Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг одоб ва ҳуқуқлари (2)

    1. Биродарининг сўзини тасдиқлаш, уни етарли сабабларсиз ёлғон санамаслик.

    Мусулмон киши мусулмон биродарининг аввалда ёлғон гапирганига гувоҳ бўлмаган бўлса, уни ёлғончи қилиши асло мумкин эмас. Чунки бу унинг дўстлигига путур етказиб, ўртага адоват тушишига сабаб бўлади. Юқорида ўтган ҳадис бунга далолат қилади.

    1. Биродарга хиёнат қилмаслик.

    Яъни, молини ноҳақ олиш билан бўлсин, обрўсига путур етказиш билан бўлсин, унга хиёнат қилмаслик ва унинг сирини фош қилмаслик. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол, 58). Мусулмоннинг сирини сақлаш ва уни ёйиб юбормаслик вожиб эканига далил бўлувчи ҳадислардан бири қуйидаги ҳадисдир: «Агар киши бир гапни айтиб, сўнг уёқ-буёққа қараб қўйса, бу сўзи омонатдир»[1]. Биров эшитиб қолишидан хавфсираб ён-атрофга қарашининг ўзи унинг сир эканига далилдир. Уни ёйиб юбориш эса хиёнат бўлади.

    1. Биродарни ҳурмат қилиш, уни камситмаслик ёки уни ҳар қандай кўринишда аҳмоқ қилмаслик.

    20-одобда айтилган ҳадис бунга далил бўлади. Чунки бу унинг дилини оғритади. Аксинча, унга иззат-ҳурмат изҳор қилиш, фикрига қулоқ тутиш, устидан кулмаслик, айниқса бировлар олдида ҳурматини ўрнига қўйиш лозим.

    1. Ўзингиз учун дуо қилганингизда биродарингизга ҳам ғойибона дуо қилишингиз.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир мусулмон банда биродари ҳаққига ғойибона (нима деб бўлса ҳам) дуо қилса, фаришта: «Сенга ҳам шундай бўлсин» деб туради»[2]. Яна бундай деганлар: «Дўстнинг дўсти учун қилган ғойибона дуоси қайтарилмайди»[3]. Бу ҳақиқий дўстлик ва биродарлик аломатларидан. Чунки бунда риёкорлик ёки сохтакорликка ўрин йўқдир.

    1. Шаръий сабабсиз биродари билан аразлашмаслик.

    Аразлашиш ҳалол эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон киши учун ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси биринчи бўлиб салом берганидир»[4]. Аразлашиб гаплашмаслик қанча чўзилса, ҳаромлик шунча зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким биродарини бир йил гаплашмай тарк қилса, худди унинг қонини тўккан каби бўлади»[5]. Аммо гаплашмаслиги ундан содир бўлаётган бирон маъсият ё у қилаётган бирон бидъат сабабли бўлса ва биродарининг унга гапирмай қўйиши таъсир қилиб, ўша ножўя ишидан қайтиши умид қилинса, шундай қилиниши яхши бўлади, аксинча, фасод ва гуноҳини зиёда қиладиган бўлса, унинг фойдасидан зарари каттароқ бўлади. Шунингдек, иймонидан воз кечганида ҳам уни гаплашмай ташлаб қўйиш лозим, бироқ аввал унга яхшилаб насиҳат қилиш, қўлидан тутиб яхшилик ва тўғрилик сари қайтаришга уриниш керак.

    1. Яхши ишларда ҳамкор бўлиш.

