Пайғамбаримизнинг уйида бир кун (9)

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшниларга муносабати

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшниларга муносабати қандай яхши эди-я! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбида қўшни учун алоҳида ўрин бор эди. Ҳатто, У зот: «Жибрил менга қўшни ҳақида васиятни шунчалар кўп қилди-ки, мен қўшни меросхўр бўлиб қолармикин, – деб ўйладим» — дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга: «Эй Абу Зар агар гўшт қайнатсанг, сувини кўпроқ қуй ва ундан қўшниларингга ҳам бер!» — деб васият қилган эдилар (Имом Муслим ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшниларга озор беришнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантирдилар: «Қўшниси унинг ёмонликларидан хотиржам бўлмаган одам жаннатга кирмайди» (Имом Муслим ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса қўшнисига яхшилик қилсин!» — деб айтганларидек яшаган қўшниларга хушхабарлар бўлсин!

    Чиройли муомала

    Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор киши ҳақида бирор нарса етиб қолса: «Фалончи нега ундай дейди?» —деб айтмас, балки: «Одамларга нима бўлди, нега ундай-бундай деяптилар?» — дер эдилар» (Имом Термизий ривояти).

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига юзида сариқ рангнинг изи бўлган бир одам кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзида ёқтирмаган нарсаси бўлган одамнинг юзига қарамас эдилар. У одам чиққандан сўнг: «Унга айтсангизлар юзидаги нарсани ювиб ташласа» — дедилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

    Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларга жаҳаннамга ҳаром бўладиган ёки жаҳаннам унга ҳаром бўладиган кишидан ҳақида айтайми? Жаҳаннам — мулойим, ҳалим ва бошқаларга ўзини яқин тутган кишига ҳаромдир» Имом Термизий ривояти

    Ҳақларни адо этиш

    Инсон зиммасидаги ҳақлар кўпдир. Аллоҳнинг ҳаққи, оила ҳаққи ва нафс ҳаққи. Бундан ташқари бандаларнинг ҳақлари ҳам бор. Сиз нима дейсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтларни қандай тақсимлаб, кунларидан қандай фойдаланган эканлар-а?!

    Анас розияллоҳу анҳу деди: «Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, Пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?» — дедилар. Уларнинг бири: «Мен кечалари доимо намоз ўқийман», иккинчиси: «Мен кундузлари доимо рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», учинчиси эса: «Мен хотинлардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман» — деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдларига келдилар ва: «шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! — дедилар. Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва унга тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва хотинларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан воз кечса, у мендан эмас» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шижоати ва сабр-бардоши

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг динига ёрдам бериш, Аллоҳнинг сўзини олий қилиш ва Аллоҳ берган неъматларни ўз ерига қўйиш борасида катта улушлари бор. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан на хизматкорларини ва на хотин-қизларини урдилар. Фақатгина Аллоҳ йўлидаги жиҳодда қўллари билан (душманларни) урдилар» (Имом Муслим ривояти).

    Қурайш сардорлари ва кофирлари олдида Ислом динига даъват этиб ёлғиз туришлари ҳамда Аллоҳнинг нусрати келгунига қадар бу динда сабот билан туришлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шижоатининг намуналаридан баъзисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ёлғиз ўзимман, ҳамма менга қарши!» — деб айтмадилар. Балки, Аллоҳ таолога суяниб, даъватни ошкор қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг шижоатлиси ва матонатлиси эдилар. Одамлар қочар, У зот эса жойида матонат кўрсатиб турар эдилар!

