Аёллар учун Рамазон насиҳатлари (1-5)


    Тайёрловчи: “Дорул ватан” нашриёти

    Таржимон: Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

    Муборак Рамазон ойи кириши муносабати билан ушбу қисқа калималарни ва қимматли нидоларни муслима аёлларга бағишлаймиз. Аллоҳ таолодан бу насиҳатларни мўмина опа-сингилларимизга фойдали қилишини ва уларга Аллоҳга итоат қилишларида ҳамда бу улуғ ойда Аллоҳнинг розилиги ва мағфиратига етишишларида ёрдамчи этишини сўраймиз.

    Биринчи насиҳат

    Рамазон биз шукр қилишимиз лозим бўлган неъматдир.

    Муҳтарама опа-сингиллар! Рамазон ойи Аллоҳнинг мўмин бандаларига берган энг улуғ неъматларидандир. Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, гуноҳлар мағфират қилинади, ажр-савоблар кўпайтирилади ва Аллоҳ бандаларини жаҳаннамдан озод қилади.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рамазон ойи кирса, жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади ҳамда шайтонлар занжирбанд қилинади»[1];

    «Ким (Рамазонда рўза тутиш фарз эканига) иймон келтирган ва (бу амали учун) савоб умид қилган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтмишда қилган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда Рамазон (кечалари)да намоз ўқиб бедор бўлса, унинг ўтмишда қилган гуноҳлари кечирилади»[2].

    Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: «Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, фақат рўза Мен учундир. Унинг мукофатини ҳам Ўзим бераман»[3].

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойининг ҳар кеча-кундузида Аллоҳнинг жаҳаннамдан озод қиладиган бандалари ва ҳар бир мусулмоннинг дуо қилса, ижобат қилинадиган бир дуоси бор»[4].

    Яна бу ойда қадр кечаси ҳам бор.

    Аллоҳ таоло: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир», деган[5].

    Муниса опа-сингиллар! Биз Рамазон ойининг баъзи фазилатларини келтирдик.  Бу Аллоҳнинг сизга берган неъматининг нечоғлик улуғлигини баён қилади, сизни бошқалардан афзал қилиб, Рамазон рўзаси ва қиёми учун тайёрлайди. Ўтган Рамазонда биз билан бирга рўза тутган қанча кишилар ҳозир тупроқ остида, қабрларидалар. Бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилинг, уни гуноҳлар ва маъсиятлар билан қарши олманг. Акс ҳолда, бу неъмат завол топади.

    Шоирнинг бу сўзи қандай ҳам яхши:

    Шукр эт, Аллоҳнинг иноятига,

    Токи гуноҳ сабаб топмасин завол.

    Омонлик фақат Ҳақ ибодатида,

    Ношукр бандага кўп оғир савол.

    Иккинчи насиҳат

    Рамазонни қандай қаршилаш керак?

    1. Ҳақиқий тавба қилишга шошиш билан.

    Аллоҳ таоло айтади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шояд (шунда) нажот топсангизлар»[6].

    1. Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, бузуқлик, мусиқа, жоҳилият ясан-тусани, номаҳрамлар билан аралашиш каби барча гуноҳлардан халос бўлиш билан.
    2. Рамазонни солиҳ амаллар билан ўтказишга ҳамда қимматли вақтларни беҳуда сарфламасликка қатъий ният ва олий ҳиммат билан.
    3. Зикр, дуо, истиғфор ва Қуръон тиловатини кўпайтириш билан.
    4. Беш вақт намозни ўз вақтида, хотиржамлик ва хушуъ ила адо қилиш билан.
    5. Фарзларни бажаргандан кейин нафл ибодатларни ҳам комил адо қилиш билан.

    Учинчи насиҳат

    Муслима тутган рўзаси Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун рўзанинг фарзлари, суннатлари ва одобларини ўрганиши лозим. Аёллар рўзасига тегишли бўлган айрим ҳукмларни келтириб ўтамиз.