    Яъни, яхшилик ва тақво устида унга ёрдамлашиш, Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишида унга кўмакчи бўлишингиз лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида, 2). Агар у бирон маъсиятга тушиб қолса, ундан юз ўгириб кетмасдан тавба қилиш ва тўғриликка қайтишига йўллашингиз, бу йўлда у билан ёнма-ён туришингиз лозим. Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Бир биродарингизнинг йўлдан тойилганини кўрсангиз, уни тўхтатиб ва тўғрилаб қўйинг, унинг тавбасини қабул қилишини Аллоҳдан сўранг ва унинг зиёнига шайтонга ёрдамчи бўлманг». Гуноҳ иш қилиб қўйиши билан уни ташлаб қўйиш ва қўлидан тутмаслик унинг бутунлай бузулиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

    1. Унга фойда етказишга ҳаракат қилиш.

    Бу унинг диний ва дунёвий ишларида имкон доирасида ҳар қандай йўл билан унга манфаат етказиш билан бўлади. Бу сизнинг устингиздаги унинг ҳақларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бирингиз биродарига фойда етказишга қодир бўлса, етказсин»[6]. Бу диний ва дунёвий манфаат турларининг барчасини ўз ичига олади. Бироқ унга манфаат етказиш ҳаром ишда ёрдам бериш бобидан бўлса, бундай қилиш асло дуруст бўлмайди.

    1. Дўстликнинг давомийлигини сақлаш, уни муҳофаза қилиш, имкони борича гуноҳларсиз давом этишига ҳаракат қилиш.

    Зеро, гуноҳлар касофати билан мўмин биродарлар ўртасини ажратиб юборади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Икки киши Аллоҳ йўлида дўстлашиб, сўнг ажрашиб кетган бўлса, бу улардан бирининг қилган гуноҳи сабаблидир»[7]. Гуноҳлар касофати туфайли не-не дўстлар ораси бузилиб кетмаган дейсиз! Чунки руҳлар ҳозирланган аскарлардир. Дўстлардан бири тақвосиз ва гуноҳга муккасидан кетган бўлса, вақт ўтиши билан дўсти уни ёқтирмай қолиши аниқ.

    1. Унинг ҳис-туйғуларини риоя қилиш.

    Яъни, сўз биланми, феъл биланми, ишора биланми, ҳатто қасдсиз равишда ҳам унга озор етказмаслик, бунга доим ҳушёр қараш ва бепарво бўлмаслик. Баъзан киши биродарининг олдида ёмонликни қасд қилмасдан бир гапни гапириб қўяди, бироқ биродари уни нотўғри тушуниб қолиб, ўртага совуқчилик тушади. Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларимга айтинг-ки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир» (Исро, 53).

    1. Унинг зиммангиздаги ҳақ-ҳуқуқларини адо этишда ўртадаги дўстликка суяниб, қосирлик қилмаслигингиз.

    Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Биродарчиликка суяниб, биродаринг ҳақ-ҳуқуқида қосирлик қилма»[8]. Аксинча, ўртадаги дўстликни сақлаб қолиш ва кучайтириш истагида унинг ҳақ-ҳуқуқларига кўпроқ эътибор қаратиш, бу хусусда асло бепарво бўлмаслик керак.

    1. Ўзига ҳохлаган нарсани биродарига илиниш.

    Аллоҳ йўлидаги биродарингизга, хусусан муҳтож бўлса, гарчи ўзингизга керак бўлган нарса бўлса ҳам унга ийсор-ихтиёр қилишингиз, яъни шу нарсани унга илинишингиз. Аллоҳ таоло айтади: «Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қиладилар» (Ҳашр, 9). Агар уни ийсор қилиш қўлингиздан келмаса, ҳеч бўлмаса ўзингиз учун яхши кўрган яхшиликни у билан баҳам кўринг.

    1. Биродарини йўқлаб туриш.

    Биродарингиз масжидда ё ишхонада кўринмай қолса, у ҳақда сўраб-суриштиринг, аҳволидан бохабар бўлинг ва уни йўқлаб боринг. Чунки у сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлиши мумкин.

    1. Унинг дўстларини дўст тутиш.