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорида ибодат қилар, лекин, на Қурайш ва на бошқа кофирлар унга озор бермас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавҳид ва Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш керак эканига очиқ даъват қилганларидагина, кофирлар бир ёқадан бош чиқариб, қаршилик кўрсата бошладилар ва ҳайратланиб: «(Кўп) Илоҳларни ягона илоҳ қилдими?» — дедилар (Сод сураси : 5). Ҳолбуки, улар бутларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб олган эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «(Улар): «Биз у (олиҳа)ларга бизларни Аллоҳга яқин қиладилар, деб ибодат қилмоқдамиз» — дейдилар» (Зумар : 3). Йўқса, улар Аллоҳ таолонинг рубубият (ғамхўр тарбияткунандалиги) даги ёлғизлигига иқрор эдилар: «Айтинг: «Самовоту Ердан сизларни ким ризқлантиради?». (Сиз) «Аллоҳ» —деб айтинг. Ҳеч шубҳа йўқки, биз ва сизлар ё ҳидоят узрамиз, ёки очиқ залолатда» (Саъба: 24)

    Мусулмон дўстим, мусулмонлар яшаётган ўлкаларда ўликлардан эҳтиёжларини сўраш, уларни воситачи қилиш, уларга назр аташ, улардан қўрқиш ва умид қилиш каби ширк амалларининг ёйилгани ҳақида тафаккур қилиб кўринг! Бу ширк амаллари сабабли Аллоҳ билан боғланган арқонлар узилди ва ўликлар абадий Тирик бўлган зотнинг ўрнига қўйилди: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир» (Моида :72)

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларидан, шимол тарафда жойлашган Уҳуд тоғига қарайлик. Бу тоғ олдида бўлиб ўтган жанг асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаҳрамонлиги, матонати ва у зотга етган жароҳатга бордошлари очиқ кўринган эди. Ана шу жангда муборак юзларидан қон оққан, курак тишлари синдирилган ва бошлари ёрилган эди. Аллоҳ Пайғамбаримизга салавоту-саломлар йўлласин.

    Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жароҳатлари ҳақида шундай дейди: «Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жароҳатини ким ювгани, унга ким сув қуйиб тургани ва нимани дори қилинганини жуда яхши биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизи Фотима розияллоҳу анҳо жароҳатни ювар, Алий розияллоҳу анҳу эса унга қалқонда сув қуйиб турар эди. Фотима розияллоҳу анҳо сув қон келишини кучайтирганини кўрганидан сўнг, бўйранинг бир парчасини олиб куйдирди-да, уни жароҳатга босди, қон тўхтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тишлари синди, юзлари жароҳатланди ва дубулғалари бошларида турганда синди» (Имом Бухорий ривояти).

    Аббос ибн Абдулмутталлиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳунайн жанггидаги ҳолатларини таърифламоқда: «Мусулмонлар чекина бошлаганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ерларидан жилмай турдилар. Хачири кофирлар томон чопмоқчи бўлар, мен эса тезлаб кетмасин дея унинг жиловидан тутиб турар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у онда: «Мен пайғамбарман ёлғончи эмасман. Мен Абдулмутталибнинг ўғлиман» — дер эдилар» (Имом Муслим ривояти).

    Довюрак чавандоз машҳур ҳодисалар соҳиби Алий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шу сўзларни айтди: «Икки тараф бир-бири билан тўқнашган ва жанг авжига чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳимояланар эдик. Чунки, У зотдан кўра душманга яқинроқ бошқа кимса қолмас эди» (Имом Муслим ривояти: 3 1401. Бағавий, «Шарҳус-сунна»).

    Даъват ишидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабру-бардоши зарбулмасал ва чиройли намунадир. Чунки, Аллоҳ таоло У зот сабабли дин асосларини тиклади. У зотнинг чавандозлари араб ярим ороли, Шом ва Мавороуннаҳрларда жавлон урди. Натижада, шаҳар ва қишлоқдаги ҳар бир уйга Ислом дини етиб борди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ йўлида шундай қўрқитилдим-ки, бошқа ҳеч ким бунчалар қўрқитилмади! Аллоҳ йўлида шундай озорландимки, бошқа биров бундай озорланмаган! Бир бор менга ўттиз кеча ва кундуз ўтди, мен ва Билол учун жонзот ейиши мумкин бўлган таомдан Билолнинг қўлтиғига жойлашадиган миқдорда озуқамиз бўлар эди» (Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).

    Ул зотга келган бойликлар, ўлжалар ва Аллоҳ таоло ато этган фатҳлар бўлишига қарамай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам на бир динор ва на бир дирҳам мерос қилиб қолдирмадилар. Балки, ушбу илмни қолдирдилар, у пайғамбарлик меросидир. Ким бу меросни олмоқчи бўлса, марҳамат қилиб олсин!

    Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам на динор, на дирҳам, на қўй ва на туя мерос қилиб қолдирмадилар ва бирон нарсани васият қилмадилар» — дедилар (Имом Муслим ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоси

    Дуо буюк ибодатлардан бири бўлиб, уни Аллоҳдан бошқаси учун қилиш жоиз эмасдир. Дуо — Аллоҳ таолога муҳтожлик, куч ва қувватга эга эмасликни кўрсатишдир. У — қуллик белгиси, башарий ҳокисорликни сезишдир. Дуода Аллоҳ таолога санолар айтиш, эҳсон ва саховатни боғлаш бордир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Дуо — ибодатнинг ўзгинасидир» деган эдилар. (Имом Термизий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолога кўп дуо қилар, ялинар ва муҳтожлигини кўрсатар ҳамда дуо учун пурмаъно сўзларни истеъмол қилар эдилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларидан намуналар:

    «Аллоҳим, мен учун барча ишларимнинг сақловчиси бўлган динимни, унда тириклигим бўлган дунёимни, оқибатим бўладиган охиратимни ислоҳ эт! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларда зиёда қил! Ҳаётдан кўз юмишни эса барча ёмонликлардан кўра мен учун роҳат қил!» (Имом Муслим ривояти).

    «Аллоҳим! Эй ғайб ва ошкора нарсаларни билувчи, Самовату-Ерни яратган ва барча нарсаниннг Рабби ва хожаси, мен Сендан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман ҳамда нафсимнинг ёмонлигидан, шайтоннинг ёмонлиги ва унинг шерикчилигидан, ўзимга ёки мусулмонларга ёмонлик қилишимдан Сен билан паноҳ тилайман» (Имом Абу Довуд ривояти).

    «Аллоҳим, мени ҳалолинг ила ҳаромингдан кифоялантир ва ўз марҳаматинг-ла, ўзингдан бошқалардан беҳожат қил!» (Имом Термизий ривояти).

    «Аллоҳим, мени кечир, менга раҳм қил ва мени улуғ дўстларга қовуштир» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қийинчилик даврларида ҳам, фаровончилик даврда ҳам Аллоҳ таолога кўп дуо қилар эдилар. Бадр кунида мусулмонларнинг ғалабаси ва мушрикларнинг мағлубиятини сўраб дуо қилганларида, елкаларидаги ридолари ерга тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи, оиласи, саҳобалари ва барча мусулмонлар учун дуо қилар эдилар.

    Зиёратнинг ниҳояси

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, чиройли сийрати, жиҳоди ва мусибатлари ҳақидаги ривоятларни эшитдик. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан адо этишимиз керак бўлган ҳақлар бордир. Биз бу ҳақларни бажариш билан барча эзгуликларни мукаммал қилайлик ва тўғри йўлдан юрайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати зиммасидаги ҳақларидан баъзилари қуйидагилардир:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўз ва амалда садоқатли иймон келтириш, Уни олиб келган барча нарсаларида тасдиқлаш, Унга итоат этишнинг фарзлиги ва итоатсизлик қилишдан эҳтиёт бўлиш, масалаларнинг ҳукмида У зотга мурожаат этиш ва У зотнинг ҳукмига рози бўлиш, У зотни ғулув ва камситишсиз ўз мартабасига қўйиш, У зотга эргашиш ва У зотдан барча ишларда ўрнак олиш, У зотни оила, фарзанд ва барча одамлардан кўра кўпроқ севиш, улуғлаш ва ҳурматлаш, У зот олиб келган динга ёрдам бериш, У зотнинг суннатини ҳимоя қилиш ва мусулмонлар ўртасида жонлантириш, У зотнинг саҳобаларини севиш, улар учун Аллоҳдан розилик сўраш ҳамда уларнинг таржимаи ҳолларини ўрганиш. Аллоҳ Пайғамбаримизга беадад салавоту – саломлар йўлласин!