    1. Балоғатга етган, оқила, муқим (мусофир эмас), қодир (касал эмас), ҳайз ва нифос каби ман қилувчилардан холи бўлган ҳар бир муслима аёл рўза тутиши фарз бўлади.
    2. Агар ёш қиз кундузи балоғатга етса, куннинг қолган қисмида (рўзани бузувчи нарсалардан) тийилиши керак. Чунки унга рўза фарз бўлди. Ойнинг ўтган қисмининг рўзасини қазо қилиб тутиб бериши лозим эмас. Чунки у пайтда унга рўза вожиб эмас эди.
    3. Фарз рўзада қалб билан ният қилиш шарт. Тил билан талаффуз қилинмайди. Шунингдек, қазо рўза ва каффорат рўзалари каби вожиб рўзаларда ҳам ният шарт саналади.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кечаси рўза (тутишни ният) қилмаган кишига рўза йўқ (яъни рўзаси саҳиҳ эмас)»[7].

    Туннинг қайси қисмида бўлмасин, ҳатто тонг киришидан бир лаҳза олдин бўлса ҳам ният қилсангиз, рўзангиз дуруст бўлади.

    1. Қуйидагилар рўзани бузади:

    а) Емоқ-ичмоқ;

    б) Жинсий яқинлик;

    в) Қучоқлашиш ё ўпиш сабабли эркак ёки аёлдан маний келиши;

    г) Озиқлантирувчи укол каби қувват бўладиган нарсаларни қабул қилиш;

    д) Қасддан қусиш;

    е) Ҳайз ва нифос қонининг келиши.

    – Ҳайз кўрган аёл оқликни кўрса, (яъни ҳайз тугагандан кейин чиқадиган оқиш суюқликни кўрса ва бу билан покланганини билса), кечаси рўза тутишни ният қилиб, эртасига рўза тутади. Агар аёл покланганини билолмаса, пахта ёки шунга ўхшаш нарса билан ҳайз ўрнини артиб кўради, тоза бўлса, рўза тутади, акс ҳолда, рўза тутмайди.

    – Ҳайз кўрган аёл ўз табиатида қолиши афзал. Аллоҳ унга ёзиб қўйган нарсага рози бўлсин ва ҳайзни тўсадиган ёки кечиктирадиган дориларни истеъмол қилмасин. Чунки бу ҳайз Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом қизларига тақдир қилиб қўйган нарсадир.

    – Нифос кўрган аёл қирқ кун тўлмасдан покланса, рўза тутади ва намоз учун ғусл қилади. Агар нифоси қирқ кундан ўтиб кетса, рўза ва намоз ниятида ғусл қилади. Тўхтамаётган қонни истиҳоза деб эътиборга олади. Лекин ўша кунлар одатий ҳайз вақтига тўғри келса, ҳайз ҳисобланади.

    – Истиҳоза қони рўзани бузмайди.

    – Ҳомиладор ва эмизикли аёл рўза тутишга қийналадиган касалга қиёс қилинади. Уларга рўза тутмаслик жоиз, аммо қазосини тутиб беришади.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди»[8].

    – Рўзадор эҳтиёж туғилганида таом тузини татиб кўриши мумкин. Лекин ютиб юбормаслиги керак. Оғзига олган таомни туфлаб ташлаши рўзасини бузмайди, гарчи унинг таъмини димоғида топса ҳам.

    – Шомга азон айтилиши билан намоздан олдин ифторликка шошилиш, саҳарликни эса бомдод азонигача кечиктириш мустаҳаб бўлади.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсонлар модомики ифторликка шошар эканлар, яхшилик узра бардавом бўладилар»[9].

    Тўртинчи насиҳат

    Рамазон рўза ойи, таом ойи эмас!

    Аллоҳ Рамазон рўзасини мусулмонлар сабрга одатланиши учун фарз қилган. Шояд улар нафсларини ва шаҳватларини тиювчи, Рабларига тақво қилувчи кишилар бўлсалар.

    Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди»[10].

    Салафларнинг биридан: «Рўза нима учун жорий қилинган?» деб сўралганида, «Бой ҳам очлик нималигини билиши учун. Шунда камбағални унутмайди» деб жавоб берган экан.

