. Солиҳ инсонлар даврасида ўтирган ҳолатингизни ёдга олинг. Бунинг ҳузур-ҳаловати бетакрор эмасмиди?! Шундай ҳис-туйғуларни соғинмадингизми?! Сиз бирон нарсага эришиш учун ҳеч нарса қилмаяпсиз. Сиз Рамазон ҳузур-ҳаловатини ҳис қилиб туриш учун албатта амал қилишингиз керак.
Биласизми, Анас ибн Назр разияллоҳу анҳу Уҳуд жангида: “Мен жаннатнинг ҳиди Уҳуд тоғи тарафидан келаётганини сезяпман”, деган эди. У Рамазоннинг ҳидини сезган эди. Бу унинг Рамазонга бўлган иштиёқи сабабли эди. Яъқуб алайҳиссалом унга ўлгани айтилган ўғли Юсуф ҳақида: “Мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман” (Юсуф, 94) деган эди. Бундай туйғу ва мартабага фақат иштиёқ орқали эришасиз. Лекин унинг учун бор кучингизни сарфлашингиз керак. Бизнинг иштиёқларимиз бошқа томонга қаратилган. Агар ниятингиз рост бўлса, нафсингиз (қалбингиз) ҳозирдан ушбу муборак ойни қарши олишига тайёргарлик бошлаб юборганига гувоҳ бўласиз.
Сиз Рамазон ойини энг афзал иймоний ҳолатда, ушбу суюкли меҳмоннинг ташрифидан бағоят хурсанд ва унга муштоқ ҳолингизда қарши олишингизни истайман.
У ҳолда хавотирланишга ўрин борми? Яъни бунинг нимаси қийин? Қуйидаги оят ҳақида бир фикр юритиб кўринг. Шубҳасиз у тирик қалбларни ларзага солади. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида бундай дейди: “Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни дангаса қилиб кўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): “Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз-нотавон кишилар) билан бирга ўтираверинглар”, дейилди” (Тавба, 46).
Бу оят нега қалбларни ларзага солиши керак?
Келинг, оятдаги ҳар бир сўзга алоҳида бирма-бир тўхталиб ўтайлик.
“Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар”. Демак, бирон нарсага эришишни чиндан хоҳлаган инсон албатта унга тайёргарлик кўриши шарт. Ким тайёрланмаса, демак хоҳламайди. Ражаб ойидан амал қилишни бошламай, то Рамазон ойи келишини кутиб, Рамазон келганида “ана энди тайёргарликка ва ҳолатимни ўнглашга киришаман” деган одам бу ниятига эришишга сабаб бўладиган бирон яхши амални қила олмайди. Зеро, Аллоҳ таоло: “Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар”, демоқда.
“Аллоҳ чиқишларини истамади”. Яъни Аллоҳ таоло уларни чиқишга тайёргарлик кўришдан маҳрум этди. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг қалблари мол-дунё, қарз, ғам-ташвиш ва бундан бошқа айтиб бўлмайдиган нарсалар, шаҳватлар билан банд эканини кўргач уларнинг яхши амал қилишга чиқишларини истамади. Бундай инсон Рамазон ойи кириш арафасида турганини, унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилиши, шайтонлар занжирбанд қилинишини эшитиб туриб, бирон яхши амални қилай деса, қўлидан келмайди.
“Уларни дангаса қилиб кўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): “Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз-нотавон кишилар) билан бирга ўтираверинглар”, дейилди”. Демак, сиз аслида тўғри йўл узра устувор юришни истамас экансиз. Ҳа, сиз панд-насиҳат эшитганда икки ё уч дақиқагина ғайратланиб турасиз, лекин кейин қалбингизда бошқа мақсад ва хоҳиш борлигини сезасиз.
Ушбу оятнинг маъноси қанчалар қўрқинчли эканини кўрдингизми?!
У ҳолда яхши амалларни қилишга шошилинг, Аллоҳнинг йўлидан юриш учун қалбингизни тозаланг. Зеро, Аллоҳнинг йўлидан оёқ билан эмас, қалб билан юрилади. Муаоммо шундаки, сиз бундай панд-насиҳатли сўзларни олдин ҳам бир неча марта эшитгансиз. Лекин сиз унга яраша қандай амаллар қилдингиз? Йилнинг энг улуғ мавсуми бўлмиш Рамазон ойини қарши олиш учун қандай (нима) тайёргарлик кўрдингиз?
Шу сабабли мен сиздан китобнинг бошида хаёлингизга келган биринчи жавобни дарров айтишингизн сўраган эдим. Лекин сиз жавоб беролмадингиз! Нима учун эканини биласизми? Қуйидаги оятга қулоқ солинг. Шунда вазиятнинг қанчалик оғир эканини билиб оласиз.
Аллоҳ таоло айтади: “Улар худди аввал-бошда иймон келтирмаганлари каби дил ва кўзларини айлантириб (ҳақдан буриб) қўюрмиз ва уларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз” (Анъом, 110).
Ушбу оятни эшитганингизда сизнинг дастлабки реакциянгиз қандай бўлди?! Ҳозир сизга: “Ражаб экадиган, Шаъбон суғорадиган, Рамазон ҳосил оладиган вақт. Амални ҳозирдан бошлашингиз, солиҳлар карвонига қўшилишингиз керак”, дейилса, сизнинг реакциянгиз (жавобингиз) қандай бўлади? “Ҳозирдан секин-секин амал қилишни бошлайман” дейсизми ёки “Кейин бошлайман”, дейсизми?
“Улар худди аввал-бошда иймон келтирмаганлари каби дил ва кўзларини айлантириб (ҳақдан буриб) қўюрмиз ва уларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз” (Анъом, 110). Ушбу оятни дастлабки эшитган вақтда нимани ҳис қилдингиз? Унга иймон келтирдингизми? Унга ишондингизми? Ё сиз энг оғир жазо, яъни қалбнинг ҳақдан буриб қўйилишига мубтало бўлдингизми?! “Дил ва кўзларини айлантириб (ҳақдан буриб) қўюрмиз”. Масалан, намоз ўқиётган пайтда қалбингиз буриб қўйилади. Бир кун хушуъ ва қўрқинч билан ўқисангиз, бошқа куни ҳеч нарсани ҳис қилмай ўқийсиз. Зеро, қалб бир ҳолатда турмай, тез-тез ўзгариб турувчи аъзодир.
Бу масаланинг қанчалик қийин эканини энди билдингизми?
Иккинчи уқубатга қаранг:
Кўзи бир жойда турмай, ҳар ерга бир қараб овора бўлади, ҳаром нарсаларга қарашдан тийилмайди.
“Уларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз”. Яъни ҳаққа шубҳа билан қараб ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз. Натижада, шак-шубҳа ва ҳайратга гирифтор бўлиб, нима қилишни билмай қолади. Ҳаётда адашиб, тентираб, ҳақ йўлни тополмай юради. Лекин айтганимдек, биз ундай одам эмасмиз! Ушбу аччиқ ҳақиқатни енгиб ўтишимиз шарт. Қатъий бир қарорга келишимиз лозим. Мен ич-ичингиздан қалбингиз уйғонганини ҳис қилишингизни истайман. Чин қалбдан жавоб беринг. Аллоҳдан ёрдам сўранг ва тушкунликка тушманг!