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш аломатларидан бири — У зотга саловот айтишдир. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтадилар. Эй Мўминлар, (сизлар ҳам ) Унга салавоту-салом айтинглар!» (Аҳзоб : 36).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кунларингизнинг энг афзали — жума кунидир. У кунда Одам (алайҳиссалом) яратилди. У кунда (сурга) дам урилади ва (унинг оқибатида барча жонли махлуқот) бехуш бўлади. Бас, у (жума) кун(и) менга кўп салавотлар айтинглар! Чунки, сизларнинг салавотларингиз менга кўрсатилади» — дедилар. Саҳобалардан бири: «Ё Расулуллоҳ, чириб кетган бўлсангиз сизга бизнинг салавотларимиз қандай кўрсатилади?» — деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг жасадларини ейишни Ерга ҳаром қилди» — деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд, Ибн Можа ривояти, Албоний бу ҳадисни «саҳиҳ», деди)

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Уммати ўз пайғамбарининг ҳаққига бахиллик қилмаслиги керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бахил — унинг ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган одамдир» — дедилар (Имом Термизий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир қавм бир ерда ўтириб Аллоҳни тилга олмас ва пайғамбарига салавот айтмас эканлар, уларга ҳасрат ва надомат (ёки ўч олиш ҳақли) бўлур: Агар (Аллоҳ) хоҳласа уларни азоблайди, хоҳласа кечиради» (Имом Термизий ривояти).

    Видолашув

    Иймонлар обод бўлган ва тоат-ибодатга асосланган ушбу хонадондан чиқар эканмиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари биз ва (дунё машаққатлари ва жаҳаннам азобидан) қутилишни хоҳлаган инсонлар учун белги, ҳидоятни излаганлар учун йўл бўлиб қолмоқда. Энди, салаф уламолари ва уларнинг бу буюк суннатга эргашиш борасидаги ҳарисликлари ҳақида бир тўхталиб ўтамиз. Шояд Аллоҳ таоло бизни чиройли намуна ва ўрнак олишга муяссар қилса.

    Аҳли суннат имоми Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ деди: «Қайси ҳадисни ёзган бўлсам, унга амал қилдим. Ҳатто, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (ҳижома қилдирганидан) қон олдирганидан сўнг Абу Тойбага бир динор берганини ўқидим, мен ҳам қон олдирганимда қон олувчи (ҳажжом) га бир динор бердим» («Сияру аъламуннубала» : 11 213).

    Абдурроҳман ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ: «Суфён раҳимаҳуллоҳнинг: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон бир ҳадис етиб келган бўлса, унга бир марта бўлсада амал қилдим» — деб айтганини эшитганман» — деди.

    Муслим ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ деди: «Мен оёқ кийимим билан намоз ўқийман. Аслида уларни ечиш мен учун қийин эмас. Бироқ, мен суннатга риоя қилмоқчи бўламан» (танбеҳ: буни жойнамоз тўшалмаган ўринларда қилинади. Ислом Нури) («Сияру аъламун нубала»: 7 232. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, «аз-Зуҳд» : 355).

    Рисоламизнинг хотимасида муҳтарам китобхон учун катта масъулиятни ўз ичига олган ушбу ҳадисни тақдим этмоқчимиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматнинг ҳаммаси Жаннатга кирадилар, магарам юз ўгирганлари кирмайдилар». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, кимлар юз ўгиради?» — дедилар. «Кимки менга итоат қилса жаннатга киради. Кимки менга осий бўлса, ана шу юз ўгиргандир» — деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

    Аллоҳим, бизга пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш, тўғри йўлда унинг кўрсатмаларига адашмай ва адаштирмай юришни насиб эт! Аллоҳим, кеча-кундузлар алмашар экан, солиҳ, зокирлар зикр этарканлар Сен унга салавотлар йўлла! Аллоҳим буюк Фирдавс жаннатида бизга пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишни насиб эт! Уни кўриш, Унинг ҳавзидан сув ичиш ва ундан кейин ҳеч қачон чанқамасликни насиб эт!

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту – саломлар йўлласин!.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963