    Афсуски кўпчилик бу улуғ ойда исрофгарчиликка йўл қўяди. Аксар оилаларнинг Рамазон ойида истеъмол қиладиган таомлари миқдори ва тури йилнинг бошқа ойларига нисбатан кўпроқ бўлади. Фақат Аллоҳ раҳм қилганлар бундан мустасно. Шунингдек, аёл кунининг кўп қисмини ошхонада турли таомлар ва пишириқлар тайёрлаш билан ўтказади. Шундай экан, у қачон Қуръон ўқийди?! Қачон Аллоҳни зикр қилиб, У зотга дуо ва истиғфор билан юзланади?! Қачон рўза ҳукмлари ва кечаси қоим бўлиш одобларини ўрганади?! Қачон Аллоҳга итоат қилиш учун фурсат топади?!

    Муҳтарама опа-сингиллар! Бу ойни Аллоҳга на итоат ва на ибодат қилмасдан беҳуда ўтказиб юборишдан эҳтиёт бўлинг! Дарҳақиқат, Рамазонга етиб, гуноҳлари кечирилмаган кимса бахтсиз бўлибди.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласи қориндан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига белини тутиб турадиган бир неча луқма таом кифоя қилади. Жуда бўлмаса, қориннинг учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига ва яна учдан бири эса нафас олишига бўлсин»[11].

    Бешинчи насиҳат

    Рамазон Қуръон ойидир.

    Рамазон ойининг Қуръон билан ўзига хос боғлиқлиги бор. Аллоҳ таоло айтади: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган»[12].

    Рамазон ва Қуръон бир-бирига боғлиқдир. Рамазон зикр қилинганида Қуръон ҳам эсланади.

    Ибн Аббос розияллҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Хусусан, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида жуда ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойининг ҳар кечасида у зот билан кўришар ва Қуръонни биргаликда дарс қилишар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида тинимсиз эсувчи шамолдан ҳам кўпроқ сахий бўлиб кетар эдилар»[13].

    Демак, Рамазон тунларида Қуръон тиловат қилиш ва Қуръонни ўрганиш мустаҳаб саналар экан. Чунки кечаси ташвишлар тин олади, инсон ўзгача бир хотиржамлик туяди.

    «Шубҳасиз, тунда қилинадиган ибодатнинг қалбга таъсири кучлироқ ва ундаги сўзлар аниқроқ-тушунарлироқ бўлади. (Чунки бу пайтда қалб дунё ташвишларидан фориғ бўлади)»[14].

    Салафлар Рамазонни Қуръон тиловати билан ўтказар эдилар. Баъзилари Рамазоннинг ҳар ўн кечасида намозда Қуръонни хатм қилар эди. Қатода доим ҳар етти кунда, Рамазонда эса уч кунда, охирги ўн кунлигининг  ҳар кечасида Қуръонни хатм қилар эди.

    Зуҳрий Рамазон ойи кирса, «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир», деб айтарди.

    Ибн Абдулҳакам айтади: «Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм мажлисларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга шўнғир эди».

    Абдураззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон ойи кирганида барча нафл ибодатларни тарк қилиб, Қуръон тиловатига киришарди».

    Сиз ҳам Қуръон тиловатини одат қилиб олинг. Шунда қалбингиз уйғонади, нафсингиз покланади ва аъзоларингиз Аллоҳ ҳукмига бўйсунади. Иншааллоҳ қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига эришасиз.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандага шафоатчи бўлади. Рўза айтади: «Эй Раббим, мен уни таомдан ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Қуръон айтади: «Мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Иккаласи ҳам шафоатчи қилинади»[15].

    [1] Муттафақун алайҳ (Бухорий ва Муслим ривояти).
    [2] Муттафақун алайҳ.
    [3] Муттафақун алайҳ.
    [4] Аҳмад ривояти.
    [5] «Қадр» сураси, 3-оят.
    [6] «Нур» сураси, 31-оят.
    [7] Аҳмад ривояти.
    [8] Термизий ривояти.
    [9] Муттафақун алайҳ.
    [10] «Бақара» сураси, 183-оят.
    [11] Аҳмад ва Термизий ривояти. Албоний саҳиҳ деган.
    [12] «Бақара» сураси, 185-оят.
    [13] Бухорий ва Муслим ривояти.
    [14] «Муззаммил» сураси, 6-оят.
    [15] Аҳмад ва Ҳоким ривояти.

     

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963