    Хусусан, яхшилик ва тақво аҳлидан бўлсалар. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: «Дўстнинг дўстини дўст тутиш чин дўстнинг белгиларидандир», деган[9]. Чунки бу унга бўлган ихлоснинг комиллигидан ва дўстликка вафо қилиш жумласидандир.

    1. Унинг арзимас ишлардаги хато ва камчиликларидан кўз юмиш, сизнинг ҳаққингизда қилган хатосини кечириш.

    Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтган: «Ким дўстига ҳақиқий дўст бўлса, уни бор камчиликлари билан қабул қилади, нуқсонини тўғрилайди ва хатосини кечиради»[10].

    1. Дўст билан барча ишларда очиқ-ошкора бўлиш, такаллуфга йўл қўймаслик.

    Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «У билан муросаи мадора қилишга мажбур бўлган кишинг ҳақиқий дўстинг бўлолмайди»[11]. Муроса қилиш учун кўнгилда бўлмаган сўзларни гапириш чин дўстлик белгиларидан эмас.

    1. Биродари йўқлигида унинг аҳлидан бохабар бўлиш.

    Биродар уйидан узоқда ё сафарда бўлса, унинг аҳли-оиласига қараб туриш, имкон қадар уларга нафақа бериб, ҳолларидан хабар олиб туриш ва унинг йўқлигини билдирмаслик. Салаф солиҳларимизнинг дўстларга нисбатан одатлари шундай эди.

    1. Вафот этса жанозаси ва дафнида ҳозир бўлиш.

    Бу ҳам сизнинг зиммангизда бўлган унинг ҳақларидандир. Бунга далил бўлувчи ҳадис 5-одобда ўтди.

    1. Ҳаётлик даврида ҳам, вафотидан кейин ҳам унинг гуноҳларига мағфират сўраш, ёдга олганда ҳаққига дуо қилиш.

    Зеро, бу чин муҳаббат белгиларидан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирининг дафнидан фориғ бўлгач: «Биродарингиз учун истиғфор айтинг, унга Аллоҳдан собитқадамлик сўранг. Чунки у ҳозир сўроқ-саволга тутилади», деганлар[12].

    1. Вафотидан сўнг бола-чақасининг ҳолидан хабар олиб туриш, эҳтиёжларини ўтаб бериш, муҳтож бўлсалар моддий ёрдам кўрсатиш.

    Бу дўстга унинг вафотидан сўнг вафо қилиш жумласидан ҳамда сизнинг зиммангиздаги унинг ва бола-чақасининг ҳақларидандир. Салафлардан кўпларининг одати шундай эди.

    1. Вафотидан сўнг уни фақат яхшилик билан эслаш.

    Ҳузурингизда зикр қилинса, унга Аллоҳнинг раҳматини сўраш, шунингдек, вафотидан сўнг ҳеч кимга уни ёмонлашига йўл қўймаслик ҳам дўстликка вафо қилиш жумласидан саналади.

    1. Вафотидан сўнг унинг оиласи ва ёр-дўстлари билан борди-келди қилиб туриш.

    Бу ҳам дўстликка тўла вафо қилиш жумласидан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотидан кейин унинг ёр-дўстлари билан алоқа қилиб турардилар. «Кўпинча қўй сўйсалар, унинг бир бўлагини Хадича розияллоҳу анҳонинг дугоналарига юборардилар»[13].

    [1] Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти.
    [2] Муслим ривояти.
    [3] Баззор ривояти.
    [4] Бухорий ва Муслим ривояти.
    [5] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.
    [6] Муслим ривояти.
    [7] Аҳмад ва Бухорий («Адабул муфрад»да) ривоят қилган.
    [8] «Ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб».
    [9] Аввалги манба.
    [10] Аввалги манба.
    [11] Аввалги манба.
    [12] Абу Довуд ва Ҳоким ривояти.
    [13] Бухорий ва Муслим ривояти.

    Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг одоб ва ҳуқуқлари (1)

    Ислом Нури
    Ислом Нури
    Articles: 11